Жаҳон | 20:37 / 10.08.2023
31378
2 дақиқада ўқилади

Байденга таҳдид қилган америкалик отиб ўлдирилди 

АҚШ президенти Жо Байденни ўлдириш билан таҳдид қилган Юта штати фуқароси ФҚБ ходимлари томонидан отиб ўлдирилди. Президент Байден бу штатга 9 август, чоршанба куни бориши керак эди. 

Фото: Daily Mail

Федерал қидирув бошқармасининг (ФҚБ) махсус агентлари Крейг Робертсоннинг Солт-Лейк-Сити жанубидаги уйида тинтув ўтказишга уринган пайтда отиб ўлдиришди, деб ёзди The Guardian. 

ФҚБ отишма факти бўйича тергов олиб бормоқда. 

Суд ҳужжатларига кўра, душанба куни Робертсон Байденнинг Юта штатига ташрифидан хабар топгач, камуфляж кийимни олиш ва «m24 снайпер милтиғининг чангини тозалаш» ҳақида ижтимоий тармоқда хабар қолдирган. 

«Бу президентни ёки иккаласиниям ўлдириш учун қулай вақт. Аввал Жо, кейин Камала», деб ёзган у Facebook саҳифасида. 

Сешанба куни Робертсонга учта жиноий иш, жумладан, президентга таҳдид қилиш айблови эълон қилинган. 

Байден АҚШ Ғарбий ҳудудлари бўйлаб сафар уюштирмоқда. Чоршанба куни у Нью-Мексикога борди ва шамол миноралари заводида нутқ сўзлади. Кун охирида эса Ютага учиши керак эди. 

Сўнгги ойларда сиёсий арбобларга таҳдид қилиш билан боғлиқ бошқа ҳолатлар ҳам кузатилган. Январь ойида Франция ва Канада фуқароси бўлган икки шахс АҚШ собиқ президенти Доналд Трампга рицин заҳарли моддасини юборганини тан олган эди. 

Июнь ойида АҚШ Нью-Ҳэмпшир штатида яшовчи шахс ҳибсга олинди ва америкалик сенаторни ўлдириш билан таҳдид қилганликда айбланди. 

Мавзуга оид