Жаҳон | 07:59 / 14.08.2023
5252
4 дақиқада ўқилади

БМТнинг Малидаги миссияси мамлакат шимолидан чиқиб кетиши ҳақида эълон қилди

БМТ миссиясининг тинчликпарвар кучлари «хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашаётгани» фонида Малидаги иккинчи базани тарк этди.

Фото: un.org

БМТнинг МИНУСМА тинчликпарвар миссияси Мали шимолидаги Бер шаҳрида жойлашган базасини тарк этди. 13 август, якшанба куни миссия МИНУСМАнинг X’даги (собиқ Twitter) саҳифасида шундай деб ёзди: «МИНУСМА минтақадаги хавфсизлик ҳолати ёмонлашгани ва бизнинг «мовий дубулғаларимиз» учун юқори хавф туфайли Бер шаҳридан чиқиб кетишни тезлаштирди».

МИНУСМА маълумотларига кўра, Бер шаҳридан кетаётган тинчликпарварлар карвони икки марта ҳужумга учраган. Натижада уч киши жароҳат олди, улар Тимбуктуга эвакуация қилинди. БМТ миссияси вакиллари халқаро ҳуқуққа кўра, тинчликпарвар кучларга ҳужумлар уруш жинояти сифатида тан олиниши мумкинлигини таъкидлади.

Мали ҳукумати терактлар ҳақида, исёнчилар эса «Вагнер» ҳужумлари ҳақида хабар бермоқда

Бир кун олдин ҳарбий хунта бошқарувидаги Мали Қуролли кучлари (FAM) Берда «қуролли террорчи гуруҳ» томонидан қайтарилган ҳужум тўғрисида эълон қилди. Қуролли кучлар баёнотига кўра, номи ошкор этилмаган «террорчилар» БМТ тинчликпарвар кучлари ўрнига Бер шаҳрига етиб келган Мали армияси бўлинмаларига қарата ўт очган. FAM маълумотларига кўра, отишмада олти Мали аскари ва 24 ҳужумчи ҳалок бўлган.

Бир кун олдин, 11 август, жума куни Берда ҳарбий хунтага қарши курашаётган Мали исёнчилари FAM ҳамкорлик қилаётган «Вагнер» ХҲК ёлланма аскарлари томонидан ҳужумга учраганини эълон қилди. 

МИНУСМА тезлаштирилган асосда чиқиб кетяпти

Август ойи бошида МИНУСМА мамлакатнинг марказий қисмидаги Огоссагу қишлоғида жойлашган Малидаги бошқа базасини тарк этди. БМТ тинчликпарвар кучларининг бутун контингентини мамлакатдан олиб чиқиб кетиш 2023 йил охирига режалаштирилган эди.

2021 йилда ҳокимият тепасига келган ҳарбий хунта БМТнинг мамлакатдаги миссияси фаолиятига қарши – июнь ойида Мали ташқи ишлар вазири Абдулайе Диоп БМТ Хавфсизлик кенгашидан тинчликпарвар кучларни «зудлик билан» мамлакатдан олиб чиқиб кетишни талаб қилди, чунки улар гўёки мамлакатдаги вазиятни хавфсизроқ қила олмади ҳамда уларнинг ҳаракатлари аҳоли ўртасида «ишончсизлик ҳисси» туғдирди. МИНУСМА миссияси Малида 2013 йилдан бери фаолият юритиб келади ва унинг расмий мақсади аҳолини турли гуруҳлардан ҳимоя қилишдир. 

Бундесвер ҳам аввалроқ Малидаги миссиясини тугатиш истагини билдирган эди. 2022 йилнинг ноябрида Германиянинг ўша пайтдаги мудофаа вазири Кристин Ламбрехт немис қуролли кучларини 2024 йилнинг майигача Африка мамлакатидан олиб чиқиш режаларини эълон қилган. Унинг сўзларига кўра, Мали ҳарбий хунтаси «Россия кучлари»га таянган ҳолда БМТ миссияси ишига атайлаб аралашган. 

Шу билан бирга, БМТ вакиллари 2021 йилдан буён экспертлар доимий равишда Малидан қатл қилиш, қийноқлар, оммавий қабрлар, зўрлаш, ноқонуний ҳибсга олишлар ва одамларнинг ғойиб бўлиши ҳақида хабарлар келаётганини таъкидлади. Мали ҳукумат кучлари ва «Вагнер» ХҲК юқорида айтилганларнинг барчасини содир этганликда гумон қилинмоқда. Қўшма Штатлар Мали мудофаа вазири ва ҳарбий хунтанинг бошқа вакилларига россиялик ёлланма аскарларни қўллаб-қувватлагани учун санкциялар киритди. 

Мавзуга оид