09:56 / 26.07.2023
6421

«Ғалла битими» муваффақиятсизлиги: ХВЖ ғалла нархи кескин ошишини прогноз қилди

Халқаро валюта жамғармаси жаҳон иқтисодиёти COVID-19 пандемияси ва Украинадаги уруш таъсиридан тикланаётганини таъкидлади, бироқ айни пайтда хавф-хатарлар ҳақида огоҳлантирди.

Фото: Ozan Kose/AFP/Getty Images

Россиянинг Қора денгиз ғалла ташаббусидан чиқиши фонида жаҳонда ғалла нархи 10-15 фоизга ошиши мумкин. Бу ҳақда 25 июль, сешанба куни журналистлар билан суҳбатда иқтисодий маслаҳатчи ва Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Тадқиқот департаменти директори Пьер-Оливье Гуринша маълум қилди

«Ғалла шартномаси» туфайли Украинадан катта ҳажмдаги дон жаҳон бозорига чиқаётган эди, бу озиқ-овқат соҳасида нарх босимини юмшатганди, дея тушунтирди эксперт. 

Шу билан бирга, у, умуман олганда, жаҳон иқтисодиёти Украинадаги урушнинг салбий оқибатларидан, шунингдек, ундан олдинги COVID-19 пандемиясидан босқичма-босқич тикланаётганини таъкидлади. «Қисқа муддатда тараққиёт белгиларини инкор этиб бўлмайди. Лекин қувонишга ҳали эрта, чунки муҳим хавфлар сақланиб қолмоқда», - деди Гуринша. 

Шу куни ХВЖ томонидан эълон қилинган глобал бозор прогнози апрель ойида тақдим этилган охирги прогнозга қараганда анча оптимистик бўлди. Янги маълумотларга кўра, иқтисодчилар жорий йилда жаҳон ялпи ички маҳсулоти 3,0 фоизга ўсишини кутмоқда. Таққослаш учун, апрель ойида ХВЖ жаҳон иқтисодиёти учун олдинги ўсиш кутилмаларини 2,9 фоиздан 2,8 фоизга туширган эди. ХВЖ томонидан 2024 йилга мўлжалланган прогнозлар ўзгаришсиз қолди: жаҳон ялпи ички маҳсулоти келгуси йилда 3,0 фоизга ўсиши кутилмоқда, дея ҳисоблайди экспертлар. 

Шу билан бирга, ХВЖ Россия иқтисодиёти бўйича ўз прогнозларини яхшилаган. Унга кўра, Россиянинг Украинага ҳужуми натижасида жорий этилган санкцияларга қарамай, жорий йилда Россия ялпи ички маҳсулоти 1,5 фоизга ўсади. Бу апрель ойида кутилганидан 0,8 фоизга кўпдир. 2024 йилда ХВЖ маълумотларига кўра, Россия ялпи ички маҳсулоти 1,3 фоизга ошади. 

Top