Ўзбекистон | 19:00 / 15.08.2023
34539
15 дақиқада ўқилади

Йўллардаги ўлимлар: «қотил» ҳайдовчиларга белгиланган жиноий жазо жуда енгил эмасми?

Йилдан йилга автомашиналар кўпайиб, шаҳарларимизда тирбандлик ҳосил бўлаётганига қарамасдан, йўлларда авариялар сони камаймаяпти, ҳайдовчилар пиёдаларнинг ўлимига сабабчи бўлишда давом этишмоқда. Муаммо учун қандай ечимлар бор?

Фото: Kun.uz

Gazeta.uz сайти қизиқ маълумот билан бўлишди. Ўзбекистондаги йўл-транспорт ҳодисаларининг тенг ярми пиёдаларни уриб кетиш билан боғлиқ экан. Журналист бу борада 50 та тасодифий суд қарорлари билан танишиб, ҳаттоки йўловчи вафот этган ҳолатда ҳам ҳайдовчиларга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланмаганига гувоҳ бўлган.

Бу мақоладаги мулоҳазаларни уч-тўрт ҳафта муқаддам, танишларимдан бири Тойлоқ туманида бўлган воқеани айтганидан сўнг ёзишга жазм қилган эдим.

Танишимнинг ҳикоясига кўра, унинг яқинларидан бирини пиёдалар ўтиш жойида машина уриб кетади. Ёши кексароқ одам воқеа жойида ҳалок бўлади. Катталар, маҳалла-кўй аралашади, «ёш ҳайдовчининг умри қамоқда куймасин», деб марҳумнинг яқинлари судда даъво қилишмайди: ҳайдовчи қамалмай қолади. Орадан 6 ой ўтгач у машинасида яна бир инсон умрига зомин бўлади.

«Агар бундай бўлишини билганимизда, ўша пайтда уни қаматиб юборардик, шунда у яна бир инсоннинг умрига зомин бўлмасди», — дейди танишим.

Умуман, транспорт воситасида одам уриб юбориш Жиноят кодексининг 266-моддасига кўра жавобгарлик келтириб чиқаради. Ҳайдовчи томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса БҲМнинг 50 баравариГАЧА жарима, 360 соатГАЧА мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилГАЧА ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Яъни бундай қилмиш учун озодликдан маҳрум этиш жазоси йўқ, ҳаттоки жабрланувчи бутун умрга майиб-мажруҳ бўлиб қолса ҳам.

Ўша қилмиш одам ўлишига сабаб бўлса — муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Яъни машина ҳайдаб одам ўлишига сабабчи бўлиш ҳайдовчилик ҳуқуқидан муайян (суд белгилайдиган) муддатга маҳрум этиб, 7 йилГАЧА озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган.

«Гача»ларни бекорга катта ҳарф билан ажратиб ёзмадим. Амалда доим адолатли жазо белгиланмаяпти, суд ўз ихтиёрига кўра енгилроқ жазоларни тайинлаяпти, кўряпмиз. Бу эса ҳайдовчиларда жазодан осонгина қутулиш мумкин, деган тасаввур ҳосил бўлишига, йўлларда йўл ҳаракати қоидаларига эътиборсиз бўлишига олиб келмоқда. Одам ўлдириб ҳам қамалмаётган шофёрларни кўрганлар жуда бемалол бўлиб қолганга ўхшаяпти.

Нима қилиш керак?

Автотранспорт воситасида қоидабузарлик қилиб одам ўлишига ёки жиддий тан жароҳати олишига (мажруҳ бўлиб қолиши) сабаб бўлганлик учун жазо қатъийлаштирилиши лозим (албатта, пиёданинг айби билан рўй берган қоидабузарлик — бундан мустасно).

Масалан, транспортни бошқариш асносида кўчадаги пиёдаларнинг баданига ўртача оғир ёки оғир шикаст етказганлик учун — камида 500 БҲМ жарима ва ҳайдовчилик ҳуқуқидан 10 йил муддатга маҳрум этиш белгиланиши лозим.

Агар уриб юборилган одам воқеа жойида ёки кейинчалик шифохонада тузалмасдан вафот этса — қатъий 10 йил озодликдан ва ҳайдовчилик ҳуқуқидан умрбод маҳрум этиш лозим. Ўлдирилган инсонлар сони 2 ва ундан кўпроқ бўлса, озодликдан маҳрум этиш муддати 15 йил қилиб белгиланиши керак.

Маълумки, Жиноят кодексининг 266-моддаси эҳтиётсизлик орқасидан содир этиладиган жиноятлар туркумига киради. Шу боис, икки ҳолатдаги ЙТҲларни қасддан содир этилган жиноят сифатида малакалаш керак: пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётган пиёдани уриб юборганлик ва маст ҳолда автомобил бошқариб ЙТҲ содир этганлик.

Жарима баллари тизимини жорий этиш «ухладими?»

Умуман, шаҳарларда ва бошқа аҳоли яшаш манзилларида пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш учун пиёдалар ўтиш жойида «ётган полициячи» («лежачий полицейкий») ўрнатишни, айниқса мактаблар ва боғчалар олдидаги «зебра» чизилган жойларда йўл сатҳини тротуар сатҳигача кўтариш лозимлиги ҳақида аввал ҳам ёздик, бироқ мутасаддилар буни муҳокама қилиб ҳам кўришмади.

Худди шу мақолада ёзилган, кўплаб ривожланган давлатларда жорий этилган қоидабузар ҳайдовчиларга жарима баллари тизими жорий этилиши масаласи ҳам «ухлади», шекилли.

Бунинг учун ИИВ ДЙҲХБ томонидан таъкидланган, қоидабузарлик учун жарима балларни қўллаш тизимига тезроқ ўтилиши лозим. Фақат, бу тизимни кўр-кўрона Россия Федерациясидан кўчириб олиш билан чекланмасдан, дунёнинг етакчи давлатларидан ҳам андоза олиш керак, деб ҳисоблайман.

Айтайлик, «ўйин бошида» бирор қоидабузарликка йўл қўймаган тоза ҳайдовчида 0 балл бўлсин. Қоидабузарликнинг енгил-оғирлигига қараб жарима баллари кичикроқ ва каттароқ ҳисобланиши керак. Масалан:

  • Хавфсизлик камари тақмаслик — +5 балл;
  • Йўлларда қувиб ўтиш қоидасини бузиш — +5 балл;
  • Автомобилга рухсат этилмаган чироқлар ва сиреналар ўрнатиш — +5 балл;
  • Ҳаракат чоғида ҳайдовчининг телефондан фойдаланиши — +10 балл;
  • Тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш — +15 балл;
  • Транспорт воситасининг олд ойнасини тонировка қилиш — +20 балл;
  • Светофорнинг қизил чироғида кўчани кесиб ўтиш — +20 балл;
  • Белгиланган тезликни ошириш — +20 балл;
  • Автомобилни маст ҳолатда бошқариш — +100 балл ва ҳ.к.

Бир йил ичида белгиланган жарима балларини 100 баллга етказган ҳайдовчиларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси маълум муддатга бекор қилиниб, қайтадан имтиҳон топширишга йўллаш керак. Кейинги йилга эса жарима балларининг барчаси «куймаслиги» лозим. Фақат 50 фоизи «куйиши» керак. Жарима баллари кўпайган ҳайдовчиларнинг суғуртаси ҳам ўз ўзидан қимматлашиши керак.

Пиёдалар хавфсизлиги энг устувор бўлиши керак.

Ўзбекистон аҳолисининг 90 фоизи машина бошқармайди, йўлларда пиёда ҳаракатланади. Шунинг учун энг аввало пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш лозим. Бизда эса доим ҳайдовчилар манфаати биринчи ўринга қўйилади. Ҳайдовчилар ҳам «пиёда доим ҳақ», деган қоидани унутган кўринади.

Куни кеча бир видео кўрдим. Аҳоли пункти ичида йўлни кесиб ўтишга ҳозирлик кўраётган пиёдага йўл бергани учун, ҳайдовчи кейинги светофорда тўхтаганда ёнига етиб келган иккинчи ҳайдовчи эътироз қиляпти: «Катта йўлда пиёдага унақа йўл берилмайди», деб.

Ҳолбуки, йўлга «зебра» чизилган, бир эмас, иккита пиёдалар ўтиш жойи йўл белгиси ўрнатилган. Ўпка, потенциал қотил ҳайдовчиларимиз йўл белгиси нега ўрнатилганини ҳам билишмайди. Катта йўлда пиёдага йўл берилмаса қаерда берилади? Кичик йўлдами? Катта йўл машиналар елиб ҳаракатланиши учунми фақат?

Чорраҳаларда, аҳоли пунктидаги йўлларда белги ўрнатилган жойларда пиёдалар ўтиш жойида йўлни қоидага кўра кесиб ўтаётган пиёдага йўл бермаслик учун ҳам жарималар оширилиши шарт — энг камида 5 БҲМ даражасида. Бунинг учун камераларни кўпайтириш керак. Айниқса, мактаблар олдида.

Светофорга беписанд ҳайдовчилар

Пиёдалар кесиб ўтадиган жойга светофор ўрнатиш ҳам масалани ҳал қилмаяпти, чунки светофорнинг тақиқловчи қизил белгисига ҳам амал қилмайдиган ҳайдовчилар ниҳоятда кўп. Светофорга ишониб йўлни кесиб ўтаётган йўловчилар ҳам жувонмарг бўлиб кетишяпти.

Масалан, светофорнинг қизил чироғига ўтиш учун атиги 2 БҲМ жарима қўлланган, такрорий қоидабузарликларда жазо янада қатъийлаштирилгани, кўплаб чорраҳаларда камералар ўрнатилганига қарамай, мазкур қоидабузарлик ҳам камаймаяпти.

Энг қизиғи, потенциал одам ўлимига олиб келиши мумкин бўлган қоидабузарлик учун жарима 2 БҲМ (660 минг сўм) бўлгани ҳолида, масалан, рухсатномасиз тонировка учун 25 БҲМ (8 млн 250 минг сўм) қилиб белгиланган. Парадокс!

Демак, светофорнинг қизил чироғига ўтиш учун дарҳол 5 БҲМ жарима қўллаш керак. Шунда ҳам (жарима қўллангач), бир йил давомида такрорий қоидабузарлик учун ҳайдовчи жарима+ҳайдовчилик ҳуқуқидан 1 йилга маҳрум этиб, шу муддатдан сўнг гувоҳномасини имтиҳонни қайта топшириб олишни жорий қилиш керак.

Умуман, ҳайдовчилик гувоҳномасидан маълум муддатга маҳрум қилиш дейилганда, ЙҲХБда «права»ни бир жойга сейфга солиб қўйиш, муддат ўтгач ҳайдовчига бериб юбориш эмас, албатта имтиҳонни қайта топшириб олиш тақозо қилиниши керак. Балки ҳозир ҳам қоидада шунақадир, лекин «права»сидан айрилган бирор танишим уни қайта имтиҳон топшириб олганини эшитмадим.

Радардан ҳам осон қутилишяпти

Бундан ташқари, тезликка риоя этмаслик борасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган жазоларни ҳам қайта кўриб чиқиш керак.

Хусусан, МЖтКнинг 128 (3) моддасига кўра, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириб юборгани учун — БҲМнинг 1 баравари (330 минг сўм) миқдорида жарима белгиланган.

Агар 20 km/h.дан кўп, 40 km/h.дан камроқ бўлса — 5 БҲМ (1 млн 650 минг сўм), 40 km/h.дан кўпроқ бўлса — 9 БҲМ (2 млн 970 минг сўм) миқдорида жарима солиниши белгиланган.

Аммо, катта тезликдаги такрорий қоидабузарлик учун каттароқ жарималар белгилангани ҳолида, 1 БҲМлик жарима назарда тутилган қоидабузарликни истаганча содир этишга шароит қилинган, боз устига 1 ой ичида жарима тўланса 50 фоизлик чегирма ҳам бор.

Тезлик учун жарима қўллашни ҳайдовчилар учун тушунарли ва содда қилиш керак.

1. Тезлик лимитини 20 km/h.гача бузиш — 1 БҲМ жарима. 1 йил ичида такрорий содир этиш — ҳар бири 5 БҲМ жарима.

2. Тезлик лимитини 20 km/h.дан кўпга бузиш — 5 БҲМ жарима. 1 йил ичида такрорий содир этиш — ҳар сафаргиси 5 БҲМга ошиб борувчи жарима: 2-марта 10 БҲМ, 3-марта 15 БҲМ ва ҳоказо.

Катта шаҳарларда тезлик лимити 60 km/h қилиб белгилангани кўпчилик ҳайдовчиларни асабийлаштирмоқда. Лекин шаҳар учун бу тезлик ҳам кўп. Лимит 50 km/h.гача пасайтирилиши керак.

Номерни ечиб ҳаракатланиш ва жарима майдони жазоси

Радарга тушмаслик учун автомобил давлат қайд этиш рақамини ечиб ёки уни бирор нарса билан беркитиб ҳаракатланиш «мода»га айланди. Ҳаттоки ўзгартирилган ёки ўзига тегишли бўлмаган авторақамларни қўйиб ҳаракатланиш каби қоидабузарликларга ҳам гувоҳ бўляпмиз.

Автоблогерларимиз қўрқмасдан, номерларни ечиб олишга осон бўлиши учун магнит орқали ёпиштиришни, номерни тўсувчи қурилмаларни реклама қилишмоқда. Бу билан улар қоидабузарликни қадриятга айлантириш йўлида «хизмат» қилишаётганини англашмаяпти ҳам.

Мана шу каби қоидабузарликлар учун белгиланган жаримадан ташқари қоидабузарлик содир этилган автомобилни маълум бир муддатга жарима майдончасига киритиб қўйиш билан боғлиқ жазолар жорий этилиши керак.

Айтайлик, юқорида санаб ўтилган давлат рақам белгисини яшириб, ечиб ёки махсус беркитувчи ускуналар билан ҳаракатлангани учун — 3 ой муддатга.

Ноқонуний тонировка, айниқса автомобилнинг олд ойнасини тонировка қилиб олганлар учун ҳам 25 БҲМлик жарима пасайтирилиб, 3 ойлик «жарима майдончаси» яхшироқ эффект беради.

Шунингдек, машинага заводда ўрнатилган ёритиш чироқларини алмаштириб, галоген лампалар ўрнатиш, мигалка ва сиреналар ўрнатиш, йўлларда қоидаларни бузиб гуруҳ бўлиб ҳаракатланиш (дрифтлар қилиш) каби қоидабузарликлар учун ҳам автомашиналарни камида 3 ойга жарима майдонига жойлаштириш жазосини қўллаш керак.

Автотранспорт воситасини ҳужжатларсиз бошқаришга эса — 15 сутка ҳам етади. Шунда, бировга машинасини ҳайдашга бериб юборишлар дарҳол камаярди.

ДЙҲХХ базасига ҳам шу автомобил фалон муддатгача жарима майдончасида бўлиши кераклиги қайд этиб қўйилиши керак, токи жарима майдончасидан ҳам олиб чиқиб кетилмасин, машинани кўчада ҳам ҳайдай олмасин. Чунки жарима майдончасида бўлиши лозим бўлган машинани ҳайдаш янада узоқроқ — айтайлик, 6 ой муддатга қатъий жарима майдончасига киритиш билан жазоланиши назарда тутилиши лозим.

«Ғишт»га амал қилмаслик — атиги «0,25 минималка»?

Йўлнинг қарама-қарши қисмига ўтиб ҳаракатланиш учун 10 БҲМ жарима назарда тутилган. Аммо кириш тақиқланган (3.1 белги), ҳаракат тақиқланади (3.2 белги) каби йўл белгиларига амал қилмасдан кўчага кириш учун атиги 0,5 БҲМ жарима назарда тутилган. (Бу икки белги эмас, тақиқловчи белгиларга амал қилмасликнинг барчаси 165 минг сўмлик жаримага тортилади, холос).

165 минг сўмлик жарима 50 фоизлик чегирма ҳисобга олинса, қоидабузарлик учун тушадиган 82 минг 500 сўм жарима ҳайдовчиларга чивин чаққанчалик таъсир қилмайди.

Юқорида саналган икки қоидабузарлик ҳам йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиш билан теппа тенг — 10 БҲМ миқдорида жаримага тортилиши лозим. Чунки мантиқан ўйлаб қаралса, ҳайдовчилар йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетишдан кам оқибат яратмаяпти (Бунинг иложи бор, албатта. Тақиқловчи белгилар орасидан 3.24 ва 3.27 каби йўл белгиларига алоҳида жарима белгиланган-ку?)

«Стоянка»га айланаётган тротуарлар

Тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш учун белгиланган жарима депутатларимизнинг «ҳотамтойлиги» туфайли 3 БҲМдан 2 БҲМгача камайтирилган эди. Бу эса тўхташ тақиқланади (3.27) йўл белгисига амал қилмасликни янада кучайтирди.

Айниқса, ёзнинг иссиқ кунларида тротуарлар парковкага айланаётгани пиёдаларни асабийлаштирмоқда. Телеграмда тротуарларни эгаллаган машиналар ҳақида фотоҳисобот жўнатилаётган канал ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Тротуарларга парковка қилганлик учун жазо алоҳида белгиланиб, қатъийлаштирилиши лозим — менимча камида 5 БҲМ жарима ҳайдовчиларнинг «кўзи жойига келиши» учун етарли бўлса керак. Бир йил ичида такроран содир этилган шу қоидабузарлик учун — 10 БҲМ жарима.

Шаҳар кўчалари четида пулли тўхтаб туриш зоналари ташкил қилиб, кўчаларда автомобиллар тақиқланган жойларга парковка қилинишини ҳам назорат остига олиш керак. Бу борада жарима қўллаш шаҳар маъмуриятининг ўзига топширилса — катта шаҳарларда парковка ва жарима майдончасига жойлаштириш билан шуғулланувчи хизматлар ташкил этилса, ҳаракатни анча тартибга солиш мумкин бўлади.

Қоидабузарлик содир этилган автотранспорт воситасини ҳуқуқбузарлик қуроли сифатида «ҳибсга олиш» — жарима майдонига жойлаштириш бу энг тез таъсир қилувчи жазо бўлади. Чунки ҳайдовчиларни ЙПХ ходими ҳам, жарималар ҳам қўрқита олмаяпти. Аниқ ишонаманки, унақаларни фақат машинасидан маълум бир муддатга жудо қилибгина қоидабузарликни қайта такрорламайдиган тарзда жазолаш мумкин.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист.

Мавзуга оид