Аҳоли сони кўпайиши, жиноят содир этиш усулларининг ошиши ва ижтимоий сабаблар натижасида бу рақамлар келиб чиқяпти, дея жиноятчиликка доир рақамларга изоҳ берди Олий суд вакили. ИИВ расмийси халқаро кўрсаткичларга асосан Ўзбекистонда озодликдан маҳрум қилиш жазоси меъёрий ҳолатда эканини айтди.

Олий суд очиқлаган маълумотларга кўра, сўнгги йилларда жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция судларида кўрилаётган ишлар, судланувчилар ва озодликдан маҳрум қилинганлар сони ошиб бормоқда. Хусусан, озодликдан маҳрум қилинганлар сони охирги 4 йилда 3 баробарга ошган. Kun.uz Олий суднинг статистик маълумотларидан келиб чиққан саволлар бўйича масъуллар билан суҳбат ташкил қилди.

Меҳмонларимиз – Олий суд судяси Санобар Мамадалиева, Ички ишлар вазирлигининг илмий тадқиқот маркази раҳбари, юридик фанлари доктори, профессор Икром Фозилов ҳамда адвокат Абдумалик Абдуллаев.

— Дастлаб судларда кўриб чиқилаётган ишлар ва иштирокчилар сонига тўхталсак. Нима учун жиноят судларида ишлар сони бунчалик ошиб бормоқда? Жиноятчилик сонининг ошиши нималарга боғлиқ: ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қаттиқроқ ишлаяптими ёки инсонлар жиноятга мойилроқ бўлиб қолганми? Балки ижтимоий аҳвол бунга сабабдир?

Икром Фозилов:

— Судларда жиноий ишларнинг кўриш даражасининг ошиши мамлакатда жиноятчилик ошиб кетаётганини билдирмайди. Жиноятчиликка қарши курашда ўзгаришлар, ислоҳотлар бўляпти ва бу ўз ижобий самарасини бериб, жиноятчилик камайишига эришиляпти. Дейлик, 1991 йилда 88 мингта жиноий иш содир этилган, 2022 йилда 105 200 жиноят содир этилган. 1991 йилда аҳоли сони 20 млн эканини ҳисобга олсак, ҳозирда жиноятчилик камайган.

Жаҳон тажрибасида жиноятчилик даражасини аниқлашда ҳар 100 минг аҳолига нисбатан аниқлаш мавжуд. 1991 йилда 100 минг аҳолига 430 та жиноят тўғри келган бўлса, 2022 йилда 298 та. Энг оғир жиноят бўйича солиштирадиган бўлсак, 2022 йилда мамлакатимизда 365 та қасддан одам ўлдириш жинояти қайд этилган. Халқаро рейтингларга кўра, АҚШ ва Россияда ҳар 100 минг аҳолига 7 та қотиллик тўғри келади, Бразилияда 22 та, Қозоғистонда 3 та, Озарбойжон, Канадада 2 та, Ўзбекистонда эса 1 та.