Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов бошқарувда шаффоф механизмлар ишга туширилмаса, ИИВ тизимидаги ротациялар коррупциявий ҳолатларни камайтирмаслигини айтмоқда. Сиёсий таҳлилчи Ҳамид Содиқ эса бу жараёнда сиёсий элитани ҳам қонун доирасига киргазишни, парламентни эса "жонлантириш"ни билдирди. Хўш, бу чораларни амалга ошириш қанчалик реал? Kun.uz ўтказган суҳбатда шу масалалар муҳокама қилинди.

27 январ куни президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида пойтахтда хавфсиз муҳитни шакллантириш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда ИИВ тизими ҳам қаттиқ танқид қилиниб, кўплаб юқори лавозимдаги амалдорлар талон-тарожликлар билан айбланётгани маълум қилинди. Бир қанча расмийлар ишдан кетди, айримлари қамоққа олинди.

Kun.uz'нинг шу мавзу таҳлилига аталган суҳбатида инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов ҳамда сиёсий таҳлилчи Ҳамид Содиқ бу ҳаракатлар нимани англатиши ва ҳукумат олдида қандай вазифалар тургани ҳақида фикрларини билдиришди. Қуйида интервюдан қисқа шарҳ келтирилади.

50 дан ортиқ одамлар қамоққа олинган” – инсон ҳуқуқлари фаоли

Ташанов бу картинада асосий эътибор қаратиладиган нуқта коррупция билан боғлиқ эканини айтмоқда. Унинг маълумот беришича, бунинг ортидан 50 нафардан зиёд одам қамоққа олинган.

Бош прокуратуранинг коррупцияга қарши кураш бош бошқармаси томонидан бир нечта жиноят ишлари олиб бориляпти. Буларнинг, демак, биринчиси — Ички ишлар вазирининг ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва департамент бошлиғи Турсуновларга оид жиноят иши. Менинг билишимча, ҳозир 50 дан ортиқ одамлар қамоққа олинган. Демак, Ички ишлар вазирлиги, жиноий жазоларни ижро этиш, йўл-патрул, ҳатто Молия вазирлигидан ва камбағалликни қисқартириш вазирликлари тизимидан бир неча мулозимлар ҳибсга олинган.

Умумий келтирилган дастлабки зарарлар миқдори ҳозир 185 миллиард сўм ҳақида, яъни 15 миллион доллардан ортиқ эканлиги айтиляпти. Энди бу ўша пойтахтда “ақлли светофорлар” жорий этиш билан боғлиқ катта талан-тарожлик[лар билан боғлиқ]. Энди мен ҳозир тергов сирлари бўйича, албатта, мажбурият бор, биз уни очиқлашга ҳаққимиз йўқ. Лекин айтиш мумкинки, хориждан бу нарсалар импорт қилиниши керак бўлган, аммо ўша маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз қанақадир қинғир йўллар билан кўплаб жиноятларни содир этган”, – дейди у.

Инсон ҳуқуқлари фаоли қамоққа олинганларнинг барчаси айбли эканига гумон қилмоқда. Ташанов жараёнда айбсизлар бўлиши мумкин деб ҳисоблайди.