Ўзбекистон | 13:18 / 08.07.2023
11734
17 дақиқада ўқилади

Қирғизистон полиэтилен пакетлардан воз кечмоқда. Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида вазият қандай?

Қирғизистон пластик пакетлардан воз кечган Марказий Осиёдаги илк давлатга айланиши мумкин. Минтақадаги қолган айрим мамлакатларда ҳам бу борада илк қадамлар ташланган, айрим чоралар кўрилган. Аммо қирғизлардан бошқалар елим халталардан фойдаланишни узил-кесил тўхтатишга шошилмаяпти.

Фото: KUN.UZ

Қирғизистон

Қирғизистоннинг барча ҳудудларида полиэтилен пакетлар ўрнига қоғоз пакетларга ўтилиши анча олдин режалаштирилганди. Айрим ҳудудлар бу борада қонунчилик ўзгаришини кутиб ҳам ўтиргани йўқ. Июнь ойидаёқ Иссиқкўл вилоятида президент фармонига асосан полимер пакетларни ишлатиш аллақачон тақиқланганди.

Жорий этилган тартибга кўра, вилоят ҳудудида пластик пакетларни ишлаб чиқариш, сотиш ва улардан фойдаланиш мумкин эмас. Бундан кўзланган мақсад: машҳур Иссиқкўлни сақлаб қолиш, кўл акваториясида йилдан йилга ёмонлашиб бораётган экологик муҳитни яхшилашдан иборат.

Мамлакат парлементи ўтган ҳафтада бир марталик полиэтилен пакетларни тақиқловчи қонунни маъқуллади. Унга кўра, келгуси йилдан республикага бундай пакетларни олиб кириш, уларни ишлаб чиқариш ҳамда сотиш ман этилади.

Қонунга кўра:

  • 2024 йил 1 январдан полиэтилен пакетларни ишлаб чиқариш тўхтатилади (экспорт учун ишлаб чиқарилган елим халталар, шунингдек, биологик парчаланадиган полимер материаллардан тайёрланган ҳамда тутқичлари бўлмаган, маиший эҳтиёжлар учун рулонларда сотиладиган пакетлар бундан мустасно);
  • 2024 йил 1 июндан бошлаб эса дўконларда бундай пакетларни сотиш ва тарқатиш ман этилади.

Бундан ташқари, республикада савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида пластик пакетларни бепул бериш; елим пакетлар таннархини сотилган маҳсулот таннархига киритиш; полимер плёнкали пакетларни импорт қилиш (жисмоний шахслар томонидан товарларни ва шахсий буюмларни ташиш ва қадоқлашда шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган пакетлар, шунингдек, муҳрланган юк бўлимларида транзит орқали ташиладиган ана шундай товарлар бундан мустасно) чекланади.

Қонунга риоя қилмаганлар 3 минг сом ()дан 13 минг сўмгача миқдорда жаримага тортилиши белгиланган.

Депутатлар маъқуллаган қонун лойиҳаси президент Садир Жапаров томонидан имзолангандан кейингина кучга киради.

Қозоғистон

Қозоғистон 2025 йилдан пластик пакетлардан бутунлай воз кечиши эълон қилинган. 2019 йилда Қозоғистон экология, геология ва табиий ресурслар вазирлиги, “Отамакон” тадбиркорлар миллий палатаси ҳамда экологик муассасалар ассоциацияси томонидан имзоланган меморандумда полиэтилен пакетлардан фойдаланишни босқичма босқич қисқартириш кўзда тутилган.

Дастлабки босқичда савдо марказлари томонидан харидорларга елим халталарнинг текин берилишига чек қўйиш режалаштирилган эди. Бу вазифа аллақачон бажарилган бўлиб, бугунги кунда мамлакатдаги савдо шохобчаларида пластик пакетлар сотуви йўлга қўйилган (халқаро тажрибада шу йўл орқали пластик пакетлар истеъмоли 30 фоизгача қисқаргани кузатилган). Шу билан бирга, харидорларга экологик тоза маҳсулотлардан тайёрланган халталар таклиф этилади. Полиэтилен пакетларни сотиб олишни истамаганлар газламадан тикилган ва қайта-қайта ишлатиш мумкин бўлган сумкалардан фойдаланишлари, энг муҳими, бу орқали экология муҳофазасига ҳисса қўшишлари мумкин.

Иккинчи босқичда елим халталар реализацияси бутунлай тақиқланиши кўзда тутилган. Бу жараёнда полиэтилен пакетларни импорт қилиш, ишлаб чиқариш, сотиш ва ишлатиш чекланади. Шундан сўнг полимер пакетлар ўрнига биологик парчаланадиган маҳсулотлар ишлатила бошлайди. Бу атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологияни асраш, биологик хилма-хилликни сақлаб қолишда катта ёрдам беради.

Бироқ қозоғистонлик ишбилармонлар пластик пакетлар реализациясига чеклов жорий этиладиган бўлса, бу қадоқлаш харажатлари ортишига олиб келиши, биологик парчаланадиган хомашёга ўтиш катта молиявий инвестицияларни талаб қилиши, бугунги кунда полиэтилен маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келаётган кўплаб корхоналар банкрот бўлишини айтишмоқда.

Маълумотларга кўра, Қозоғистонда қайта ишланган материаллардан полимер қадоқлаш ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи 50 дан ортиқ компания бўлиб, уларнинг аксарияти Олмаота, Остона, Павлодар, Қарағанда, Қўстанай, Ақтўбе, Чимкентда фаолият юритади. Қарағандадаги битта корхонанинг ўзида ойига 4 млн донагача полиэтилен пакет ишлаб чиқарилади. Маҳсулот асосан Россия ва Ўзбекистон тадбиркорлари томонидан сотиб олинади.

Қозоғистонда кунига 15 миллионга яқин турли хил полиэтилен пакетлардан фойдаланилади, улар охир-оқибат чиқинди контейнерларига тушади. Чиқиндихоналарга тушаётган умумий чиқиндиларнинг 11-15 фоизини полимерлар, жумладан, полиэтилен, биринчи навбатда, елим халталар ташкил этади. Полиэтилен маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнида мамлакат ҳудудида йилига 5 миллион тоннадан ортиқ зарарли чиқиндилар ҳосил бўлади.

Гарчи 2025 йилга бориб полиэтилен пакетлардан воз кечилиши эълон қилинган бўлса-да, Қозоғистон бунга тайёрми ёки йўқ, ҳалигача аниқ эмас. 2018 йилнинг охирида республика энергетика вазири ўринбосари Собит Нурлибой жараён босқичма-босқич амалга оширилишини таъкидларкан, айни пайтда бу масала устида ишчи гуруҳ ишлаётгани, бу қарорни бир ўзи қабул қилолмаслиги, пластик пакетлардан тўлиқ воз кечиш 5 йилдан 10 йилгача чўзилиши мумкинлигини айтганди. Қидирувларимиз шундан буён маҳаллий матбуотда бу борада янги маълумот берилмаганини кўрсатди.

Ўзбекистон

2019 йил 1 январдан бошлаб полимер плёнкали пакетларни бепул бериш, уларнинг нархини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиладиган товарлар нархига қўшиш, шунингдек, уларни ўз таннархидан паст нархларда сотиш тақиқланганди. Шундан сўнг етти ой ичида елим халталардан фойдаланиш кўрсаткичи 20 фоизга камайгани маълум қилинган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудудида қалинлиги 40 микрондан кам бўлган полимер плёнкали пакетларни ишлаб чиқариш ман этилган (экспорт учун ишлаб чиқариладиган, тутқичсиз ва товарларнинг ажралмас қисми ҳисобланган, хўжаликда фойдаланиш учун рулонларда сотиладиган полимер плёнкали пакетлар, шунингдек, биологик чирийдиган полимер материаллардан тайёрланган пакетлар бундан мустасно).

Бироқ аҳоли орасида ҳамон полиэтилен пакетлардан фойдаланиш кўрсаткичи юқорилигича қолмоқда. 2019 йилдаги ҳисоб-китобларга кўра, республика аҳолиси йиллик пластик истеъмоли 26,2 минг тонна пластикни ташкил этади.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда пластик пакетларни ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва фойдаланиш ҳамон давом этмоқда. Қўниларидан фарқли ўлароқ Ўзбекистон ҳукумати бундай маҳсулотлардан ҳар қандай кўринишда фойдаланишни чеклашга шошилмаяпти.

Экопартия полиэтилен пакетлар ўрнига қоғоз ёки матодан тайёрланган эко-пакетлардан фойдаланишни кўпайтириш ташаббуси билан чиққанди. Бироқ ўтган йил ичида бу ташаббус мамлакат аҳолиси томонидан етарлича қўллаб-қувватланмади, одамлар ҳамон пластик пакетларнинг фаол истеъмолчиси бўлиб қолмоқда.

Кези келганда Экоқўмга 2020 йил 1 январга қадар истеъмол хусусиятини йўқотиб, атроф-муҳитга зарар етказувчи ишлаб чиқарилаётган ва импорт қилинадиган бир гуруҳ товарлар учун экологик тўловни жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида таклифлар киритиш бўйича топшириқ берилганди. Бироқ ушбу топшириқ ижроси қай даражада бажарилгани, агар ҳукуматга етарлича таклиф киритилган бўлса, нима учун айни йўналишда ҳеч қандай ўзгариш бўлмагани маълум эмас.

2024 йил 1 январдан Ўзбекистон ҳудудида қалинлиги 100 микрондан кам бўлган полимер пакетларни ишлаб чиқариш ва сотиш тақиқланади. Табиат ресурслари вазирлигига кўра ҳозир айнан шундай корхонани ишга тушириш масаласи кўриб чиқилмоқда. Ушбу талабларни бузиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Бу чеклов пластик рулонли пакетлар ва биологик парчаланадиган хўжалик сумкаларига тааллуқли эмас.

Шу билан бирга, пластик пакетларга муқобил сифатида Ўзбекистонда биологик парчаланадиган пакетлар ишлаб чиқарилиши мумкин. Бу борада хориж тажрибасини ўрганган полимер технологияси бўйича муҳандис Абдуфорух Ҳидоятовнинг таъкидлашича, биологик парчаланадиган пластмасса крахмал, полилактик кислота, полигидроксиалканоатлар, целлюлоза ва лигниндан тайёрланади.

“Бундай материалнинг барча компонентлари биологик парчаланади ва табиий равишда сув ва микробиал ферментларга гидролизланади. Реакциядан сўнг молекуляр оғирлиги пасаяди ва ниҳоят микроорганизмлар учун озуқа сифатида ишлатилади”, дейди мутахассис.

Биологик парчаланадиган полимерларнинг характерли хусусияти шундаки, улар бошқа пластмассалардан фарқли равишда осон парчаланади, натижада табиий муҳитда микроорганизмлар томонидан сув ва карбонат ангидридга ажралади.

Ўзбекистонда пластик пакетларни ишлаб чиқариш қачондан тўхтатилиши, шунингдек, елим халталардан фойдаланиш тўлиқ тақиқланадими ёки йўқ, ҳозирча аниқ эмас. Қайд этилишича, айни пайтда республикада полиэтилен пакетларни қайта ишловчи 101 та корхона фаолият кўрсатмоқда.

Тожикистон

Тожикистонда ҳам пластик пакетларни бутунлай тақиқлаш масаласи муҳокама қилинмоқда. Қайд этилишича, мамлакатимиздаги энг йирик гипермаркетлардан бирида ҳар ойда 1,5 тонна полиэтилен пакет ишлатилади. 1 кг пластмассадан тахминан 220 та пакет чиқиши инобатга олинса, республика аҳолиси бир ойлик истеъмоли учун қанча пластмасса сарф бўлишини тахмин қилиш қийин эмас.

2022 йилнинг 17 октябрь куни тожикистонлик экологлар Сирдарё қирғоқларидан 50 қоп чиқинди йиғишди, уларнинг 95 фоизи пластик чиқиндилар эди.

“Ҳукумат томонидан пластик чиқиндилар оқимини камайтириш бўйича жиддий чоралар кўрилмагунча, пластмасса атроф-муҳитни ифлослантиришда давом этади ва ҳайвонлар, қушлар ва инсон саломатлигига хавф туғдиради. Кўп марта ишлатиладиган текстил-сумкалар ва қоғоз пакетлар бир марта ишлатиладиган елим пакетларга энг яхши муқобил бўла олади, – дейди “Кичик ер” экологик ташкилоти катта маслаҳатчиси Тимур Идрисов.

Тожикистондаги машҳур Ашан савдо тармоғида пластик пакетлардан воз кечиш, матодан тикилган сумкалар ва қоғоз пакетлардан фойдаланишни тарғиб қилувчи акциялар мунтазам ўтказиб келинади. Бироқ тожикистонлик экофаоллар қанча кўп эко-акциялар ўтказилиб, пластик пакетлардан воз кечиш маслаҳат берилмасин, уларни дўконлар ва бозорларда текин ёки тарқатиш ёки сотиш давом этар экан, одамлар елим халталардан фойдаланишни тўхтатмаслиги, шу сабабли ҳам бу масала давлат даражасида тартибга солиниши керак, деб ҳисоблайди.

Шу йил февралда Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси БМТ билан биргаликда пластик қадоқларни олиб киришни тақиқлаш масаласини муҳокама қилган. Муҳокама якунларига кўра қўмита мамлакат ҳукуматига қонунчилик даражасида қалинлиги 15 микронгача бўлган полиэтилен пакетларни Тожикистонга олиб кириш ва улардан фойдаланишни тақиқлаш хусусида таклиф киритгани айтилган.

ОАВ Тожикистонда пластик идишлар ва қадоқларни олиб кириш, ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш чекланиши мумкинлиги, айни пайтда Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси тегишли қонунга ўзгартиришлар киритиш устида ишлаётгани ҳақида ёзган. Аммо расмийлар пластик пакетлардан воз кечилиши бўйича аниқ санасини айтишдан тийилишган.

Марказий Осиёнинг уч давлати – Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон аъзо бўлган Евросиё иқтисодий иттифоқи доирасида ҳам 2025 йилга бориб бир марталик пластик пакетлардан фойдаланишни тақиқлаш режалаштирилган. Бироқ иттифоққа аъзо бошқа бир давлат – Россия Саноат ва савдо вазирлиги мамлакат ҳудуди ва Евросиё иқтисодий иттифоқи миқёсида елим пакетларнинг тақиқланишига қарши чиққан. Шундан буён бу мавзу қайта кўтарилгани йўқ.

Туркманистон

Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, Туркманистонда экологик ташкилотлар ва кўнгиллилар томонидан фуқаролар сайр қилиш учун борадиган табиий ҳудудларда пластик чиқиндиларни йиғиш бўйича акциялар ўтказиб келинади.

Шу билан бирга, мамлакатда озиқ-овқат, мева-сабзавот маҳсулотларини қадоқлаш ва ташиш учун ишлатиладиган пластик маҳсулотларни ишлаб чиқариш фаолияти кенгайиб бормоқда. Натижада республикада йилига 500 тонна чиқиндини қайта ишлаш зарурати юзага келган, уларнинг катта қисми полиэтилендан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг чиқиндиларидан иборат. Шу сабабли Туркманистонда Чиқиндилар билан ишлаш соҳасида миллий стратегия ишлаб чиқилган.

Аммо ҳукумат пластик пакетларни импорт қилиш, ишлаб чиқариш ёки фойдаланишни тақиқлаш бўйича ҳеч қандай ҳаракат кўзга ташланмайди. Фақатгина экофаоллар бу борада ташаббус кўрсатаётганини таъкидлаш керак. Бироқ Туркманистон анчайин ёпиқ мамлакат бўлгани, ижтимоий фикр шаклланадиган онлайн платформалар кучли назорат қилиниши ортидан атроф-муҳит ҳимоясига қаратилган камсонли таклифлар етарлича қўллаб-қувватланяпти деб бўлмайди.

Бу нега муҳим

Пластик пакетлар полипропилендан тайёрланган ва полипропилен қайта тикланмайдиган табиий ресурслар – нефть, кўмир ва табиий газдан олинади. Бундан ташқари, ушбу маҳсулотларни қазиб олиш ва ишлаб чиқариш жараёнида иқлим ўзгаришига олиб келувчи зарарли кимёвий моддалар атмосферага чиқарилади. Битта полиэтилен пакет ишлаб чиқариш учун зарур бўлган нефть миқдори автомобилга 11 метр масофани босиб ўтиш имконини беради. Елим пакетларни тайёрлаш учун йилига 4,3 миллиард галлон нефть хомашёси ишлатилади.

Дунё бўйлаб ҳар сонияда 160 мингта пластик пакет чиқитга айланади. Бир йил ичида бу кўрсаткич деярли беш триллион дона ёки уч триллион тоннага етади. Агар биз дунёдаги барча елим халталарни бир жойга қўйсак, улар ер шарини 4200 марта айланиб чиқади.

Полиэтилен пакетлар шамол ва сув орқали бошқа жойларга осонгина учиб ёки сузиб бориши, атроф-муҳитни ифлослантириши мумкин. Тинч океанининг энг чуқур жойи – ўн бир минг метрлик чуқурликдаги Мариана ботиғидан ҳам елим халталар топилган. БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили 8 миллион тонна пластик чиқиндилар океанларга тушади. Ер юзидаги сув сатҳининг чорак қисми сузувчи пластик чиқиндилар билан қопланган. Тинч океанида аллақачон чиқитлар ороли пайдо бўлган.

Айни пайтда океанларда сузиб юрган чиқиндиларнинг 80 фоизини полиэтилен маҳсулотлар ташкил этади. Жаҳон иқтисодий форуми прогнозларига кўра, 2050 йилга бориб дунё океанидаги пластик миқдори балиқлар сонидан кўпроқ бўлади.

Полиэтилен пакетлар ҳар йили миллионга яқин қушлар, денгиздаги 100 минглаб сутэмизувчилар ва миллиардлаб балиқларни нобуд қилмоқда. Денгиз ва океанлардаги пластик чиқиндилар таъсирида 267 хил жонзот биологик тур сифатида йўқолиб кетиш арафасида турибди.

Битта елим халта ўртача 15-20 дақиқа давомида ишлатилади холос. Шундан сўнг у одатда ташлаб юборилади. Шу боис ҳам дунё миқёсида маиший чиқиндиларнинг тўққиз фоизини полиэтилен пакетлар ташкил этади. Улар 15 миллион квадрат километргача майдонни ифлослантиради.

Экологларнинг фикрига кўра, Ер юзида пластик пакетларнинг бор-йўғи 1-3 фоизи қайта ишланади. Бир тонна пакетни қайта ишлаш учун тахминан тўрт минг доллар керак бўлади. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан шуғулланувчи ConservingNow ташкилоти ҳисоботида қайд этилишича, ўртача 200 та елим халтадан фақат биттаси қайта ишланади. Уларни ёқиш мумкин эмас, чунки бу озон қатламини бузадиган углерод оксиди ва зарарли канцерогенларнинг тарқалишига олиб келади. Кўмиш сув ва тупроқнинг заҳарланишига олиб келади.

Елим халталар ишлатилган маҳсулотига қараб ўртача 300-700 йил ичида чирийди. Ҳатто тўлиқ чириганидан, яъни тахминан 1000 йилдан кейин ҳам пластик пакетлар йўқ бўлиб кетмайди, фақат майда заррачаларга бўлиниб, атроф-муҳитни ифлослантиришда давом этади.

Экологияга салбий таъсиридан ташқари, полиэтилен пакетлар инсон саломатлиги учун ҳам зарарли. Уларда қўрғошин, елим ва бўёқ мавжуд. Бундай халталарда маҳсулотларни сақлашда кўпинча моғор ва қўзиқорин пайдо бўлиши аниқланган. Қолаверса, паст ҳароратда полиэтилендан токсинлар, юқори ҳароратда эса формалдегид, чириш жараёнида диоксин ва фуран сингари зарарли моддалар атмосферага чиқади, бу эса инсон организмида саратон касаллигини келтириб чиқаради.

Шу боис ҳам дунёнинг олтмишдан зиёд давлатида бир марталик полиэтилен пакетлардан фойдаланишни қисқартириш учун у ёки бу шаклда тақиқ жорий этилган. Жумладан, Бангладеш 2022 йилдаёқ елим халталарни ишлаб чиқариш ва сотишдан воз кечганди. Янги Зеландияда шу йил 1 июлдан қалинлиги 70 микрондан кам бўлган пластик пакетлар сотуви тўхтатилган.

Италия, Белгия, Франция, Ирландия, Грузия, Марокаш, Покистон, Кения ва Молдовада елим халталардан фойдаланиш, уларни ишлаб чиқариш, сотиш ва импорт қилишга нисбатан чеклов жорий этилган.

Германия, Дания, Чехия, Литва, Руминия, Украина, Ўзбекистон, Қозоғистон, Исроил ва Арманистонда харидорларга пластик пакетларни текин бериш ман этилган. Австралия, Хитой ва АҚШнинг айрим штатларида елим халталарга доир турлича чекловлар белгиланган.

Бу борадаги тартиб-қоидаларга амал қилмаганларни жавобгарликка тортиш масаласига ҳам ҳар ерда турлича ёндашилган. Мисол учун, Кенияда мамлакатга пластик пакетларни олиб кирганлик учун (у мамлакат аэропортидаги Duty Free’дан сотиб олинган бўлса ҳам) 19 мингдан 38 минг долларгача жарима тўлашга тўғри келади. Қоидани такроран бузганлар тўрт йилгача қамалиши кўзда тутилган.

Австралиянинг Квинслендида пластик пакетдан фойдаланганларга 4600 доллар жарима белгиланган. Гарчи елим халталарни олиб киришга ҳеч қандай чеклов бўлмаса-да, Жанубий Африка Республикасида полиэтилен маҳсулотларни сотиш тақиқланган, бунга амал қилмаганлар 10 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Танзанияда пластик пакетларни ишлаб чиқариш, импорт қилиш ёки сотиш учун 2000 доллар жарима ёки бир йиллик қамоқ жазоси белгиланган.

Жамшид Ниёзов, журналист

Мавзуга оид