Иқтисодиёт | 15:20 / 31.07.2023
24941
3 дақиқада ўқилади

Бюджет тақчиллигининг чекланган миқдори кескин оширилиши мумкин

Давлат бюджети дефицитининг ЯИМга нисбатан чекланган миқдорини 5 фоизга ошириш таклиф қилиняпти. Бу ҳукуматнинг жорий йилда ҳам қонунда кўрсатилган 3 фоизлик лимитга “сиғмаётганидан” дарак беради. Куни кеча Марказий банк иқтисодиётда нархлар барқарорлигини сақлаш учун лимитга амал қилиш муҳимлигини билдирганди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон ҳукумати 2023 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллигининг ЯИМга нисбати 5 фоиздан юқори бўлмаслигини таъминлаш ниятида. Бу – Президент администрацияси эълон қилган президент қарори лойиҳасида кўзда тутилган.

Лойиҳа – “Ўзбекистон-2030” стратегиясини 2023 йилда амалга ошириш чоралари ҳақида. Ундаги иқтисодий мўлжалларда жорий йил ЯИМ ўсиши камида 5,3–5,5 фоиз, инфляция 9–9,5 фоизгача, бюджет дефицити 5 фоизгача бўлишини таъминлаш назарда тутилган.

Йил охиригача асосий капиталга инвестициялар 29,6 млрд долларга, экспорт 23,6 млрд долларга етказилиши режа қилинмоқда. Иқтисодиёт ва аҳолига йил якунига қадар 55,6 млрд куб метр табиий газ етказиш кўзда тутилган.

2023 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонун билан, жорий йилда консолидациялашган бюджет тақчиллигининг чекланган миқдори ЯИМга нисбатан 3 фоиз миқдорида белгиланган. Қонунга кўра, йил давомида давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан дефицитни молиялаштириш учун олинадиган қарзлар миқдори 2,0 млрд доллардан ошмаслиги керак.

27 июл куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов давлат бюджети тақчиллиги белгиланган лимитдан “бироз юқорилаб” кетгани, бюджет харажатларининг ошишида табиий газ импорти катта ўрин тутганини айтганди.

Шу куни Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш қарори юзасидан эълон қилган релизида айтилгандики, ўрта муддатли истиқболда иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлаш учун пул-кредит ва фискал сиёсатларни ўзаро уйғун ҳолда олиб бориш мақсадларидан келиб чиқиб, бюджет дефицити белгиланган параметрлар даражасидан ошмаслигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунда ҳам дефицит бўйича 3 фоизлик лимит кўрсатилган, лекин давлат харажатлари даромадлардан кескин ортиб кетиши ортидан, бюджет қонунига ўзгартириш киритилиб, лимит 4 фоизга кўтарилганди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги шу йил 13 январдан бошлаб бюджет даромадлари ва харажатларини очиқлашни тўхтатиб қўйган. Бу йилнинг дастлабки ҳафталарида, энергетика инқирози фонида бюджет харажатлари даромадларга қараганда 2 баробардан кўпроққа ошиб кетиши ортидан рўй берганди.

“Ўзбекистон-2030” стратегияси лойиҳасида консолидациялашган бюджет тақчиллигини 2024 йилда ЯИМга нисбатан 3 фоиздан, келгуси йилларда 2 фоиздан оширмаслик режа қилинган.

Бу стратегия ва уни 2023 йилда амалга оширишга оид ҳаракатлар режаси лойиҳалари муҳокамаси 15 августгача давом этади.

Мавзуга оид