Жамият | 19:38 / 02.08.2023
32079
11 дақиқада ўқилади

“Ўзавтосаноат-лизинг” суд жиноятчи деб топган ходими ҳимояси учун 1 млрд сўмга адвокат ёллади

Суд ҳукми билан лавозимда қолиши чекланган ходим Kun.uz суриштирув бошлагач ишдан бўшатилди. Давлатга қарашли компания аввалроқ фуқаро манфаатларига 16 млрд зарар етказган бу ходими учун адвокат ёллаган, натижа учун эса 1 млрд сўмгача хизмат ҳақи белгилаган.

Фото: Kun.uz

“O‘zavtosanoat-Leasing” ҳақида икки оғиз

“O‘zavtosanoat-Leasing” МЧЖ 2006 йил 14 июндаги президент фармонига биноан таъсис этилган. Дастлаб “O‘zavtosanoat” АЖ (80,4%) ва АТБ “Асакабанк” (19,6%) ҳаммуассислари бўлган.

Айни пайтда унинг 100% улуши Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ихтиёрида.

“O‘zavtosanoat-Leasing” МЧЖ ҳақидаги маълумотлар Скриншот: Stat.uz

Компания билан боғлиқ бир жиноят тарихи

Компаниянинг лизинг лойиҳалари сотуви бўлими менежери Н.Н. дилерлик хизматини кўрсатувчи “International Consalting Machinery” МЧЖ раҳбари Э.А. билан жиноий тил бириктирган ҳолда компания мижозига 16 млрд сўмдан ортиқ зарар етказади.

Воқеанинг қисқача тафсилоти қуйидагича. “O‘zavtosanoat-Leasing” МЧЖ лизинг лойиҳалари сотуви бўлими менежери Н.Н. “International Consalting Machinery” МЧЖ раҳбари Э.А. билан жиноий тил бириктирган ҳолда тадбиркор О.Нурматов эгалик қиладиган корхона (“Diamond Star Trans” МЧЖ) билан шартномада келишилган, газда ҳаракатланувчи, контейнер ташишга мўлжалланган юк машиналари ўрнига Хитойда ишлаб чиқарилган, давлат стандартлари талабларига жавоб бермайдиган “САМС” русумли техникаларни олиб келиб, техник параметрларини нотўғри кўрсатган ҳолда топширган.

Бунинг натижасида О.Нурматовга тегишли бу корхона лизингга олган ностандарт техникаларни ишлата олмасдан, компанияга қайтариб берган. Юк машиналари Давлат стандартлари агентлиги хулосасига кўра ностандарт деб топилган.

Бу ҳолат тадбиркорнинг аризаларидан кейин тергов йўли билан текширилган ва якунда иш судга оширилган. Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2022 йил 18 октябрдаги ҳукми билан Н.Н. ва Э.А.лар Жиноят кодексининг 28,170-моддаси 2-қисми “а, в” бандлари, 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топилган.

“O‘zavtosanoat-Leasing” МЧЖ ходими Н.Н. 1 йил давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 2 йил-у 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган.

Шунингдек, Н.Н.га озодликни чеклаш жазосини соат 22:00 дан 07:00 гача суд ҳукмида кўрсатилган манзилда ўтиш, назорат қилувчи органнинг рухсатисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳудудидан ташқарига чиқмаслик, спиртли ичимлик ичмаслик, оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказиш жойларида бўлмаслик каби қўшимча чекловлар юклатилган.

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 2 мартдаги ажрими билан биринчи инстанция суди ҳукмининг судланувчиларга нисбатан қисми ўзгаришсиз қолдирилган.

Шу билан бирга, мазкур суд ажримида “O‘zavtosanoat-Leasing” МЧЖдан жабрланувчи О.Нурматов фойдасига 16 млрд 695 млн сўм миқдорида моддий зарар ундирилиши белгиланган.

Олий суд кассация инстанциясининг 2023 йил 22 майдаги ажрими билан Н.Н.нинг айрим қилмишлари Жиноят кодексининг моддалари бўйича қайта квалификация қилинган бўлса-да, унга тайинланган жазолар ўзгаришсиз қолдирилган.

“O‘zavtosanoat-Leasing” МЧЖ директори Р.Юсупов [бу шахс ҳақида мақола сўнгида ўқинг] Н.Н.га оид жиноят иши бўйича суд қарорларидан норози бўлиб, Олий суд раҳбарияти қабулида бўлади ва такрорий кассация шикояти киритади. Олий суд, аввалги инстанциялар ишни тўлиқ ва атрофлича текшириб баҳо берган, деган хулосага келади ва бу шикоятни қаноатлантирмасдан қолдиради.

Йиқилган курашга тўймас...

“O‘zavtosanoat-Leasing” МЧЖ учун судларнинг деярли барча инстанциясида айбли деб топилган ходими шу қадар азиз ва қадрли эди шекилли, уни ҳимоя қилиш учун давлатга қарашли компания пулларидан фойдаланишдан ҳам қайтмади.

“O‘zavtosanoat-Leasing” МЧЖ 2023 йил 21 март куни (апелляция инстанцияси ажрими чиққанидан 19 кун ўтиб, кассация ажрими қабул қилинадиган санадан қарийб 2 ой аввал) адвокатлик фирмаси билан битим имзолайди.

Кейинчалик, компания 2023 йил 8 июн куни (Кассация ажрими қабул қилинганидан 17 кун ўтиб) адвокатлик фирмаси билан тузилган битимга 1-сонли қўшимча келишувни имзолайди. Қўшимча келишувга кўра, адвокатлик фирмасига:

  • Тошкент шаҳар суди апелляция судлов ҳайъатининг ажримидан лизинг компаниясидан моддий зарар (16,7 млрд сўм)ни ундириш қисми тўлиқ чиқариб ташланганда 500 млн сўм;
  • лизинг компанияси ходими Н.Н. тўлиқ реабилитация қилиниб, шу билан бирга Тошкент шаҳар суди апелляция судлов ҳайъатининг ажримидан лизинг компаниясидан моддий зарарни ундириш қисми тўлиқ чиқариб ташланган тақдирда 1 млрд сўм адвокат хизмати тўлаб берилиши белгиланади.

Ҳамма нарса ҳақида ҳеч нарса

“O‘zavtosanoat-Leasing” МЧЖ директорининг биринчи ўринбосари Умиджон Эгамбердиев суд қарорига қўшилмаслиги, терговдаги хатоларга кўз юмилгани, бу ҳақда юқори турувчи инстанцияларга хабар берилгани, бу масала ҳалигача ўрганилаётганини маълум қилди. Бироқ у Kun.uz талабига кўра сўзларини тасдиқлайдиган, ваколатли органлар томонидан берилган ҳеч қандай ҳужжатни тақдим эта олмади.

У айни пайтда ишнинг қайта кассацияга берилгани, турли идораларга берилган сўровлар орқали ишга оид янги далиллар аниқлангани, тез орада ишни кўриб чиққан судя ва прокурорга чора кўрилиши, Одил Нурматовнинг ўзига нисбатан жиноят иши қўзғатилиши кутилаётганини айтди.

Компания расмийсига кўра, кассация босқичида адвокатлар кўзланган натижага эриша олмагани учун адвокатлик фирмаси билан билан тузилган 1 млрд сўм миқдорида мукофот пули берилиши назарда тутилган шартнома бекор бўлган. Шунинг баробарида, у Олий суд қарорларини тан олмаслиги, ҳали масалага узил-кесил нуқта қўйилмаганини иддао қилди. Бу иккита гап бир-бирини инкор қилаётгани ҳақидаги саволга жавобан эса қайта кассацияда адвокатура билан янги шартнома имзоланишини маълум қилди.

Эгамбердиевга кўра, адвокатларга 1 млрд сўмгача миқдорда мукофот пули ваъда қилинган шартнома учун таъсисчидан рухсат олинган. У сўзларининг исботи сифатида Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг ўринбосари Алишер Миралиев имзолаган, адвокатлик фирмаси билан 1 млрд сўм миқдоридаги қўшимча келишувга қарши эмаслиги таъкидланган хатни кўрсатди.

Суд ҳукми билан лавозимида қолиши тақиқланган ходим

Компаниянинг лизинг лойиҳалари сотуви бўлими менежери Н.Н.нинг лавозимида қолишини тақиқловчи суд ҳукми 2023 йил 2 март куни (апелляция инстанцияси ажрими чиққан сана) кучга кирган бўлса-да, у шу йил 1 августга қадар, аниқроғи ҳолат юзасидан Kun.uz сайти суриштирув олиб бораётгани компанияга маълум бўлган санага қадар иш фаолиятини давом эттирди.

Н.Н. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳақидаги буйруқ / Фото: Kun.uz

Суд қарори анча олдин чиққани, нима учун Н.Н. шу пайтгача суд қарорига зид равишда давлат иштирокидаги корхонада мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимда ишлаб келгани, нега бошқа вазифага ўтказилмагани – Пробация хизматидан бу ҳақда ёзма кўрсатма келиб тушмагани билан изоҳланди.

Бироқ Kun.uz ихтиёрида Яшнобод туман ИИО ФМБ Пробация бўлими томонидан компанияга маҳкум Н.Н.ни лизинг лойиҳаларини сотиш бўлими менежери лавозимидан озод этиш ва бу ҳақдаги буйруқдан нусха бериш тўғрисида юборган хабарнома мавжуд ва у 2023 йилнинг 24 июлида имзоланган.

Яшнобод туман ИИО ФМБ Пробация бўлими томонидан “O‘zavtosanoat-Leasing” МЧЖга юборилган хабарнома / Фото: Kun.uz

Пробация хизмати томонидан жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2022 йил 18 октябрдаги ҳукми юзасидан юборилиши керак бўлган хабарнома нима учун 2023 йилнинг 24 июлигача юборилмагани – алоҳида суриштирув мавзуси. Мавриди келса, бу мавзуга яна қайтамиз.

Аммо қўлида суднинг кучга кирган ҳукми турган иш берувчи (Рустам Юсупов) нега ижрони пайсалга солиб келганини ваколатли органлар суриштиргани маъқул.

“Бу айсбергнинг учи холос!”

“O‘zavtosanoat-Leasing” МЧЖ ходими Ҳумоюн Тожибоев Kun.uz билан суҳбатда компаниянинг бир гуруҳ мансабдор шахслари томонидан давлатга катта миқдорда зарар етказиш ва суд ҳукмини ижро этмаслик ҳолати юзасидан раҳбариятга кўп бора билдирги киритгани, улар эътиборсиз қолдирилгач эса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилганини айтмоқда.

“Аслида “Diamond Star Trans” МЧЖ билан юз берган ҳолат айсбергнинг учи холос. Одил Нурматовга ўхшаган жабрланувчилар кўп. Уларнинг аксарияти қонунларни яхши билишмайди, судма суд қатнамайлик деб, техникаларидан воз кечиб кетишган. Бу ерда бўлаётган ишлар жамоатчиликка очиқланса, рақамлардан ақл шошади. Мен буларга қарши курашаверганим учун бошқа бўлимга ўтказиб юборишди”, дейди Ҳумоюн Тожибоев.

Ҳумоюн Тожибоев “ақл шошадиган ишлар” деганда нимани назарда тутгани ҳақида навбатдаги мақолаларимизда сўз юритамиз.

“Ўзавтосаноат-лизинг” директори ҳақида икки оғиз

Бугунги кунда лизинг компаниясига раҳбарлик қилаётган Рустам Юсупов жамоатчиликка бегона эмас: “Ўзавтосаноат” АЖ бошқаруви раисининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари бўлиб фаолият юритган.

У 2020 йилнинг 11 март куни депутат, сенаторлар ҳамда “Ўзавтосаноат” ва UzAuto Motors вакиллари ўртасида бўлиб ўтган шов-шувли мулоқотда автомобилчилар вакилларига раҳбарлик қилган. Бу йиғилишдан кўп ўтмай, у компаниядан кетган ва “O‘zavtosanoat-Leasing” МЧЖ директори этиб тайинланган.

Эътиборлиси, бу компанияга Юсупов аввал ҳам (2011–2013 йилларда) раҳбарлик қилган.

Ваколатли органлар бу ишлардан хабардор

Юқорида адвокатлик фирмаси билан 1 млрд сўмга шартнома қилишда Давлат активларини бошқариш агентлигининг розилиги олингани ёзилди. Демакки, бу ишлардан юқори турувчи органлар хабардор.

Бундан ташқари, журналистик суриштирув ўтказиларкан, “Ўзавтосаноат” АЖ вакили ҳам таҳририят билан боғланиб, компания вакилларини эшитиб кўришни “тавсия” қилишди. Бу ҳам ушбу ташкилотда бўлаётган ишлардан “юқори”нинг хабардор эканидан далолат.

Энди нима бўлади?

“O‘zavtosanoat-Leasing” МЧЖ вакилининг маълум қилишича, айни пайтда ташкилот фаолияти текширилаётган бўлиши мумкин. Боиси текширишга арзирли эҳтимолий қонунбузарликлар талайгина.

Кузатишда давом этамиз.

Жамшид Ниёзов,
Kun.uz

Мавзуга оид