Жаҳон | 13:21 / 31.07.2023
27372
6 дақиқада ўқилади

Нигердаги давлат тўнтариши: қўшни мамлакатлар қўшин киритиш билан таҳдид қилмоқда

Ғарбий Африка давлатлари етакчилари Нигерда ҳокимиятни эгаллаб олган ҳарбий хунта етти кун ичида қонуний сайланган президент Муҳаммад Базумни ҳокимиятга қайтариши кераклигини билдирди. Акс ҳолда улар ҳарбий куч қўллаш билан таҳдид қилишди.

Фото: EPA

Нигердаги давлат тўнтариши кўплаб халқаро ташкилотлар, жумладан Африка иттифоқи, Ғарбий Африка минтақавий блоки (Ecowas), ЕИ ва БМТ томонидан қораланди.

Якшанба куни Ecowas давлатлари етакчилари минтақадаги навбатдаги ҳарбий давлат тўнтаришидан кейин эҳтимолий чораларни муҳокама қилиш учун қўшни Нигерияда шошилинч саммитга йиғилди: аввалроқ Мали ва Буркина-Фасода ҳам ҳарбийлар ҳокимиятни эгаллаб олганди.

Саммит якунида ўқиб эшиттирилган баёнотда блок «давлат тўнтаришларига мутлақо тоқат қилмаслик» сиёсатига амал қилиши ва агар уларнинг қонуний президентни ҳокимиятга қайтариш талаби бажарилмаса, «конституцион тартибни тиклаш учун барча зарур чоралар кўрилиши» айтилган.

Шунингдек, унда қайд этилишича «бундай чора-тадбирлар куч ишлатишни ўз ичига олиши мумкин» ва Ғарбий Африка давлатлари ҳарбий бошлиқлари бу амалиётни режалаштириш ва ўз ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун «зудлик билан» учрашиб олиши керак.

Ғарбий Африка давлатлари етакчилари шунингдек Нигер ҳудуди устидан ҳар қандай тижорий рейслар амалга оширилиши зудлик билан тўхтатилиши ва барча қуруқлик чегаралари ёпилиб, хунтага қарши молиявий санкциялар қўлланишини эълон қилишди. Давлат тўнтаришида иштирок этган ҳарбийларга минтақа давлатларига кириш тақиқланади, уларнинг активлари эса музлатилади.

Хунта раҳбари ўринбосари генерал Салифу Моди (ўнгда) Сад президенти билан учрашди (чапда)

Бу саммит арафасида президент гвардияси раҳбари, ўзини Нигернинг янги раҳбари деб эълон қилган генерал Абдураҳмон Чиани Ecowas аъзолари ва ғарб мамлакатларини ҳар қандай ташқи аралашув оқибатларидан огоҳлантирди.

«Биз яна бир бор Ecowas ёки бошқа ҳар қандай авантюристга ўз ватанимизни ҳимоя қилиш бўйича қатъий қароримизни такрорлаймиз», — дейилган телевидение орқали ўқиб эшиттирилган баёнотда.

«Франция йўқолсин! Яшасин Россия!»

Ағдарилган президент ҳақида пайшанба тонгидан буён маълумот йўқ, ўшанда у ўзининг президентлик саройида уй қамоғига ташланганди. ЕИ, Франция ва бошқа мамлакатлар Базумни Нигернинг қонуний раҳбари деб ҳисоблашда давом этишмоқда.

Бу вақтда давлат тўнтаришининг юзлаб тарафдорлари мамлакат пойтахти Ниамейдаги Франция элчихонаси атрофида тўпланишди. Улар «Франция йўқолсин!» дея ҳайқиришди ва французлар байроғини ёқиб юбориб, француз элчихонасига тош улоқтиришди.

Франция элчихонаси олдида йиғилган оломон. Фото: Reuters

Полиция уларни фақат кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган ҳолда тарқатишга муваффақ бўлган.

AFP агентлиги хабар беришича, исёнчилардан айримлари «Яшасин Россия!» ва «Яшасин Путин!» дея ҳайқиришган. Бу эса яна бир бор французларнинг собиқ мустамлакаси ҳарбий давлат тўнтаришидан кейин Россия томон юз буриши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни тасдиқлайди. Мали ва Буркина-Фасода ҳокимият ҳарбийлар қўлига ўтганидан кейин ҳам шундай бўлганди.

Лекин Россия расман Нигерда ҳарбийлар ҳокимиятни қўлга олганини қоралаган. Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров «давлат тўнтариши — конституцияга зид ҳаракат» экани ва Нигерда «конституцион тузум тикланиши зарурлиги»ни таъкидлаган.

Шу билан бирга, интернетнинг Россия сегментида, жумладан «Вагнер» ХҲКга яқин бўлган пабликларда хусусий ҳарбий компания раҳбари Евгений Пригожиннинг овозли хабари тарқалмоқда, у исёнчиларни мақтаган ва давлат тўнтаришини ғалаба деб атаган.

«Нигерда содир бўлган воқеа — Нигер халқининг мустамлакачилар билан, уларни Африкада юзлаб йиллар олдин бўлган давлатда сақлаб қолишга уринаётганлар билан курашидир. (…) Бу амалда мустақилликка эришиш ва мустамлакачилардан қутулишдир», — деган овози Пригожинникига ўхшаш одам.

Транспарантда шундай ёзилган: «Яшасин Нигер, Яшасин Россия»

Малида хунта жангари гуруҳларга қарши курашишда ёрдам учун «Вагнер» ХҲКни мамлакатга таклиф этган.

БМТнинг шу йил май ойида эълон қилинган ҳисоботида айтилишича, «Вагнер» ХҲК бу мамлакатда 500 дан ортиқ тинч аҳоли вакиллари ўлдирилган Мура қирғинида бевосита иштирок этган.

Ғарб реакцияси

Нигернинг ағдарилган президенти Муҳаммад Базум минтақадаги ҳарбийлашган исломий гуруҳларга қарши курашда қўшнилар билан ҳам, ғарб мамлакатлари билан ҳам яқиндан ҳамкорлик қиларди.

Шанба куни ЕИ ва Франция Нигерни молиявий қўллаб-қувватлашни ҳамда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни тўхтатишини маълум қилди.

ЕИ ташқи сиёсий ишлар идораси раҳбари Жозеп Боррел Евроиттифоқ Нигерда ҳарбий исён орқали ҳокимиятга келган янги ҳукуматни тан олмаслиги ва бундан кейин ҳам тан олмоқчи эмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Муҳаммад Базум «Нигернинг ягона легитим президенти» бўлиб қолади ва уни зудлик билан озод қилиш керак.

Аввал Нигер ғарбдан, жумладан ЕИ ва АҚШдан Саҳел минтақасида вазиятни беқарорлаштирувчи исёнчиларга қарши курашда иттифоқчи сифатида каттагина ёрдам оларди (Саҳел - Африканинг тропик саванналар региони бўлиб, 300 млн аҳоли яшайдиган 12 давлатни, жумладан Мали, Нигер, Буркина-Фасо ва Чадни ўз ичига олади).

Сўнгги йилларда француз қўшини ва БМТ контингенти Малини тарк этишга мажбур бўлди, аммо Франциянинг бир ярим минг аскари ҳамон Нигерда бўлиб турибди.

Базумнинг ағдарилиши эса француз аскарлари тўлиқ чиқиб кетишига ҳамда Нигернинг ўзида ҳам, бутун минтақада ҳам хавфсизлик билан боғлиқ вазият оғирлашишига олиб келиши мумкин.

Базум Украина президенти билан ҳам яхши алоқалар ўрнатган ва аннексия қилинган Қрим яриморолини Киев назоратига қайтариш учун тузилган «Қрим платформаси»га қўшилганди.

BBC Украина хизмати корреспонденти Георгий Эрманнинг сўзларига кўра, Нигерда ҳарбий хунта ҳокимиятга келиши Украина Африкадаги дўстларидан бирини йўқотганини англатиши мумкин.

Мавзуга оид