Жаҳон | 09:34 / 15.07.2023
4972
2 дақиқада ўқилади

Сербия аэропортда бир сутка ушлаб турилган россиялик урушга қарши фаолни мамлакатга киритди

Урушга қарши Россия демократик жамияти асосчиси Пётр Никитин Белград аэропортида 24 соатдан кўпроқ вақт ўтказди, шундан сўнг унга Сербияга киришга рухсат берилди. 

Фото: ТАСС

Сербия ҳукумати мамлакатга кириш тақиқланганидан бир кун ўтиб, россиялик урушга қарши фаол ва ҳуқуқшунос Пётр Никитинни мамлакатга киритди. Бу ҳақда Никитиннинг ўзи The Moscow Times газетасига 14 июл, жума куни кечқурун маълум қилди. Сербия хавфсизлик хизмати томонидан ҳибсга олинган ва Белград аэропортининг транзит зонасида 24 соатдан кўпроқ вақт ўтказган фаол: «Мени қўйиб юборишди! Энди байрам қиламиз», деган.

The Moscow Times ёзишича, мустақил серб ва россиялик таҳлилчиларга кўра, Никитиннинг қўлга олиниши Украинадаги урушга қарши бўлган минглаб руслар Сербияга кўчиб келганидан бери биринчи бундай ҳолат бўлиб, Никитин ва унинг шериклари учун ёмон сигналдир. Буни россиялик фаолнинг ўзи ҳам тан олди. 

2016 йилдан буён Сербияда яшаб келаётган Пётр Никитин 13 июл куни Facebook’да Португалиядаги бир ҳафталик таътилдан қайтгач, унга мамлакатга кириш тақиқланганини маълум қилди. Никитин ўз саҳифасида эълон қилган ҳужжатда чет элликлар тўғрисидаги қонунга кўра, «чет эл фуқаросини чиқариб юбориш шаклидаги ҳимоя чораси», яъни Сербияга киришни тақиқлаш назарда тутилган. 

«Менинг Россия демократик жамияти доирасида урушга қарши фаолиятимдан бошқа сабаб йўқ», деб ёзган Никитин. У Сербиядаги эмигрантлар уюшмасининг асосчиси бўлиб, уларнинг сони йил бошидан бери бир неча ўн минглаб одамларга кўпайган.

Никитин, Россия фуқаролигидан ташқари, Нидерландия фуқаролигига эга, шунингдек, мамлакат фуқароси билан никоҳ асосида олинган Сербияда доимий яшаш учун рухсатномага эга. Унинг иккала қизи ҳам Сербияда туғилган ва Сербия паспортига эга. 

Мавзуга оид