Украина қарши ҳужуми: Ғарб зирҳли техникалари Россия мудофаасига қарши
BBC нашри мухбири жанубий фронтдаги Украина қўшинлари қароргоҳига сафар қилиб, Киев қарши ҳужуми қандай давом этаётгани, шунингдек, ҳарбийлар Россия мудофаасини ёриб ўтишда қандай қийинчиликларга дуч келаётгани ҳақида мақола тайёрлади.
Украина жанубидаги қарши ҳужумга жавобгар бўлган «Таврия» тезкор-стратегик кучлар гуруҳи қўмондони генерал Олександр Тарнавскийнинг айтишича, Россия бир неча қатор мудофаа чизиқларини ва миналанган майдонларни қурган, бу эса ҳарбий техника, жумладан Ғарб танклари ва зирҳли транспортёрларининг (БТР) олдинга силжишига тўсқинлик қилмоқда.
«Аксарият вазифаларни пиёдалар бажаришига тўғри келяпти», дейди генерал.
Унинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбийлар Украина қўшинларининг тезкорлик билан олдинга силжишига имкон бермай, профессионал хислатларини намойиш этмоқда.
«Мен душманга паст баҳо бермайман», дея қўшимча қилган генерал Тарнавский.
Ғарб томонидан етказиб берилган танклар ва зирҳли машиналар вазиятни Украина фойдасига буриши мумкинлигига далиллар ҳозирча кам.
Қарши ҳужумнинг дастлабки кунларида Запорижжя областидаги Орихив шаҳри яқинида бир нечта Leopard танклари ва АҚШнинг Bradley жанговар машиналари ишдан чиқарилган ёки йўқ қилинган.
Россия позицияларини ёриб ўтиш учун асосан ғарблик иттифоқчилар томонидан ўқитилган ва қуроллантирилган Украина қўшинларининг 47-бригадаси тез орада миналанган майдонлар, кейин эса артиллерия ўқлари ёрдамида тўхтатилди.
Россия Украина қарши ҳужуми муваффақиятсизликка учраганини таъкидлаб, далил сифатида бир нечта видео келтирди. Аммо бу ҳал қилувчи зарба эмас, балки биринчи муваффақиятсизлик эди.
BBC журналистлари 47-бригаданинг фронт чизиғи ортидаги ўрмонга яширинган дала устахонасига ташриф буюрган, у ерда ўндан ортиқ зирҳли машиналар, асосан АҚШнинг Bradley машиналарини таъмирлашга ҳаракат қилишмоқда.
Бу машиналар армия ихтиёрига етиб келганда, уларда ҳеч қандай тирналиш ҳам йўқ эди. Ҳозирда эса улар жанговар чандиқлар билан қопланган.
Узилган гусеницалар, буришиб қолган темир ғилдираклар бир нечта жанговар машина Россия миналарида портлаб кетганидан далолат беради.
«Биз уларни қанчалик тез тузатсак, кимнингдир ҳаётини сақлаб қолиш учун уларни тезроқ олдинги сафга қайтаришимиз мумкин», дейди муҳандислардан бири Сергей.
У баъзи машиналарни таъмирлаб бўлмаслигини тан олган — уларни ё эҳтиёт қисмларга бўлиш ёки қайта тиклаш учун «ҳамкорларга қайтариш» керак бўлади.
Ғарб зирҳли техникалари Украина қўшинларини мустаҳкам мудофаа билан таъминлаган бўлса-да, улар қарши ҳужумга халақит берувчи асосий тўсиқлардан бирига айланган Россиянинг миналанган майдонларини ёриб ўта олмади.
Жанубий фронт бўйлаб сафар пайтида журналистлар Буюк Британия томонидан етказиб берилган, шикастлангани ва йўқ қилинган Mastiff зирҳли машиналарини ҳам учратган.
47-бригада миналарни тозалашда совет даврига мансуб эски танклардан фойдаланади. Аммо махсус жиҳозлар билан жиҳозланганига қарамай, улар ҳар доим ҳам ўзларини ер остига кўмилган портловчи моддалардан ҳимоя қила олмайди.
Фронт чизиғига яқинроқ жойда, танк командири Максим журналистларга ўзининг яқинда шикастланган Т-64 танкини кўрсатган. Танк олд томондан иккита мина трали билан жиҳозланган, бироқ миналанган майдонларни тозалашга уринаётганда уларнинг биридан айрилган.
«Одатда бизнинг траллар тўртта портлашгача бардош бера олади», дейди Максим. Унинг сўзларига кўра, рус қўшинлари миналардан тозалаш ускуналарини йўқ қилиш учун миналарни бир-бирининг устига қўяди.
«Бу жуда қийин, чунки миналар жуда кўп», дейди Максим. Унинг айтишича, Россия мудофаа чизиғи олдида кўпинча тўрт қатордан ортиқ миналанган майдонлар бўлган.
Украина кўнгиллилар армиясининг «Док» лақабли ҳаво разведкаси командири ва унинг бир гуруҳ разведкачи-дрон операторлари жангларни оғриқ билан кузатган.
«Док» 2022 йил кузида Херсондаги муваффақиятли қарши ҳужумда иштирок этган. Унинг сўзларига кўра, бу сафар ҳамма нарса анча мураккаб бўлиб чиқди: уруш даврида биринчи марта аскарлар артиллерия зарбаларидан эмас, миналардан кўпроқ яраланмоқда.
«Биз олдинга силжишимиз билан ҳамма жойда миналанган майдонларни кўрамиз», дейди у.
«Док» журналистларга Украина қўшинлари Россия окоплари томон ҳаракатланганининг дрондан олинган видеосини кўрсатган.
Аскарлар хандаққа етиб бориши билан кучли портлаш содир бўлади. Хандақ бўш, лекин миналар билан тўлдирилган эди. «Док»нинг сўзларига кўра, Россия қўшинлари эндиликда масофадан бошқариладиган миналардан фойдаланмоқда.
«Аскарларимиз хандаққа етиб борганда, руслар шунчаки тугмачани босади ва мина портлаб, дўстларимизни ҳалок қилади», дейди командир. Сўнгги икки ҳафта ичида у бундай тактика билан бир неча бор тўқнаш келган. «Док» буни «янги қурол» деб атаган.
Украинанинг жанубдаги ҳужумида ҳарбий мантиқ бор. Бу рус қўшинларини парчалаш ва босиб олинган Мелитопол ва Мариуполдан Қримгача бўлган ҳудудларга чиқиш учун асосий уринишдир. Аммо бу йўналишга эътибор қаратиш, Украина Россия мудофаа чизиғининг энг мустаҳкамланган жойларига ҳужум қилишини англатади.
Генерал Тарнавскийнинг айтишича, унинг қўшинлари «оғир ва машаққатли вазифа»ни бажармоқда.
«Ҳар қандай ҳимояни ёриб ўтиш мумкин, аммо бунинг учун вақт, сабр ва ақлли ҳаракатлар керак», дейди генерал.
Унинг фикрича, Украина душманни аста-секин заифлаштирмоқда.
«Россия йўқотишлар учун қайғурмайди ва унинг ҳарбий раҳбариятидаги сўнгги ўзгаришлар уларда ҳаммаси жойида эмаслигини билдиради», деган Тарнавский.
Генералнинг таъкидлашича, Украина ҳалигача асосий зарба берувчи кучларини ишга солаётгани йўқ.
«Аста-секин бўлса-да, қарши ҳужум давом этмоқда ва у албатта ўз мақсадига эришади», дейди у.
BBC журналисти генерал Тарнавскийдан қарши ҳужумнинг муваффақияти ёки муваффақиятсизлигини қандай баҳолаш мумкинлигини сўраган.
«Агар ҳужум муваффақиятли бўлмаганида, мен ҳозир сиз билан гаплашмаётган бўлардим», дея табассум билан жавоб берган генерал.