Фронтдаги вазият: уруш табиати яна ўзгарди
Россия қўмондонлиги энди Украина қуролли кучларининг навбатдаги ҳужум ҳаракатларини кутиб ўтирмаяпти ва ўзи фаоллашмоқда. Икки томоннинг ҳам мақсади — бир-бирини ҳолдан тойдириш.
Украинанинг қарши ҳужуми бошланганидан бир ярим ой вақт ўтганидан кейин Россия қўмондонлиги бундан буён шунчаки пассивлик билан Украина қуролли кучларининг янги зарбаларини кутиб ўтирмаслик керак, деган қарорга келди. Бунгача РФ қуролли кучлари украин армияси ҳимояда қолган йўналишларда кичик кучлар орқали алоҳида зарбалар бериш билан чекланаётганди. Эндиликда россияликларнинг турли йўналишлардаги зарбалари синхрон олиб борилмоқда ва бу ҳужумларда иштирок этаётган кучлар сони оширилган. Катта эҳтимол билан, Россия мудофаа вазирлиги энди Украина қуролли кучлари мамлакат жануби ёки Бахмут ҳудудидан бошқа қаердадир кутилмаганда асосий зарба бериб қолишидан хавотирланмаяпти. Энди юқори интенсивликдаги жанглар деярли бутун фронт чизиғи бўйлаб кетмоқда — Харкив областининг Россия билан чегарасидан тортиб Херсон атрофигача.
Томонларнинг ҳар бири томонидан туташув чизиғининг турли участкаларида амалга оширилаётган бундай локал юришларнинг барчаси аниқ стратегик мақсадларни кўзламайди. Аммо уларнинг барчаси биргаликда — силлани қуритишга қаратилган урушнинг навбатдаги босқичининг бир қисмидир. Икки рақиб ҳам бу ёзда имкон қадар кўпроқ техника ва жонли кучларини йўқ қилиш учун бир-бирининг захираларини жангга жалб этишга умид қилмоқда. Фронтнинг нариги томонидаги кучлар қуриганида эса, яна ўз кучларини жамлаш ва стратегик вазиятни ўзгартириши мумкин бўлган юриш бошлаш ҳақида ўйлаш мумкин бўлади.
Украина жануби
Украина қуролли кучлари ўз позицияларини Россия истеҳкомларидан ажратиб турган беш-олти километр кенгликдаги полосадан, РФ қуролли кучларининг биринчи мудофаа чизиғидан ўтишга уринишда давом этмоқда. Бу миналанган далалардан иборат, аҳён-аҳёнда россияликларнинг танкка қарши ракета комплекслари ва қишлоқлардаги кичик гарнизонлари учрайдиган «ҳеч кимга қарашли бўлмаган» ҳудуддир. Бу ҳудуд ҳамон украин армияси томонидан охирига қадар босиб ўтилмади.
- Запорижжя области ғарбида (Днипро дарёсининг чап соҳили) Украина қуролли кучлари икки қишлоқ, Лобкове ва Пятихатки қишлоқларини озод этиб, РФ қуролли кучларининг жануби-ғарбда жойлашган қўшни Жеребянки қишлоғидаги таянч пунктларига бостириб киришган. Пятихатки томондан бу йўналишда олдинги силжишга қаратилган ҳар кунги уринишлар ҳозирча самара келтирмаяпти. Номаълум сабабга кўра, Украина ҚК қўмондонлиги ҳамон бу ҳудуддаги асосий зарба йўналишини ўзгартиришга ҳаракат қилмаяпти. Катта эҳтимол билан, барибир шундай қарор қабул қилинган: украин қўшини Днипро соҳилидан — Каменский (Украина ҚК назоратида) ва Василйивка (РФ ҚК назоратида) ўртасидаги ҳудуд бўйлаб ҳаракатлана бошлаган.
- Орихив йўналишида, олти ҳафталик жанглардан кейин, Украина қуролли кучлари гуруҳи кўп миқдордаги техникаларини йўқотиш эвазига РФ қуролли кучларининг Роботинедаги олдинги позицияларидан ажратиб турган 7–10 километр кенгликдаги полосани ортда қолдирган. Асосий ютуқларга янги тактикага ўтиш ҳисобига эришилган: эндиликда украин ҳарбийлари зирҳли техникаларни мудофаани ёриб ўтиш учун қўлламаяпти, улардан пиёдаларни ташиш, қўшимча кучлар, ўқ-дорилар етказиш ҳамда ярадорларни эвакуация қилиш учун «такси» сифатида фойдаланилмоқда. Аскарлар зирҳли техникалардан тушганидан кейин рақибнинг ичкари ҳудудида пиёда ҳаракатланиб, Роботине томон йўлда аста-секинлик билан янги ўрмонзорларни эгалламоқда. Бу зирҳли техникалардаги йўқотишларни июн ойидаги билан таққослаганда сезиларли даражада камайтиришга (лекин йўқотишлар йўқ эмас) имкон беради. Шу билан бир вақтда, украин артиллерияси ва дронлар операторлари россияликларнинг ички ҳудудлардаги техникалари ва таъминот карвонларини йўқ қилиш устида ишламоқда. Россия артиллерияси ҳам худди шундай жавоб қайтаришга уринмоқда. Шубҳасиз, бундай тактика чуқур ёриб киришни кўзда тутмайди: рақиблар ҳар бир ўрмонзор учун жангларда рақибнинг кучи ўзиникидан тезроқ тугашига умид қилган ҳолда бир-бирини ҳолдан тойдиради.
- Велика Новосилка ҳудуди. Украина қуролли кучлари июн ойида Мокри Яли дарёси водийсида бир қанча қишлоқларни озод этган, аммо бу тор участкада ҳаракатини давом эттира олмаганди: уларни миналанган майдонлар, танкка қарши ракета комплекслари позициялари, вертолётлардан ракета зарбалари ҳамда Урожайне ва Старомайорске қишлоқларидаги гарнизонлар қарши олди. Украина қуролли кучлари жанубга юришда давом этиши учун дарё водийсидан ғарбдаги тепаликларни эгаллаш талаб этиларди. Ва улар буни уддалашди: июл ойи бошида Ровнопил қишлоғи озод этилди, шундан кейин украин қўшини ундан жануб томон бир неча километр илгарилади ва Старомайорскенинг шимоли-ғарбида пайдо бўлди. Шу ҳафтада бошланган қишлоқ штурми ҳозирча муваффақият келтирмаяпти: пиёдаларни Старомайорске четига олиб келган зирҳли техникалар россияликлар артиллерияси зарбаларига дучор бўлмоқда.
Бахмут
- Украина қуролли кучлари РФ қуролли кучларининг Бахмутдан шимол ва жанубдаги позицияларини ёриб ўтиш учун навбатдаги уринишларини амалга оширди. Жанубда бу уриниш деярли муваффақиятли чиқди: украин бўлинмалари Клешчиевка посёлкаси атрофидаги тепаликларда ўзлари томонидан Россия босқинидан олдинроқ барпо этилган йирик истеҳкомларга кириб келишди. Истеҳкомлар штурм қилиб эгалланганди, аммо кейин Украина қуролли кучлари қисмлари РФ қуролли кучлари артиллерияси томонидан ёппасига ўққа тутилди ва катта йўқотишларга учради (украин позицияларига тўғридан тўғри зарба келиб тушган бир қанча вазиятлар видеоларда муҳрланган). Украин қисмлари Клешчиевка чеккасида қанчалик мустаҳкам ўрнашиб қолгани ҳозирча маълум эмас. Бу жангдаги ғалаба Украина қуролли кучларига Бахмутдан жанубдаги ҳудудлар ва шаҳарни Луҳанск области билан боғловчи трассалар томон йўл очиши мумкин.
- Бахмутдан шимолда Украина қуролли кучлари Берхивка ва Яҳидне посёлкаларини эгаллашга ҳаракат қилмоқда, аммо янги позицияларда ўрнашиб қолишнинг имкони бўлмаяпти: украин бўлинмалари ёппасига артиллерия зарбаларига дучор бўлиб, чекинишга мажбур бўлган. Аммо украин қўмондонлиги Россия мудофаасини айнан Берхивка ва Клешчиевка атрофида «кемириш»га уринишда давом этмоқда. Бунинг учун украинлар россия артиллериясини фронт чизиғи ичкарисидаги позицияларга зарба бериб бостиришга ҳаракат қилмоқда; Украина қуролли кучлари томонидан эълон қилинган ўнлаб видеоларда барча зарба бериш воситалари — камикадзе дронлардан тортиб HIMARS ракеталаригача қўлланаётганини кўриш мумкин.
- Умуман олганда, Бахмут атрофида ҳаракатга келтирилган кучлар икки томонда ҳам ўсмоқда: РФ қуролли кучлари қўмондонлиги захираларини Берхивка ва Клешчиевкага ташлашда давом этмоқда (Украина жанубидаги фронтда эса бу ҳол кузатилмаяпти, жанубда Россия армияси ҳозирча оператив захираларни ишга солмасдан ҳам мудофаани ушлаб турибди). Бахмут йўналишида «Вагнер» ХҲК ўрнига жойлаштирилган гуруҳ «ЛХР» ва Ғарбий ҳарбий округнинг ҳаво десант қўшинлари полклари ҳамда мотоўқчи бригадаларидан иборат «терма жамоа»ни ташкил этади. Бошқа хусусий ҳарбий компаниялардан бўлган алоҳида батальонлар ва мудофаа вазирлиги ёллаган маҳбуслардан тузилган «штурмовиклар» ҳам улар билан бирга жанг қилмоқда.
Бошқа йўналишлар
- Июл ойи ўрталарида РФ қуролли кучлари фронтнинг бутун шимолий участкасида давлат чегараларидан Шимолий Дон дарёси бўйидаги ўрмонларга қадар бўлган ҳудудда яна ҳужум амалиётларини бошлади. Тўғри, бу ягона оператив режага эга бўлган ҳужумга ўхшамайди, балки фақат маълум вақт бўйича мувофиқлаштириладиган давомли локал ҳужумлардир.
- Украина қуролли кучларининг муҳим логистик марказига айланган Купянск шаҳридан шимолда РФ қуролли кучлари Ғарбий ҳарбий округи қисмлари ҳужум қилмоқда. Россия мудофаа вазирлиги хабарига кўра, улар Мовчанове темирйўл станциясини эгаллашга муваффақ бўлган. Бунга далил келтирилмаган — ва ёдда тутиш керакки, Россия қўшинларини қишдаёқ ушбу станция яқинидаги Лиман Перший посёлкасида пайқашганди. Нима бўлганда ҳам, бу участкада илгарилаш рўй берган бўлса ҳам, у жуда камтарона бўлади.
- Жануброқда бошқа бир темирйўл станцияси — Куземовка ва унга қўшни бўлган посёлка, Украина қуролли кучлари қишда оғир жанглардан кейин озод этилган Новоселивске учун жанг кетмоқда. Энди Россия кучлари — маҳбуслардан иборат «штурмовиклар» — ҳудудни назорат қилиш учун қулай бўлган тепаликда жойлашган Новоселивскени яна бир бор эгаллашга уринмоқда. Россия кучлари Куземовка станциясини эгаллагани ва яна бир неча юз метрга илгарилагани аниқ, уларнинг кейинги ҳаракати қандай кечгани ҳақида маълум эмас.
- Россия қўшинлари Сватове йўналишида ҳам илгариламоқда: улар Жеребец дарёсини кечиб ўтишга муваффақ бўлган (айнан қаердан экани — номаълум) ва ғарбий соҳилда бир километр ичкарида плацдарм тиклашган. Тарқалган видеоларга кўра, Украина қуролли кучлари уларни бу плацдармдан сиқиб чиқариш учун қарши ҳужум уюштиришга ҳаракат қилмоқда. Аммо амалда бу плацдарм украин армияси учун тўғридан тўғри оператив таҳдид туғдирмайди: бу жангларда ишга солинган кучлар катта эмас.
- Янада жануброқда — Торске ва Креминна ўрмонлари ҳудудида — РФ қуролли кучларининг йирик кучлари юриши қайтадан бошланган. Улар ҳозирча кўп нарсага эришмаган: ҳужум қилаётганлар Шимолий Дон бўйидаги улкан ўрмонда бир неча сўқмоқларни назорат остига олишган ва Украина қуролли кучлари учун Жеребецдан ўтишда ўта муҳим бўлган кечув жойлашган Торске шаҳарчаси томон бир неча юз метрга силжиган.
- Кўриниб турибдики, бу локал ҳужумлардан мақсад — украинлар мудофаасини қулатиш эмас (юришларда жуда кичик кучлар иштирок этмоқда), балки Украина қуролли кучларининг қарши ҳужум нисбатан муваффақиятли кечаётган Бахмут йўналишига ташланиши мумкин бўлган захираларини «банд қилиш» саналади. Қишда (Бахмут «Вагнер» ХҲК томонидан штурм қилинганида) ҳам Россия қўмондонлиги мудофаачиларни заифлаштириш учун шу каби ҳужумларни амалга оширган, аммо муваффақият қозона олмаганди: ўшанда Украина қуролли кучлари барибир шимолдан захира кучларни олиб, Бахмут мудофаасини кучайтира олганди. Бу ҳолатда режа иш бериши шубҳа остида: бу мақсадга эришиш учун РФ қуролли кучлари ҳужумларда каттароқ кучларни жангга ташлашига тўғри келади (катта эҳтимол билан, уларда ортиқча куч йўқ). Агар Россия қўмондонлиги (режалаштирганидек) янги қўшма армия ва янги армия корпуси тузиб, уларни қуроллантира олса, вазият кузга бориб ўзгариши мумкин.
- Россия қўмондонлиги Украина қўшинларини мамлакат жанубидаги жанглардан ҳам чалғитмоқчи. Бунинг учун Авдийивкадан шимолда ва Марйинка шимолидаги Красноҳоривка ҳудудига юришлар ташкиллаштирилди. Икки ҳолатда ҳам дастлабки ютуқлар ва украинларнинг позициялари эгалланганидан кейин Россия бўлинмалари украинларнинг ёппасига артиллерия зарбалари остида қолди — худди украин қисмлари Бахмут ва Работине атрофида тушган ҳолатдаги каби. Икки йўналишдаги вазият ҳам аён эмас.
- Ниҳоят, Украина қуролли кучлари, афтидан, фронтда нисбатан тинч бўлиб турган участкани ҳам «жонлантириш»га қарор қилган ва Вуҳледардан жанубда ҳужумга ўтган. Ҳозирча бу ҳужум қандай ривож топиши номаълум. Бу ҳудуд шиддатли ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган Велика Новосилка ҳудудига яқинлиги Украина қуролли кучларига устунлик беради: икки йўналишдаги ҳужумлар мувофиқлаштирилиши мумкин, бу эса Россия қўмондонлигига мудофаани ташкиллаштиришда мураккаблик туғдиради.
- Умуман олганда, Украина қуролли кучларининг ҳужуми шакли ва РФ қуролли кучларининг унга қарши ҳаракатлари рус армиясининг нисбатан кичик кучлар билан бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишларда ҳужум қилишга уринган қишки кампаниясини ёдга солиб юбормоқда. Қишки кампанияда бундай кўп сонли кичик юришлар билан украин мудофаасини қулатишнинг имкони бўлмаганди ва кампания рақибларнинг бир-бирини ҳолдан тойдиришга қаратилган ҳаракатларига айланганди. Ҳозирга келиб маълумки, ўшанда томонларнинг ҳеч бири рақибини тўлиқ ҳолдан тойдира олмаганди.
Мавзуга оид
22:05 / 19.11.2024
Энди бизда ATACMS бор, ундан фойдаланамиз — Зеленский
20:58 / 19.11.2024
Байденнинг рухсати урушнинг боришига қандай таъсир қилади?
18:44 / 19.11.2024
Украина ATACMS ракеталари билан Россия ҳудудига биринчи зарбани берди
16:15 / 19.11.2024