Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Толибон бошқарувида ўтган 2 йил. Амалдаги Афғонистон ҳукумати халқаро даражада тан олинадими?
2021 йил 15 августдан Афғонистонда давлат бошқаруви «Толибон» қўлига ўтди. Орадан 2 йил ўтган бўлса ҳам ҳеч қайси давлат янги ҳукуматни расман тан олгани йўқ. «Геосиёсат»нинг ушбу сонида қўшни давлатдаги вазият ва «Толибон»га нисбатан халқаро майдондаги муносабат ҳақида суҳбатлашамиз.
Студиямизнинг бугунги меҳмонлари Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети доценти, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Рустам Рашидов ва Истиқболли халқаро тадқиқотлар институтининг етакчи илмий ҳодими , Афғоншунос Ҳамза Болтаев бўлади.
«Толибон» ҳокимиятга келганига 2 йил тўлди. Шу вақт орасида улар нималарга эришди ёки эришолмади?
Рустам Рашидов: — 15 августда «Толибон» ҳокимиятга келганига 2 йил тўлди. Бу вақт давомида бу ҳукумат нималарга эришгани, нималарни бой бергани барча учун қизиқ, албатта. Биринчи навбатда «Толибон» ҳукумати ўтган 2 йил давомида мамлакатда тинчлик ва барқарорликни бир қадар таъминлади. Жиноятчилик, терактлар камайди, иқтисодий барқарорликка ҳам эришилди. Шу томонлама ижобий баҳолаш мумкин. Лекин 10 га яқин турли террористик ва экстремистик гуруҳлар ўз фаолиятини давом эттиряпти, уларга қарши ҳаракатлар бўляпти «Толибон» ҳукумати томонидан. Умуман, мамлакатда ички ҳолатни барқарорлаштиришга ҳаракат қилишяпти. Ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш бўйича ҳам чора-тадбирлар бўляпти ва келажакда ўз самарасини бериши кутиляпти.
Ҳамза Болтаев: — Ҳамза Болтаев: — «Толибон» ҳукумати фақат мамлакат ичкарисида эмас, халқаро майдонда ҳам эътироф этарли ютуқларга эришган. Доҳада бўлган учрашувди ғарб давлатлари билан келишувга эришганининг ўзи катта ютуқ дейиш мумкин. АҚШнинг тарк этиши ортидан мамлакатни тезда эгалланишини ҳам муваффақият деса бўлади. Бундан ташқари, Эрон ва Покистон билан турли конфликтларга қарамасдан яхши муносабатларни сақлаб қолгани ҳам эътирофли вазият. Мамлакат ичкарисида ҳам қаттиқ чора-тадбирлар натижасида жиноятчилик ва бошқа салбий ҳолатларга бир қадар чек қўйилди.
Эришолмаган муаммоларга тўхталсак. Ўткир ижтимоий муаммолар, болалар ўлими сони жиҳатдан юқори ўринда. Афғонистон шу даражадаги ҳокимият ўрнатганига қарамасдан, қўшни давлатлар томонидан ҳам дипломатик тан олингани йўқ. Халқаро ҳамжамиятга берилган кўплаб ваъдалар бажарилмасдан қолиб кетяпти. Масалан, болалар ва аёллар ҳуқуқи муаммосига ҳалигача ижобий ечимлар қилингани йўқ.
— «Толибон» хукуматининг катта куч марказлари билан алоқаларини кўрдик. 2 йил давомида АҚШ, Россия, Хитой билан муносабатлар қандай шаклланди ёки шаклланяпти?
Рустам Рашидов: — «Толибон» ҳукуматга келгандан буён халқаро ҳамжамият билан алоқаларни давом эттирмоқда. Кобулда турли давлат ва халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари мавжуд. Чегарадош мамлакатлар билан ҳам яхши муносабатлар давом этяпти. АҚШ, Россия, Хитой каби давлатлар билан муносабатларни оладиган бўлсак, хусусан, АҚШ қўшинлари Афғонистондан 2021 йил 30 августда олиб чиқиб кетилди. Бир йил ўтиб, 25-26 июль кунлари Тошкентда Ўзбекистон ташаббуси билан «Афғонистон. Хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. АҚШ делегацияси ҳам иштирок этиб, «Толибон» томони билан мулоқотга киришди. Расмий Тошкент мана шундай имконият яратиб берди. Бундан кейин ҳам турли даражадаги учрашувлар бўлиб ўтмоқда. Охиргиси август ойи бошида Доҳада бўлиб ўтди. Хитой билан, бошқа минтақа давлатлари билан ҳам муносабатлар ижобий давом этяпти.
Ҳамза Болтаев: — АҚШ ҳали расман «Толибон» ҳукуматини тан олганича йўқ. Шунга қарамасдан, амалий ҳамкорликни давом эттириш АҚШ манфаатларига тўғри келгани учун «Толибон» билан мулоқот тўхтаб қолгани йўқ. Лекин ҳозирги кунда АҚШнинг «Толибон» нисбатан аниқ бир позицияси йўқ. Юқори доирадаги учрашувларда АҚШ мақсад қилиб Афғонистон ҳудудининг турли террористик гуруҳлар ўчоғига айланиб қолмаслигини қўймоқда. Трансчегаравий дарёлар масаласи ҳам АҚШ давлат департаменти эътибор марказида экани айтилмоқда. Лекин аниқ бир расмий ҳаракатлар ё муносабат бўлгани йўқ бу бўйича.
Хитойнинг «Толибон»га муносабатида ҳам ўзига хос ёндашув бор. БМТ томонидан ташкил этилган Доҳадаги мулоқотда Коллектив Ғарб «Толибон» хукуматини тан олиш биргаликда бўлиши керак, деган фикрни илгари сурди. Хитой томони эса бунга қарши чиқиб, Хитой ва Афғонистон манфаатлари тўғри келадиган муносабат бўлса, биз учинчи томоннинг тан олишини кутиб ўтиришимиз шарт эмас, деган фикрни айтди. Чунки Хитой Шарқий Туркистон ҳудудига Афғонистондан турли террористик, экстремистик гуруҳлар «экспорт» бўлишидан хавфсирайди. Бундан ташқари, Хитойда автомобилсозлик саноати ривожланяпти, бунинг учун эса литий мерераллари керак бўлади, Афғонистонда катта литий захиралари мавжуд. Бундай имкониятни бой бериш Хитой учун нопрагматик ёндашув бўлади деб ўйлайман.
Россия «Толибон» билан ёпиқ ва яқин муносабатларда бўлган. Бу ошкора улар ўртасидаги муносабат ошкора бўлмайди дегани. Айниқса, 2007 ва 2014 йилдан кейин бундай муносабатлар кўзга ташланяпти. 2017 йилда Москвадаги Афғонистон масаласидаги учрашувга ҳам «Толибон» таклиф этилганди, лекин ҳокимиятда Ашраф Ғани эди. Лекин Россия «Толибон»нинг ҳокимиятни ҳаддан ортиқ марказлаштирилган манфаатдор эмас. Чунки бундай марказлашув Афғонистон шимолидаги турли этник гуруҳлар томонидан норозилик юзага келиши, экстремистик ва террористик гуруҳлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Бу эса Россиянинг жанубида ҳам ёйилиш хавфини туғдиради. Шунинг учун ҳам прагматик ҳамкорлик қилишга ҳаракат қилади, ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда.
НормуҳаммадАли суҳбатлашди.
Мавзуга оид
14:15 / 18.06.2026
Ливанга яна ҳужум бўлса, келишув тақдири сўроқ остида қолади – Умрбек Юсупов
15:51 / 17.06.2026
Россия ичкарисига дрон ҳужумлари билан Украина нимага эришяпти?
11:17 / 17.06.2026
🔴 LIVE: Исроил АҚШ-Эрон келишуви бандларидан бехабарлигини билдирди | “Геосиёсат”
09:05 / 17.06.2026