Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Таътилни қурилишда ўтказаётган педагоглар, бефарқ ҳокимият – Асакадаги мактабга ўқитувчилар хонаси керак
Андижонлик педагоглар янги ўқув йилини бино қуриш билан бошлашмоқда. 2 баробар қўшимча юклама билан ишлаётган 54-мактабда ўқитувчиларга битта ҳам хона ажратилмаган, ходимлар дарсга синфхоналарда тайёрланишга мажбур. Муаммони ҳал қилишга бевосита масъул ҳокимият эса “қўлини чўнтагига тиқиб олган”.
Андижон вилояти Асака туманидаги 54-сонли умумтаълим мактаби ўтган асрнинг 70 йилларида қурилган. Мактаб 210 болага мўлжалланган, аммо ҳозирда унда 2 сменада 420 бола таҳсил олади.
Битта 2 қаватли бинога эга таълим масканида жами 10 та хона бор. Мактабда 18 та синф мавжуд. Шу сабабли хоналарнинг 9 таси дарс машғулотлари учун ажратилган. Ҳозирда таълим муассасасида 30 нафар педагог ходим ишлайди.
“Қўшимча бинога эҳтиёжимиз бор. Бу борада туман ҳокимлиги ҳамда ММТБга мурожаат қилинган. 2017-2018-2019 йилларда мактаб директоримиз алмашган. Бошқа директор билан ҳам мурожаат қилганмиз. Янги директоримиз 2020 йилдан фаолиятини бошлаган бўлса, у билан ҳам бир неча маротаба сўров жўнатганмиз.
Лекин муаммомиз дастурга, қандайдир рўйхатларга тушмай қолди. Эски, кичикроқ бўлган ўқитувчилар хонаси ёнидан ўтган сув қувурлари тешилиб, йиқилиш ҳолатида бўлгани учун буздик. Ўзимиз қўлимиз билан қурамиз деган мақсадда қурилишни бошлаган эдик. Ҳозирда ишларимиз ҳашар йўли билан давом этяпти. Ҳамма ўқитувчилар ўзаро келишиб, бир-биримиз билан ҳамжиҳатликда қуряпмиз”, – дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Азизбек Абдулбоқиев.
Унинг қўшимча қилишича, аслида муассаса техник жиҳатдан 210 ўринга мўлжалланган бўлса ҳам масъулларнинг ҳужжатларида бу рақам 240 нафар деб юритилади.
“Нима сабабдан ҳужжатларда 240 ўринли деб берилишини билмайман. Муаммо юзасидан хат билан мурожаат қилганимизда қурилиш бўлимидан келганларнинг ҳужжатларида 240 ўринли деб ёзилганини кўрганмиз. Агар 240 ўринли бўлган тақдирда ҳам 480 нафар бола сиғиши керак. Мактабнинг ўзида 2 та хона мослаштирилган холос.
Ҳозир ўқитувчилар хонасини қуриш учун бетон қуйиб, пойдевор қилинган. Жами 30 нафар ўқитувчи ишлайди. Шунинг 10 нафари ҳам дарсга кириб кетса, қолгани шу қураётган жойимизда дарс вақтини кутиб, қўшимча ишларини қилиб ўтирар эди”, – деди у.
Маълумотларга кўра, ҳозирда вайронага айланган бу жойдан биринчи бўлиб омборхона сифатида фойдаланилган. Кейинроқ ўқитувчилар хонаси сифатида қайта таъмирланган. Таъмир муддати ўтиб, сифати ёмонлашгач бино авария ҳолатига келиб қолган. Шундан кейин мурожаатлар кор қилмагач, ўқитувчиларнинг ўзи бинони ҳашар йўли билан қуришга киришишган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, мактабларнинг хўжалик фаолиятига масъул этиб маҳаллий ҳокимликлар белгиланган. Хусусан, ҳокимликларга мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш, уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, инфратузилмани (тротуарлар, йўллар ва бошқалар) зарур ҳолатда сақлаш бўйича буюртмачи функциясини амалга ошириш жавобгарлиги юклатилган.
Шунга мувофиқ Kun.uz мухбири ҳолат юзасидан Асака тумани ҳокимлиги билан боғланди. Туман ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Шоҳруҳ Султоновнинг айтишича, юқоридаги муаммо юзасидан ҳокимликка ҳар йили таклиф келиб тушган, бу лойиҳа молиялаштиришга ҳам берилган. Аммо ишлар охирига етказилмай, қолиб кетган.
“Мактабнинг қўшимча биносини қуриб, қайта таъмирлаш юзасидан таклифлар берилган. Шу кунгача ҳар йили бу таклиф берилиб келаркан. Қайсидир йилда таклиф молиялаштиришга берилиб, шу билан қолиб кетган экан. Ўқитувчиларнинг ҳашари бўйича ҳокимиятга ва туман ММТБга хабар берилган, бу – шахсий ташаббуси.
Буларнинг мурожаати бўйича шахсан мен гаплашмаганман, менга бу борада мурожаат қилиб келишмаган. Бу борада мурожаат қилишганини, муносабатсиз қолиб кетганини энди эшитяпман. Лойиҳа неча марта таклифга киритилгани, берилгани юзасидан маълумотлар ажратиб чиқиляпти, бу бўйича расмий хабар берилади”, – дейди у.
Таъмир ишларига бевосита масъул ҳокимликнинг бу жараёндаги сусткашлиги ачинарли ҳолат.
Таълим муассасаларининг хўжалик фаолияти абгорлашаётгани, ундаги масъулият ўқитувчиларга юклатилаётгани бора-бора таълимнинг сифатига салбий таъсирини кўрсатаверади.
Мавзуга оид
09:23 / 17.12.2025
Фермер хўжалиги ерини ўзбошимчалик билан эгаллаб, сотишга уринганлар ушланди
13:39 / 05.08.2025
Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилган Андижондаги мактаб директори 41 млн сўм жаримага тортилди
23:42 / 04.08.2025
Андижонда ўқитувчилар таъмирлаган мактабнинг директори ишдан бўшатилди
09:54 / 03.08.2025