Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Инфляция пасайиши секинлашса, монетар сиёсатни янада қатъийлаштиришга тайёр туриш керак — ХВЖ
Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон ҳукуматига бир қатор муҳим тавсия ва хулосалар берди. Қайд этилишича, прогнозлар бўйича ноаниқликлар ҳануз юқори даражада сақланиб қолмоқда. Асосий хатарлар глобал иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви билан боғлиқ бўлиб, геосиёсий кескинликнинг кучайиши ташқи талабнинг қисқаришига, экспорт нархларининг пасайишига ва халқаро молия бозорларидаги шароитларнинг қаттиқлашишига олиб келиши мумкин.
Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ўзбекистонни ички талабнинг юқорилигича сақланиб қолаётгани, ижобий ишлаб чиқариш тафовути, шунингдек Яқин Шарқдаги уруш билан боғлиқ эҳтимолий инфляцион босимни ҳисобга олган ҳолда, пул-кредит сиёсатининг етарлича қатъий йўналишини сақлаб қолишга чақирди. Бу ҳақда ХВЖ ва Ўзбекистон ўртасидаги 2026 йилги маслаҳатлашувлар якунлангани юзасидан ташкилот эълон қилган баёнотда келтириб ўтилган.
2025 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллиги иқтисодий фаолликнинг юқори бўлиши ҳамда олтин нархларининг қимматлиги ҳисобига 2,1 фоизгача қисқарди. Олтин нархларининг юқори бўлиши, пул ўтказмалари ўсишининг сақланиб қолиши ва олтинсиз экспортнинг ошиши жорий операциялар ҳисоби тақчиллигини ҳам ЯИМга нисбатан 3,9 фоизгача камайтиришга ёрдам берган. Шунингдек, халқаро захиралар ҳам етарли даражада сақланиб қоляпти.
«Асосий иқтисодий прогноз ижобийлигича қолмоқда. Ҳозирча Яқин Шарқдаги уруш билан боғлиқ иккиламчи таъсирлар чекланган даражада кузатилмоқда. ХВЖ прогнозига кўра, реал ЯИМ 2026 йилда тахминан 6,8 фоизга, 2027 йилда эса 6 фоизга ўсади. Бунга хусусий истеъмолнинг юқори даражада қолиши, инвестициялар ҳажмининг кўпайиши ва таркибий ислоҳотларнинг изчил давом этиши ёрдам беради. Прогнозларга кўра, олтин нархларининг юқори бўлиши ҳисобига 2026 йилда жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги ЯИМга нисбатан 3,2 фоизгача қисқаради. Халқаро захиралар ҳам қулай даражада сақланиб қолади ва 2026 йил охирига келиб 12 ойлик импорт ҳажмини қоплаш имконини беради.
Прогнозлар бўйича ноаниқликлар ҳануз юқори даражада сақланиб қолмоқда. Асосий хатарлар глобал иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви билан боғлиқ бўлиб, геосиёсий кескинликнинг кучайиши ташқи талабнинг қисқаришига, экспорт нархларининг пасайишига ва халқаро молия бозорларидаги шароитларнинг қаттиқлашишига олиб келиши мумкин. Ички хатарлар қаторига бюджет харажатларининг иқтисодий циклга мос равишда ортиб кетиши, мақсадли ва имтиёзли кредитлаш амалиётининг давом этиши ҳамда таркибий муаммоларни бартараф этишдаги кечикишлар киради. Бундан ташқари, таркибий ислоҳотлар кутилганидан тезроқ амалга оширилса, иқтисодий ўсиш прогноз қилинган даражадан ҳам юқори бўлиши мумкин», дейилади ХВЖ ҳисоботида.
Халқаро экспертларнинг таъкидлашича, мавжуд шароитларда эҳтиёткор иқтисодий сиёсат юритиш, шу билан бирга, барқарор ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш учун таклиф томонидаги ислоҳотларни давом эттириш муҳим.
Фискал сиёсат
Фискал сиёсатда асосий эътибор иқтисодиётнинг қизиб кетиши хавфини камайтириш ва молиявий захираларни тиклашга қаратилиши лозим. 2026 йилда, айниқса, бюджет даромадлари режалаштирилганидан юқори бўлиши эҳтимоли мавжуд эканини ҳисобга олиб, талаб босимини кучайтиришга йўл қўймаслик зарур. Йил давомида харажатларни оширишни чеклаш инфляцияни пасайтиришга ва иқтисодий сиёсатга бўлган ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
«Келгусида фойдали қазилмалар секторидан олинадиган даромадлар тебранишининг бюджет харажатларига таъсирини самаралироқ чеклайдиган фискал тизимни такомиллаштириш макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Қўшимча операцион мўлжални жорий этиш (масалан, фойдали қазилмалардан олинадиган даромадларни ҳисобга олмаган ҳолдаги бирламчи бюджет тақчиллигининг максимал чегарасини белгилаш) иқтисодий циклга боғлиқ харажатларнинг ортиб кетишини камайтириб, зарур ҳолларда мослашувчан чоралар кўриш имконини сақлаб қолади», дейилади баёнотда.
Шунингдек, айрим акциз солиқларини ошириш, имтиёзлар ва солиқ таътилларини қисқартириш, шунингдек, солиқ ва божхона маъмурчилигини кучайтириш сўнгги йилларда кузатилаётган солиқ тушумларининг ЯИМга нисбатан улуши пасайишини тўхтатишга ёрдам беради.
Пул-кредит сиёсати
Пул-кредит сиёсати Марказий банкнинг инфляция бўйича мақсадли кўрсаткичига эришишга қатъий йўналтирилган бўлиши керак. Ички талабнинг юқори даражада сақланиб қолаётгани, иқтисодиётда ижобий ишлаб чиқариш тафовути мавжуд бўлиши эҳтимоли ҳамда Яқин Шарқдаги уруш билан боғлиқ инфляцион босимлар хавфини ҳисобга олиб, етарлича қатъий пул-кредит сиёсатини сақлаб туриш мақсадга мувофиқдир. Шу билан бирга, инфляциянинг пасайиш суръатлари секинлашган тақдирда сиёсатни янада қатъийлаштиришга тайёр туриш зарур.
Валюта курси мослашувчанлигининг эришилган даражасини сақлаб қолиш иқтисодий зарбаларни юмшатиш, халқаро захираларни ҳимоя қилиш ва инфляцияни таргетлаш тизимининг самарали ишлаши учун муҳим аҳамиятга эга. Валюта бозорларини ривожлантириш, ликвидликни бошқаришни кучайтириш ва мақсадли ҳамда имтиёзли кредитлашдан босқичма-босқич воз кечиш пул-кредит сиёсатининг иқтисодиётга таъсир механизмини янада кучайтиради.
«Давлат банкларини реструктуризация қилиш ва хусусийлаштиришни жадаллаштириш, активлар сифатини яхшилаш ҳамда Марказий банк мустақиллигини таъминлаш ресурсларни самаралироқ тақсимлаш ва фискал хатарларни камайтириш учун муҳим аҳамиятга эга. Молиявий инклюзия бўйича ташаббуслар мақсадли ва имтиёзли кредитлашга ёки маъмурий тартибга солиш чораларига эмас, балки рақобат, шаффофлик ва хатарларни тўғри бошқариш тамойилларига асосланиши керак. Акс ҳолда, бундай чоралар молия институтлари балансларини заифлаштириши мумкин», дейилади ХВЖ баёнотида.
Давлатнинг иқтисодиётдаги ролини қисқартириш ва бозор институтларини мустаҳкамлаш меҳнат унумдорлиги ҳамда хусусий секторнинг ўсиш салоҳиятини оширишнинг асосий омиллари бўлиб қоляпти. Давлат корхоналарини ислоҳ қилишни давом эттириш — имкон қадар уларни хусусийлаштириш ва давлат мулки сақланиб қолган ҳолларда корпоратив бошқарувни кучайтириш — барча бозор иштирокчилари учун тенг шароит яратишга ва хусусий инвестицияларни жалб этишга ёрдам беради.
Мавзуга оид
17:46 / 10.06.2026
Самарқанд туманлари қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва қайта ишлаш саноатига ихтисослашган ҳудуд сифатида ривожлантирилади
10:53 / 24.04.2026
Еврозонада бизнес фаоллиги пасайди: харажатлар босими кучаймоқда
17:06 / 18.04.2026
Эрон уруши таъсири ва нақдсиз тўлов мантиқсизликлари — Беҳзод Ҳошимов билан суҳбат
20:30 / 14.04.2026