Ривожланган давлатларда чуқур ўрганилган таҳлилий маълумотларнинг бозори шаклланган. Бу бозорда сотувчилар – ақл марказлари, буюртмачи-харидорлар эса – давлат, жамоат ташкилотлари ва йирик компаниялар. Ўзаро рақобатлашадиган ақл марказлари қарор қабул қилувчиларнинг столига бир-биридан мустақил, муқобил вариантлардаги таҳлилий хулосалар ва ечим-таклифларни қўя олади. Албатта, арзон нархга эмас.

Хўш, Ўзбекистонда бу борада ҳолат қандай? Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури бу галги сони – ақл марказлари ҳақида.

Мавзуни таҳлил қилиш учун студиямизга соҳа мутахассислари – “Билим карвони” таҳлил маркази раҳбари Фарҳод Толипов, Тошкент давлат шарқшунослик университети Таҳлилий тадқиқотлар маркази директори Сайфиддин Жўраев ва сиёсий фанлар доктори Фарҳод Каримовни таклиф этдик.

— Ақл марказларининг жамият сиёсий онгини оширишдаги ўрни қандай?

Сайфиддин Жўраев: Ақл марказларининг долзарб бўлишига сабаб давр билан боғлиқ. Масалан, сўнгги 30 йилда дунё бўйича, мамлакатимиз бўйича қарорлар қабул қилиш технологияси жуда қийинлашиб кетди. Яна бир томондан, қарорларнинг стратегик аҳамиятга эга бўлиши учун соҳа профессионаллашди.

Сайфиддин Жўраев

Тайёрланаётган қарорлар сиёсий вазиятдан, жамиятнинг истакларидан келиб чиқяпти. Бу эса одамларнинг сиёсий онги ошганини кўрсатади. Ақл марказларининг қай даражада ривожлангани ўша ерда сиёсий онг, маданият қай даражада эканини кўрсатади.

Фарҳод Толипов: Ақл марказлари деб бекорга айтилмаган. Қай соҳа одами бўлмасин, ақлий потенциали юқори бўлган одамлар йиғилади. Ақл марказлари бошқа институтлардан фарқли равишда ихтиёрий бўлади ва шу сабаб информациялар тўплаш, таҳлил этиш кабиларда мустақил бўлади. Мустақил, эркин фаолият юритаётган марказдан чиқаётган таҳлиллар эса асослироқ, тўғрироқ бўлади. Бу давлатнинг таҳлил марказларини камситиш эмас, балки соҳанинг ўзига хос бир жиҳати.

Фарҳод Толипов

Аслида ақл маркази дегани анча кенг тушунча. Давлат тасарруфида бўлган таҳлил билан шуғулланувчи марказларни ҳам ақл маркази дейиш мумкин. Стереотип сифатида кичик бир гуруҳларни тушунамиз. Ақл марказлари бекорга ташкил этилмаган, улар ҳам сиёсий жараёнларга ўз таклифларини беришни исташади. Илмий, академик марказлар бундай мақсад қўймаслиги мумкин, лекин ақл марказлари мақсадли фаолият олиб боради. Таҳлилий материаллар тайёрлаб боришади ва сиёсий доираларга тақдим этишади.