Иқтисодиёт | 20:23 / 15.08.2023
60434
8 дақиқада ўқилади

Россия Марказий банки асосий ставкани кўтарса ҳам доллар арзонламаяпти. Нега?

Россия Марказий банкининг асосий ставкани кўтариш борасида шошилинч йиғилиш чақириши тўғрисидаги хабарлардан кейин 100 рубллик маррадан ўтган доллар курси 93 рублгача тушганди. Бироқ, курс яна 99 рублгача кўтарилди.

Фото: Maksim Konstantinov / Global Look Press

Афтидан, доллар ва евро харидорлари фаоллигини валюта чекловлари жорий этиш борасидаги қўрқувлар тўхтата олмаяпти, МБ чора кўрганидан кейин ҳам бир муддат тин олган доллар курси ўсишда давом этмоқда, деб ёзади россиялик иқтисодий шарҳловчи ва журналист Татяна Рибакова.

Доллар 100 рубллик маррани забт этгач, Россия Марказий банки директорлар кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишини ўтказиб, асосий ставкани кескин — 350 базисли пунктга кўтариб, йилига 12 фоизлик даражада белгилади. Бироқ йиғилиш хабари олдидан кескин қадрини мустаҳкамлай бошлаган рубл йиғилишдан сўнг яна қулашда давом этди.

14 август куни учта воқеа бирваракайига рўй берди. Доллар 100 рубллик психологик чегарани босиб ўтди, Марказий банк 15 август куни асосий ставка бўйича навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилишини эълон қилди, ТАСС агентлиги эса президент ёрдамчиси Максим Орешкиннинг рубл таназзулида «Марказий банкнинг юмшоқ пул-кредит сиёсати», яъни кичик фоиз ставкаси айбланган мақоласини эълон қилди.

Агар расмий рақамларга эътибор қаратилса, сешанба кунигача 8,5 фоизни ташкил этган Марказий банк ставкасини у қадар паст деб атаб бўлмайди. Йиллик расмий инфляция кўрсаткичи 4,3–4,4 фоиз бўлиб турганда реал ставка (инфляция чиқариб ташланса) 4 фоиздан сал кўпроқни ташкил этаётганди. Агар Марказий банкнинг сўнгги уч ойда инфляция ўсиши 7,6 фоизга етгани тўғрисидаги маълумотлари ҳисобга олинса, реал ставка 1 фоизга тенг эди. Бу ҳам кўп эмас, реал ставка 2 фоиз бўлганда нейтрал ҳисобланади, лекин бу ҳам у қадар паст эмас.

Бугун Марказий банк Орешкиннинг танқидини ҳисобга олди ва ставкани оширди. Оширганда ҳам кечаги кун кўплаб экспертлар тахмин қилган миқдор — 300 базисли пункт, яъни 11,5 фоиздан ҳам юқорироққа. Орешкиннинг иккинчи истаги — рубл курсини мустаҳкамлашни эса Марказий банк уддалай олмади. Сешанба куни эрталабки соат 7 да 92,6 рублгача тушган доллар курси яна юқорига ўрмалай бошлади.

Айни пайтда Москва биржасида доллар 98,5 рублдан, евро эса қарийб 108 рублдан сотилмоқда. Нега рубл асосий ставка кескин оширилганига қарамай қаддини тиклай олмади?

Ўзи Марказий банк рубл курси бўйича истакларни бажаришга мажбур эмас. Чунки регулятор ваколатига миллий валюта курсини таргетлаш кирмайди. Унда буни бошқарувчи воситалар ҳам йўқ. Марказий банк инфляция учун жавобгар ⁠— у ставка бўйича қарорини айнан инфляция ошиб бораётгани билан тушунтирди. Асосий ставка ғояга кўра миллий валюта курсига таъсир ўтказиши лозимлиги бошқа масала: ставка қанча юқори бўлса, пул шунчалик қиммат бўлади, бинобарин курс ҳам юқори бўлади. Нега бу сафар бу ғоя иш бермаганига бир неча тахминлар бор.

Биринчиси ва энг оддийси: Россия бозори, боз устига валюта бозори чайқовчилар қўлида. Чайқов бозорида эса янгиликлардан сўнг активлар «тўғри» йўналишдан тескари томонга йўл олиши кўп кузатиладиган ҳодиса. Бунга сабаб — «миш-мишларга қараб харид қил, фактга қараб сот» қоидаси, кичик ўйинчиларни позициялардан «силкитиб» йўқ қилиш бўлиш ҳам мумкин. Агар чиндан ҳам шундай бўлса, чоршанба куни рубл яна мустаҳкамлана бошлаши керак. Агар бундай бўлиб чиқмаса, янада жиддийроқ сабабларни излашга тўғри келади. Бундай сабаблар эса бор.

Иккинчи тахмин айнан рубл қулашининг фундаментал сабаби билан боғлиқ: валюта етишмовчилиги. Валюта етишмовчилиги импорт учун тўловлар экспорт тушумларидан ортганини билдирибгина қолмасдан, капиталнинг тўғридан тўғри оқиб чиқиб кетаётганини ҳам англатади. Бу ерда асосий «айбдор»лар хориждан туриб ишламаётган «релокантлар» ҳам, Россияни тарк этаётган компаниялар ҳам эмас, валюта тушумларини 100 фоиз хорижда қолдираётганлар. Иқтисодчи Игор Липсицнинг қайд этишича, Марказий банк бунга монелик кўрсата олмайди, чунки ҳукуматлараро битимларга кўра валютани хорижда қолдириш учун рухсат президент фармони билан белгиланган.

Агар валюта тушумини қисман бўлса ҳам Россияга қайтариш талаби жорий этилган тақдирда ҳам, бу қоидани айланиб ўтишнинг кўплаб йўллари бор.

Бугун Financial Times нашрида Россия санкцияларни айланиб ўтиб, нефт нархи бўйича юқори чегарани қандай компенсация қилаётгани тўғрисида катта мақола эълон қилинди.

«Россия юқори нарх чегараси бўйича лазейкалардан фойдаланиб, 3 ой ичида Ҳиндистонга тўғридан тўғри нефт сотиб, етказиб бериш учун юқори ҳақ олиб, ўз кемаларидан фойдаланиб 1,2 млрд доллар пул ишлаган. Россиялик сотувчилар асосан нефтни савдо портида юқори нарх чегарасидан пастроқ белгилашади, сўнгра етказиб бериш учун улкан нарх белгилайди (бу юқори нарх чегараси билан назорат қилинмайди). Бундан Россия уч ой ичида 800 млн доллар пул ишлаган. Бундан ташқари, нефтнинг 40 фоизи урушгача Россия билан тўғридан тўғри боғлиқ бўлмаган, кейинчалик сирли харидор томонидан сотиб олинган ва Россияга тегишли йўналишларга ўтказилган (арвоҳ-флот). Бу яна қўшимча 350 млн доллар келтирган», — дейилади мақолада.

Таъкидлаш жоизки, бу пуллар Россияга қайтмайди. Формал жиҳатдан уларни хорижий етказиб берувчилар олишади. Хўш, бу пуллар қаерда ва кимнинг чўнтагидан ўрин олмоқда? Ёки чўнтакдан ўрин олмасдан, санкция остидаги маҳсулотлар, жумладан ҳарбий эҳтиёжлар учун чиплар харид қилинмоқдами? Буниси номаълум. Лекин бу лазейка ҳеч қачон ёпилмаслигини ишонч билан айтиш мумкин. Бироқ, Россиядан чиқиб кетиш истагида бўлган аҳоли ва хорижий бизнес учун чекловлар киритилиши аниқроқ. Улар ишбилармонлик муҳитидан кўра рубл курсига камроқ таъсир ўтказиши бошқа масала.

Айнан валюта чекловлари жорий этилишидан чўчиш бозор иштирокчиларини валютани фаол харид қилишга раҳбатлантирган бўлиш эҳтимоли юқори. Долларни 100 рублдан сотиб олган яхши, умуман сотиб ололмасликдан кўра, дегандек.

Нима бўлганда ҳам, оширилган фоиз ставкаси рубл қулашининг яна бир сабаби — кредитлашнинг кенгайганига қарши ишласа рубл яна мустаҳкамланиши мумкин. Нафақат аҳолининг, саноатнинг ҳам. Ставка юқори бўлса, демак тез орада кредитлар ва депозитлар бўйича ставкалар ҳам ошади. Сўнгги вақтларда валютани сотиб келган аҳоли, пулини банкларга таший бошлайди. Айниқса, доимо янгиланадиган кредит линияларида ишловчи бизнес (ритейл ҳам, импортчилар ҳам) айланмасини пасайтиради. Бу ерда яна бир муаммо бор: кредитларнинг катта қисмини бизнесга «иқтисодиётни тизимли қайта қуриш», содда қилиб айтганда, ҳарбий ишлаб чиқариш ва импорт ўрнини босиш доирасида давлат беради.

Давлат ҳарбий саноат комплекси иштаҳасини тия оладими? Эҳтимоли паст. Кредитлар қимматлашганини кўрган импортчилар ва ритейл нархларни пасайтирадими? Йўқ, аксинча, улар харажатларни қоплаш учун нархларни оширишади.

Демак, рублни мустаҳкамлашнинг имконли механизмлари — экспортчилар томонидан валюта тушумларини қайтариш, давлат томонидан кредитлашни пасайтириш — тўлақонли ишга туша олмайди.

Инфляция ҳам секинлашмаса керак — камида мақсадли қийматларгача. Демак, рубл кучсизланишда давом этади. Бу ҳолда энг аввало аҳоли ва хусусий, жумладан хорижий бизнесга таъсир қилувчи чекловлар жорий этилиши мумкинлигини инобатдан соқит этмаслик керак. Гарчи Марказий банк ставка борасидаги ўз мурожаатида унинг келгусида яна оширилиши мумкинлиги ҳақида гап очмаган бўлса-да, буни ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди.

Ҳозирги фоиз ставкаси сўнгги ўн йилликдаги энг баландлари ичида учинчиси. Энг юқориси 2022 йил мартида белгиланган эди — 20 фоиз. Иккинчиси 2015 йилда (17 фоиз) «Роснефт»ни қутқариб қолиш учун рубл кескин қулаган пайтга тўғри келганди. 

Мавзуга оид