17 июл куни Тошкентда “Тирилиш” нашриёти томонидан таржима ва нашр қилинган учта сиёсий асар: “Манипулятив диктаторлар”, “Кучсизлар кучи” ва “Юмшоқ куч” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда таржимон ва қатор сиёсатшунослар томонидан бир-бирини куч ва ҳокимият масалалари боғлаб турувчи ушбу китоблар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, сиёсатшунос Ҳамид Содиқ ўзининг бош муҳаррирлигида нашр қилинган “Манипулятив диктаторлар” асари ва таржимонликнинг жамият ривожидаги ўрни ҳақида гапирди.
Таржимонликнинг жамият ривожидаги ўрни ҳақида
Сиёсатшуносга кўра, ҳар қандай жамият маълум таназзулдан кейин ривожланиш босқичига қадам қўяркан, бунда албатта таржима йўлидан ўтади. Хусусан, тарихда ислом тамаддуни ҳам ёки темурийлар давридаги ренессансга ҳам аввало таржиманинг ривожи сабаб бўлган.
“Бугун жамиятимизни қандай ривожлантириш мумкинлиги ҳақида жуда кўп ўйланамиз ва фикримча, бу барибир таржимадан бошланса керак. Биз ўтказиб юборган узоқ йиллар давомида (бу СССР давридаги мустамлака даврини ҳам, Ислом Каримов даври турғунлигини ҳам ўз ичига олади) кўплаб китобларнинг ўзбек тилига таржимасидан четда қолиб кетдик. Табиий, бу китоблар ўзбек тилида гапирмади ва тафаккуримизда ҳам акс этмади. Чунки ҳар қандай китоб бирор тилга таржима бўлар экан, ўша халқ тафаккурига сингади.
Фикримча, биз учун ҳали ҳам кеч эмас. Биз айни шу мақсадда, гарчи қатор жузъий камчиликлар билан бўлса-да, китоблар нашрини бошладик. Шу жараён бошланганининг ўзи қувончли.
Биз бугунга қадар айниқса, сиёсий китоблар таржимасида бошқа халқлардан орқада қолиб кетганмиз. Бу ортда қолиш халққа ўз ҳукуматини, ундаги режимни тўлиқ координация, картина сифатида кўришига йўл қўймайди. Ёки ҳокимият билан бўладиган муносабатларга тўғри баҳо беролмаслик, унинг ҳаракатларини башорат қилолмай қолиш каби муаммоларни келтириб чиқаради. Бугун таржима қилинаётган китоблар бизга ҳокимиятни тушуниш сари илк қадамларни қўйишга ёрдам беради”, – деди Ҳамид Содиқ.
“Манипулятив диктаторлар” асари ҳақида
Ҳамид Содиқ ўз чиқишида ўзбек тилига илк бор таржима қилинган “Манипулятив диктаторлар” асари ва унинг бугунги кун учун аҳамияти ҳақида ҳам гапирди. Унга кўра, китоб бугунги кунлар учун шунчалик муҳимки, уни тезроқ чоп этиш учун ҳатто муаллифнинг рухсатини олишга ҳам улгурилмаган.
“Бугун сиз кўриб турган янги асарларнинг аслида моҳияти бир хил. Яъни ҳокимиятнинг сокрал ҳуқуқларидан бири бу куч ва уни легитим ишлатиш ҳисобланади. Бу куч бугун сиз кўраётган китобда “юмшоқ куч”, биз таржима қилган китобда эса манипуляция дея талқин қилинган. Яъни халқаро ҳуқуқий масалаларда у юмшоқ куч дейилса, бугунги кунда демократик ва шу билан бирга автократик режимларда бу кучнинг қўлланиши манипулятив усулларда ҳам намоён бўлмоқда. Асар мана шу жараён бўйича қилинган таҳлилларга асосланади.















