Жамият | 16:54
923
9 дақиқада ўқилади

6000 фунт ойлик, қалбаки таклифнома ва ғойиб бўлган «менежер». Сохта иш эълонлари ортидаги фирибгарлик схемаси

Нисбатан эркин иш жадвали, баланд маош, қатъий талабларнинг йўқлиги ва камига Англия, АҚШ ёки Германиядаги нуфузли компанияда ишлаш. Бу каби иш эълонлари аксарият ўзбекистонликларнинг эътиборини тортиши табиий. Аммо, ҳаммаси кўринганидек бўлмаслиги, ҳушёр бўлмасангиз, яхшигина маблағ йўқотилиши ҳам мумкин.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Йиллар давомида ўзбек мигрантлари энг кўп йўл олувчи давлатлар тўртлиги қуйидагича шаклланиб келган: Россия, Қозоғистон, Туркия ва Жанубий Корея. Аммо охирги йилларда вазият бирмунча ўзгарди. Ўзбекистонликлар учун Буюк Британия, Германия, Полша, Венгрия, Латвия, Литва, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Саудия Арабистони ва Япония каби янги йўналишлар пайдо бўлди. Ўз навбатида, ушбу мамлакатларда ишлаш истагида бўлганлар сони ҳам ошиб боряпти. Бундан эса қўштирноқ ичидаги «уддабуронлар» фойдаланиб қолишга уриняпти.

Kun.uz сохта иш эълонларига алданиб қолган ватандошлар билан боғлиқ ҳолатларни ўрганди.

«Самарқанд вилоятидаги мактаблардан бирида ўқитувчилик қилардим. Бир ҳамкасбим билан Европага ишга кетишга қарор қилдик. Дарсдан чиқиб мономарказда пайвандчиликни ўргандим, бу орада катта юк фураларини бошқариш имконини берадиган ҳайдовчилик гувоҳномасини ҳам олдим. Дастлаб хусусий бандлик ташкилотлари ва консалтинг фирмаларга бориб кўрдим. Тўловни жуда қиммат айтишгани сабабли уларнинг хизматидан фойдаланмасликка қарор қилдим ва рус тилини яхши билганим учун ўзим четдан иш қидира бошладим. Ҳар куни Layboard.com сайтига кириб, иш эълонларини кўриб чиқардим. Шундай кунларнинг бирида ўзини Максим Артёмов деб таништирган одам мен билан боғланди. У Буюк Британия фуқароси эканлигини таъкидлаб, ишга жойлаштириш ва ҳужжатларни қайта ишлаш бўйича 5 йиллик тажрибага эга менежер эканлигини айтди ва менга иш таклиф қилди. Паспорт маълумотларини ҳам юборди. Таваккал қилиб, унга ишондим. Менга таклиф қилинган иш Сандерланд шаҳридаги Nissan заводида эди. Ойлик маош 6 минг фунтни ташкил этиши, вазифам сontroller яъни назоратчилик экани айтилди», дейди мурожаатчи.

Биринчи босқичда фирибгар ҳамма ишлар яхши кетаётгани, барча харажатлар иш берувчи томонидан тўлиқ қопланишини айтади. Ҳаттоки авиачипталар ҳам Nissan компанияси томонидан олиб берилишига ваъда беради. Кейин бирдан иш таклифномаси учун пул керак бўлишини, шошилинч тўлов қилинмаса бўш вакансия ўрни бошқага берилиши маълум қилинади.

«Шундан сўнг Максимдан тўлов қандай шаклда амалга оширилишини сўрадик. У банк орқали деб айтди. Бироздан сўнг, сизлар овора бўлиб ўтирманглар, сўм кўринишда 2,5 млн сўмдан пластик картага ҳам ўтказиб берсаларинг бўлади, деди. Менга Аделина М номидаги Ўзбекистонда очилган Humo карта ташлади. Пулни ўтказдим-у, шубҳалана бошладим. Эртаси куни Максим иш таклифномасини юборди», дейди мурожаатчи.

Орадан 2 кун ўтар-ўтмас фирибгар яна алоқага чиқади ва суғурта учун шошилинч 200 доллардан пул кераклигини, шундан сўнг визани расмийлаштириш бошланишини айтади.

«Пул ўтказмадик. Шундан кейин, Максим Артемов ҳам ғойиб бўлди. Кейин яхшилаб ўрганиб кўрдим, Англия билан боғлиқ эълонларнинг ўнтадан тўққизтаси фирибгарлар томонидан жойлаштирилар экан. Бошқаларга ҳам эътиборли бўлишни, бунақа сохта ваканцияларга ишонмасликни айтган бўлардим», дея хулоса қилади мурожаатчи.

Kun.uz билан боғланган таржимон йигит шу каби сохта эълон орқали 500 доллар, яна бир ҳолатда эса талаба йигит 450 доллардан айрилганини айтади.

Алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Ўзбекистонда иш ўрни етишмовчилиги билан боғлиқ муаммолар бор, меҳнат муҳожирлари учун асосий йўналиш бўлган Россияда эса вазият кундан кунга ёмонлашиб боряпти. Шундай шароитда Европа мамлакатларидан иш топиш молиявий ҳолатни яхшилаш учун катта имконият, аммо бу йўлда ҳам эҳтиёт бўлиш лозим бўлган кўплаб жиҳатлар бор. Фирибгарлар ҳам кундан кунга ўз стратегияларини такомиллаштириб боряпти. Ҳозирда улар жуда ишонарли сайтлар яратяпти, сунъий интеллект ёрдамида сохта видео суҳбатлар тайёрлаяпти ва ҳужжатларни профессионал даражада сохталаштиряпти. Келинг, қаллоблар энг кўп ишлатадиган 5 та жиҳатга тўхталиб ўтамиз:

Олдиндан пул сўраш. Қонуний иш берувчилар ёки агентликлар ишга жойлаштириш, виза ёки ҳужжатлар учун олдиндан пул сўрамайди.

Ҳаддан ташқари юқори маош ваъдаси. Энди ишга борувчи ходим учун ҳеч ким мамлакатдаги ўртача маошдан юқори ойлик таклиф қилмайди. Агар шундай таклиф бўлса, бу энг камида шубҳали ва фирибгарнинг тузоғи бўлиши мумкин.

Суҳбатсиз ёки юзаки танлов. Европа компаниялари номзодларни жиддий текширади. Суҳбатларсиз тезда иш таклиф қилинса, эҳтиёт бўлиш лозим.

Бирданига шахсий маълумотларни сўраш. Номзоддан компания ходимлари дарҳол паспорт нусхаси, банк маълумотлари ёки бошқа махфий ахборотларни талаб қилмайди.

Босим ва шошилтириш. «Тезроқ қарор қилинг», «фақат 2 та жой қолди», «бошқа номзодлар ҳам кўп» каби гаплар ҳам пул ўмариш учун фирибгарлар томонидан жуда ҳам кўп ишлатилади.

Бундан ташқари, сохта ваканциялардаги матнда хатолар ва ғалати жумлалар учрайди, талаб қилинадиган вазифалар ноаниқ тарзда, умумий ёзилади, «ҳамма учун мос» деган талаблар бўлади ва ёш чегараси ҳам кўрсатилмайди, корпоратив email ўрнига мессенжерлардан фойдаланилади. Ёки фирибгарлар ҳақиқий email’га жуда ўхшаш манзиллардан фойдаланади:

@siemens.com ўрнига @siemens-europe.com ёки @seimens.com.

«1500-2000 минг фунт стерлингача ўтказиб берганлар бор»

Миграция агентлиги бошқарма бошлиғи Бобур Валиев ҳам сохта иш эълонларига алданиб қолган ўзбекистонликлар кўп эканлигини тасдиқлаган ҳолда, иш қидираётганда эътибор бериш лозим бўлган қатор жиҳатларга тўхталиб ўтди.

«Бугунги кунда 1,8 млн Ўзбекистон фуқароси хорижда меҳнат фаолиятини олиб боряпти. Бу кўрсаткич олдин 3,8 млнни ташкил этган. Охирги йилларда четда ишлаётган фуқароларимизнинг сони қисқарди, шу билан бирга пул ўтказмалари ошяпти. Бу фуқароларимиз дунёнинг ривожланган давлатларидаги юқори маош берувчи компанияларда ишлаётганини англатади. Шунга қарамасдан, фирибгарлар томонидан ижтимоий тармоқлар орқали юқори маошларни таклиф қилган ҳолда юртдошларимизни алдаш ҳолатлари учраб турибди. Бунақа ҳолатлардан қандай ўзингизни ҳимоя қилишингиз мумкин? Ҳақиқий иш берувчилар ёзишмаларда компаниянинг расмий электрон почтасидан фойдаланади. Шунингдек, Буюк Британияда иш берувчи ҳамма харажатларни ишчи учун қоплаб беради. Улар олдиндан қанчадир пул сўрамайди, кейин уларнинг HR департаменти Whatsapp ёки Telegram орқали алоқага чиқмайди, балки расмий равишда почта орқали мурожаат қилишади. Шунингдек, ҳамюртларимиздан қанақадир хизмат учун олдиндан пул бермасликларини сўраб қолардим. 1500-2000 минг фунт стерлингача «иш берувчи»га пул ўтказиб бериляпти ва кейин улар йўқолиб қоляпти.

Хорижий фирибгарлар томонидан сохта меҳнат шартномасини юбориш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бунга ишонмасликни сўраб қолардик. Хорижга қонуний равишда чиқиб кетмоқчи бўлганларга Миграция агентлигига мурожаат қилишни ёки тегишли лицензияга эга хусусий бандлик агентликлари хизматидан фойдаланишни тавсия қилган бўлардим. Яна битта қизиқ жиҳати шундаки, Германия ёки Британия каби мамлакатлар ҳеч қачон ўзининг тилини билмайдиган мутахассисни ишга жалб қилмайди. Масалан, Германия томонининг энг катта талаби немис тилини А2 ёки B1 даражасида билиш керак. Британия томони ҳам қишлоқ хўжалиги мавсумий ишларини ҳисобга олмаганда, мутахассисдан инглиз тилини камида 5,5-6 IELTS даражасида билишни сўрайди. Яна бир нарсага эътибор бериш керак, эълонлардаги 3000 ёки 4000 фунт стерлинг каби маошларнинг ҳаммаси ёлғон. Янги келаётган мутахассис учун бу даражада кўп ойлик тўланмайди. Бу фирибгарларнинг ҳийласи», дейди Бобур Валиев.

Яна бир бор алоҳида таъкидлаб ўтамиз, Европа компанияларидан иш топиш 1-2 соатда ҳал бўладиган жараён эмас. Бу вақт талаб қилади. Ҳеч қачон иш берувчи виза учун пул талаб қилмайди. «100 фоиз виза кафолати», пулга «тезлаштирилган йўл»ларни таклиф қилиш фирибгарларнинг тузоғидан бошқа нарса эмас. Ҳар бир детални синчковлик билан текшириш, берилаётган ваъдаларни танқидий жиҳатдан кўриб чиқиш ва таҳлил қилиш жуда ҳам муҳим. Бу сизнинг катта пулга алданиб қолмаслигингизни кафолатлайди. Эҳтиёт бўлинг!

Достон Аҳроров тайёрлади

Мавзуга оид