Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
G7 ва ЕИ Хитойни Шимолий Кореяга қарши санкцияларни бузишни тўхтатишга чақиради
«Еттилик гуруҳи» давлатлари ва Европа Иттифоқи Хитойни КХДРга нефть маҳсулотларини ноқонуний етказиб бериш учун ўз ҳудудий сувларидан фойдаланишни тўхтатишга чақиришни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, ғарб давлатлари сунъий йўлдош тасвирларига таяняпти.
«Еттилик гуруҳи» ва Европа Иттифоқи давлатлари, шунингдек, Австралия, Янги Зеландия ва Жанубий Корея Хитой раҳбариятига Шимолий Кореяга нефть маҳсулотларини ноқонуний етказиб бериш учун Хитой ҳудудий сувларидан фойдаланишни тўхтатишга чақирган қўшма хатни имзолади. Хитойнинг БМТдаги вакили Чжан Жунга топширилиши режалаштирилган мактуб мазмуни билан Reuters журналистлари 21 июль, жума куни танишди, деб хабар беради агентлик.
«Биз бир неча нефть танкерларининг мавжудлигидан хавотирдамиз... улар Санша кўрфазидаги ҳудудий сувлардан бошпана сифатида, КХДР билан нефть маҳсулотлари савдосини осонлаштириш учун санкцияларни бузган ҳолда фойдаланмоқда», — дейилади мактубда. Унга сунъий йўлдошдан олинган суратлар илова қилинган бўлиб, улар «бу каби ҳодисалар Хитой юрисдикциясида 2022 йилда содир бўлгани ва 2023 йилда давом этаётганини яққол кўрсатиб турибди», дейилади.
Шу муносабат билан мактубни имзолаган давлатлар Хитойни ўз ҳудудий сувларига кириб келаётган танкерларни текширишга ва агар улар Шимолий Кореяга нефть маҳсулотларини ноқонуний етказиб бераётгани аниқланса, уларни чиқариб юборишга чақирмоқда. Хатда, шунингдек, Хитой сувларида бундай кемаларга хизмат кўрсатишни рад этиш талаби ҳам мавжуд.
Шимолий Корея 2006 йилдан бери ядровий дастури ва ракета синовларини тўхтатишдан бош тортгани учун БМТ санкциялари остида. 2017 йилда КХДРга нефть маҳсулотларини етказиб беришга чеклов жорий қилинган — чегара йилига 500 минг баррель этиб белгиланган.
Бироқ, бу санкциялар мунтазам равишда бузиляпти. Шу тариқа, 2020 йилда 40дан ортиқ мамлакатлар Шимолий Кореянинг нефть маҳсулотларини импорт қилиш қоидаларини бузгани юзасидан БМТ санкциялар қўмитасига шикоят билан мурожаат қилди. Ҳужжатда қайд этилишича, биргина 2020 йил дастлабки беш ойида 56та танкер КХДРга 1,6 миллион баррелдан ортиқ нефтни ноқонуний етказиб берган. Шунга ўхшаш шикоятлар аввалроқ ҳам келиб тушган, аммо улар Россия ва Хитой томонидан блокланган.