Ўзбекистон | 21:09 / 12.07.2023
57499
6 дақиқада ўқилади

Бандихоннинг сўконғич прокурори яна «ўзини кўрсатди». Бу сафар фермер калтаклангани айтилмоқда

Фермер хўжаликларидан бирининг раҳбари йиғилишга кечикиб боргани учун туман прокурори уни аввал ҳақорат қилиб, сўнгра урганини иддао қилмоқда. Бу ҳақда фермернинг интернетда тарқалган видеомурожаатида сўз боради.

Ўзини Чори Пиримқулов деб таништирган фермернинг айтишича, воқеа 2023 йилнинг 7 июль куни содир бўлган. Фермернинг видеомурожаати “Муштум” журналининг Telegram-каналида эълон қилинган.

Фотоколлаж: Kun.uz

“Мен туман прокурори Соатмурод Маҳмановдан норозиман, бу кишининг олиб бораётган сиёсати, халққа ҳурматсизлиги ортиқча бўляпти. Фермер хўжалигимиз ҳудуди иккинчи секторга қарашли. 7 июл куни прокуроримиз йиғилиш қилиб, тумандаги ҳар бир фермер хўжалигига иккитадан этик, биттадан фонар олиб келиш ҳақида топшириқ берди.

Фонарни қийналмай топдим, лекин саратон вақти бўлгани учун этик топишим қийин бўлди. Бандихон тумани марказидаги бир қанча дўконларга бориб кўрдим. Топилмади. Ўзим яшайдиган ҳудуддаги дўкондан суриштиргандим, бир жуфт этик бор экан. Шуни сотиб олдим-да, йиғилиш ўтказилаётган жойга шошиб бордим”, – дейди Чори Пиримқулов видеомурожаатида.

Соатмурод Маҳманов, Бандихон тумани прокурори Фото: Бандихон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Фермернинг сўзларига кўра, тумандаги “Шоҳ баракат” фермер хўжалигига қарашли дала шийпонида соат саккизда бошланган йиғилишга ўн дақиқа кечикиб борган. Туман прокурори фермерни ҳамманинг кўз ўнгида аввал ҳақоратлаб, кейин этик билан урган.

“Прокурор “Эй чўчқа, чўчқадан тарқалган, нима учун кечикиб келяпсан?” дея мени ҳақоратлаб кетди. Мен резина этик топиш қийин бўлганини айтиб, узр сўрадим. Этикни бу ёққа олиб кел-чи, деди. Олиб борсам: “Бу кийилган, эски этик экан”, деб ўша этик билан бошимга урди.

Бундан ташқари, елкамга бир неча маротаба мушт билан ҳам урди. Шундан сўнг “Итдан тарқалган, чиққан жойингга тиқиб юбораман”, дея шу ердаги 50-60 кишининг олдида мени ҳақоратлади. Бу ҳақоратларга чидаб бўлмаяпти”, дея ёзғиради фермер.

Этик ва фонар олиб келишга мажбурланган фермерлар. Фото: “Муштум” журналининг Telegram-канали

Фермер видеомурожаатида сўконғич прокурорнинг аввалроқ маҳалла раисларини, 33-мактаб ўқитувчиларини ҳам ҳақоратлагани, аммо ҳозиргача оғзи шалоқ қонун ҳимоячисига нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаганини эслатган.

Чиндан ҳам аввалроқ ижтимоий тармоқларда Бандихон тумани прокурори Соатмурод Маҳмановга тегишли экани айтилган аудио тарқалган, унда солиқ тушумларини бажармаган маҳалла раислари куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилинганди. Тахминларга кўра, аудио катта эҳтимол билан 31 май куни ўтказилган йиғилишда ёзиб олинган.

Шундан сўнг вилоят прокуратураси баёнот бериб, тарқатилган аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилаётганини маълум қилганди.

Фото: Сурхондарё вилояти прокуратураси Telegram-каналидан скриншот

Эслатиб ўтамиз, интернетда тарқалган аввалги аудиода прокурор Соатмурод Маҳманов Бандихон туманидаги эркаг-у аёл маҳалла раислари бирдай ҳақоратланганди. Хусусан, аудио давомида унинг “Эркакмисан сен ҳам? Хотинчалиш, итдан тарқалган экансан-да, бўлмаса одамнинг ишини қилардинг-да. Бор, бориб итга ўхшаб вовулла кўчада”, деганини, “Ўлсанг, бугун кўмар эдик”, “Итдан тарқаганмисан, одамдан тарқаганмисан?” ва бошқа куракда турмайдиган сўзлар билан сўкинганини эшитиш мумкин.

Ҳақорат қилганлик – шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситганлик ёки беодоблик билан қасддан таҳқирлаганлик учун қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Жумладан, Жиноят кодексининг 140-моддасига кўра, ҳақорат қилиш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Агар аудиодаги овоз ҳақиқатан ҳам Бандихон тумани прокурори Соатмурод Маҳмановга тегишли экани тасдиқланса, у ҳақорат қилиш билан бир қаторда мажбурий меҳнатга жалб қилгани учун ҳам жавоб беришига тўғри келади.

Чунки солиқ тушумларини тушириш маҳалла раисининг вазифасига кирмайди. Президентнинг тегишли фармонига кўра фуқаролар йиғинлари ходимларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, тааллуқли бўлмаган вазифаларни юклаш тақиқланади.

Сўконғич прокурорнинг аудиоси тарқалганига қарийб бир ой бўлаётганига қарамай унинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилгани, башарти хизмат текшируви тайинланган бўлса, натижалари жамоатчиликка ошкор қилингани йўқ. Ҳолбуки Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов ўша пайтда ўрганиш натижалари ҳақида тез орада маълумот беришини айтганди.

Ўзбекистон бош прокуратураси матбуот котиби Kun.uz’нинг ўрганиш якунига етганми ёки йўқ, унинг натижаси бўйича Маҳмановга нисбатан қандай чора кўрилгани ҳақидаги такрорий сўровига жавобан “Маълумотга эга бўлсам юбораман”, дея қисқа жавоб қилди.

Фермернинг иддаоси юзасидан изоҳ олиш мақсадида Kun.uz мухбири вилоят прокуратураси матбуот котиби Алишер Бобомуродов билан боғланди. У айни пайтда хизмат сафарида эканини, фермернинг иддаолари бўйича изоҳ бера олмаслигини,  белгиланган тартибда туман прокурорининг устидан мурожаат қилинса кўриб чиқилишини билдирди.

Мавзуга оид