12:36 / 12.07.2023
5781

Шимолий Корея узоқ масофали баллистик ракетани синовдан ўтказди

Ракета Япониянинг махсус иқтисодий зонаси ташқарисидаги денгизга қулаган бўлиши мумкин. Парвоз масофаси 1000 кмни ташкил этди, ракета уни 74 дақиқада босиб ўтди.

Фото: cbc

Охирги парвоз амалга оширилганидан қарийб бир ой ўтиб Шимолий Корея яна узоқ масофали баллистик ракетани синовдан ўтказди. Бу ҳақда 12 июль, чоршанба куни Жанубий Корея қуролли кучлари штаб бошлиқлари қўмитаси маълумотларига таяниб, Reuters агентлиги хабар бермоқда. Синов ҳақидаги маълумотни япон ҳарбийлари тасдиқлади.

Парвоз масофаси 1000 кмни ташкил этди, ракета уни 74 дақиқада босиб ўтди. Бу Шимолий Корея ракеталари учирилиши тарихидаги энг узоқ парвоздир, деб хабар берди TV Asahi Япония Мудофаа вазирлигига таяниб. Ракета Япониянинг махсус иқтисодий зонаси ташқарисидаги денгизга қулаган бўлиши мумкин, дея маълум қилди NHK телекомпанияси.

Бу 2023 йилдаги ўн иккинчи ракета синовига айланди. Шимолий Корея бу йил биринчи марта қаттиқ ёқилғидаги қитъалараро баллистик ракетани учирди. Ҳарбий айғоқчи сунъий йўлдошни янги ракета ёрдамида коинотга учиришга уриниш муваффақиятсиз якунланганди. Шу билан бирга, БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциялари Шимолий Кореяга баллистик ракета технологиясидан фойдаланишни, жумладан сунъий йўлдошларни учиришни тақиқлайди. 

Сўнгги пайтларда Корея яриморолида ҳарбий таранглик кучайган. Пхеняндаги коммунистик раҳбарият бир неча бор минтақада ҳарбий вазиятни кескинлаштириш билан таҳдид қилган, деб эслатади AFP ахборот агентлиги. 

Хусусан, бир кун аввал Корея Меҳнат партияси марказий қўмитаси раҳбари ва Шимолий Корея етакчисининг синглиси Ким Ё Чжон АҚШ разведка самолёти Шимолий Корея ҳаво ҳудудини яна бузиб кирса, Вашингтон Пхеняннинг жавоб ҳаракатларига дуч келиши ҳақида огоҳлантирган эди.

«Қасддан шундай ҳаракатлар такрорланса, бу АҚШ қўшинлари учун жуда хавфли парвоз бўлади», дейилади Ким Ё Чжоннинг KCNA давлат ахборот агентлиги томонидан эълон қилинган баёнотида. Пхенян шунингдек, Жанубий Кореяда АҚШ ядровий сувости кемасининг жойлаштирилиши режалаштирилаётганини ҳам танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, бу Корея яриморолидаги вазиятни «ядровий можаро остонаси»га яқинлаштиради.

Апрель ойида Вашингтон Сеул билан Жанубий Кореянинг ядро қалқонини мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришган эди. Жанубий Кореяда сўнгги ўн йилликларда биринчи марта АҚШнинг ядровий сувости кемаси тўхтаб ўтиши режалаштирилган. Аниқ сана белгиланмаган. 

Top