Жаҳон | 10:16 / 08.07.2023
13502
2 дақиқада ўқилади

Немис разведкаси Лукашенко ва Пригожин ўртасидаги музокараларни тинглаган

Германия Федерал разведка хизмати Пригожиннинг исёни ҳақида олдиндан билмаган, шунинг учун у ички текширув ўтказади. Бошқа томондан, BND Лукашенконинг «Вагнер» ХҲК раҳбари билан музокарачи сифатидаги роли ҳақида тўғридан тўғри билиб олган.

Фото: postsen.com

Германия Федерал разведка хизмати (BND) Евгений Пригожиннинг исён кўтаришга уриниши ҳақида аввал ўйланганидан кўра яхшироқ хабардор бўлган. Хусусан, у Александр Лукашенко ва «Вагнер» ХҲК асосчиси ўртасидаги телефон суҳбатларини тинглаган, деб хабар берди Германиянинг NDR ва WDR телекомпаниялари 7 июль, жума куни манбаларга таяниб. 

Шу тариқа, немис разведка хизмати Лукашенконинг «Вагнер» ХҲК ва Россия ҳукумати ўртасидаги воситачи роли ҳақида тўғридан тўғри билиб олган, дея хабар беради немис матбуоти. Аввалроқ BND, хорижий разведка хизматларидан фарқли ўлароқ, исёнга тайёргарлик ҳақида билмагани ва бунга тайёр эмаслиги маълум бўлган эди. Хусусан, Германия канцлери Олаф Шолц 28 июнь куни немис разведкаси Пригожин ва унинг жангчиларининг режалари ҳақида «олдиндан билмаганини» айтди. Шу сабабли, BND июнь ойи охирида ички текширувни бошлади, деб хабар беради Der Spiegel. 

Немис сиёсатчилари BND’ни ҳодисадан бехабар қолгани учун танқид қилди. Разведка бўйича эксперт Ули Грёч Welt am Sonntag нашрига берган интервьюсида бу воқеа «BND’нинг бошқа йирик разведка агентликлари билан ёмон алоқалари ҳақида яна бир бор маълумот беради» деди. Бундестагдаги ташқи сиёсат масалалари бўйича эксперт Улрих Лехте: «BND’нинг Россия ички ишлари бўйича маълумотлари етарлича эди», деди. 

Мавзуга оид