Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жанубий Африка BRICS саммитини юзма-юз форматда ўтказади – Путин борадими?
Халқаро жиноят суди (ХЖС) Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш ҳақида ордер берган бўлса-да, Жанубий Африка (ЖАР) BRICS саммити юзма-юз ўтказилишини маълум қилди. ЖАР ХЖС ордерини бажаришга мажбур.
Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) август ойи охирида Йоҳаннесбургда бўлиб ўтадиган BRICS саммити (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка) форматини тасдиқлади. Бу ҳақда мамлакат президенти Сирил Рамафоса айтиб ўтди. Унинг сўзларини Euronews келтирди.
Бўлажак тадбир ассоциацияга аъзо мамлакатлар раҳбарларининг жисмоний иштирокида юзма-юз ўтказилади.
«Ҳаммамиз тўғридан-тўғри, юзма-юз мулоқот қилишимиз мумкин бўлган учрашув ўтказишга қарор қилдик», деб тушунтирди Рамафоса. У саммитнинг видеоалоқа форматида ўтказиш имкониятини истисно қилди.
Аввалроқ, Нидерландиянинг Ҳаага шаҳрида жойлашган Халқаро жиноят суди (ХЖС) Россия президенти Владимир Путинни Украинадаги болаларни ноқонуний депортация қилганликда гумонлаб, ҳибсга олишга ордер берган эди. Унга кўра, Рим статутини имзолаган 123 та давлат ордер талабини бажаришга мажбур. Улар орасида ЖАР ҳам бор.
Владимир Путин ЖАР раислигида ўтиши кутилаётган BRICS саммитига таклиф олган. Аммо унинг иштирок этиш масаласи ёки қандай форматда иштирок этиши ҳозирча аниқ эмас.
ХЖС томонидан Путинни ҳибсга олиш ҳақида ордер берилгач, ЖАР ноқулай вазиятдан чиқиб кетиш учун BRICS саммитини видеоалоқа режимида ўтказиши ёки Путиннинг видеоконференция режимида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Энди бу ордер апартеидга қарши кураш давридан бери Кремлга яқин бўлган Претория учун дипломатик дилемма, деб ҳисобламоқда Euronews.
Жанубий Африка Россиянинг Украинага бостириб киришини қораламагани, лекин бетараф экани ва мулоқотни афзал кўришини айтгани учун танқид қилинади.
Ўтган ой Рамафоса Киев ва Москва ўртасида тинчлик ўрнатиш учун Африканинг етти давлатидан Украина ва Россияга тинчлик делегацияси таркибида борган эди.
BRICS саммити 22-24 август кунлари ўтиши режалаштирилган.
Мавзуга оид
08:29 / 18.06.2026
Путинга яқин деб ҳисобланган бизнесмен қамоққа олинди
10:45 / 16.06.2026
Зеленский Путинга G7 саммитида учрашув ўтказишни таклиф қилди
08:59 / 15.06.2026
Зеленский G7 саммитида Трамп билан учрашишини маълум қилди
10:02 / 13.06.2026