Ўзбекистон | 18:00 / 13.07.2023
8148
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 2022 йилда қурилган қарийб 500 та бинонинг зилзилага бардошлилиги текширилмаган 

Бош вазир бу борадаги ишларни бажаришда сусткашликка йўл қўйгани учун Андижон ва Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимларининг қурилиш бўйича ўринбосарларига интизомий жазо қўллашни топширди. 

Фото: KUN.UZ

Kun.uz ихтиёрига Бош вазир Абдулла Арипов томонидан сейсмик фаол зоналарда янги қурилаётган объектлар ишга туширилганида улар мажбурий тартибда зилзилабардошлиликка доир инструментал-техник текширувдан ўтказилиш ижросига оид ҳужжат келиб тушди. Унда мавзу танқидий таҳлил қилинган.

Ҳужжатда кўринишича, 2022 йилда республика бўйича 4744 та бино ва иншоотлар қуриб фойдаланишга топширилган. Уларнинг 497 таси зилзилага бардошлилиги текширилмаган. Хусусан, сейсмик фаол зонада жойлашган Наманган вилоятида 51 та, Фарғонада 35 та, Тошкент вилоятида 123 та, Сирдарё вилоятида 40 та, Самарқанд вилоятида 26 та, Бухоро вилоятида 67 та, Навоий вилоятида 49 та ҳамда Тошкент шаҳрида 38 та III-IV тоифадаги бино ва иншоотлар зилзилабардошлилик бўйича инструментал техник-текширувдан ўтказилмаган. 

Маълум қилинишича, 2023 йилда республикада 8877 та бино ва иншоот қурилади. Шундан 1706 тасининг зилзилага бардошлилиги текширилиши талаб этилади. 

Бош вазир Андижон ва Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимларига қурилаётган юқори қаватли биноларни бир ой муддатда вибродинамик ускуна ёрдамида синовдан ўтказишни ҳамда ушбу ҳокимларнинг қурилиш бўйича ўринбосарларига интизомий жазо қўллашни топширган. 

Мавзуга оид