Жаҳон | 11:30
1718
6 дақиқада ўқилади

НАТО тўрт давлат қиёфасида янги рақибни кўрмоқдами?

Туркиядаги НАТО саммитида алянс бош котиби Марк Рютте НАТО давлатларида яшовчи 1 миллиард аҳолини “биргаликда иш олиб бораётган Россия, Хитой, Шимолий Корея ва Эрон”дан ҳимоя қилиш заруратини таъкидлади. Бироқ таҳлилчилар санаб ўтилган бу тўртта давлат ўртасида тўлиқ стратегик уйғунлик мавжуд эмаслиги, ҳозир аксинча, НАТОнинг ўзининг ичкарисида бўлиниш борлигига эътибор қаратмоқда.

НАТО бош котиби томонидан Россия, Хитой, Шимолий Корея ва Эроннинг бирга тилга олиниши уларга янги қаршилик блоки сифатида қаралаётганини англатадими?

Шуҳрат Расул: Россия–Украина уруши бошланган пайтда бу давлатлар ягона блок сифатида шакллангани йўқ. Шимолий Корея Россияга аскарлар, баллистик ракеталар ва миллионлаб снарядлар билан, Эрон эса дронлар билан ёрдам берди.

Хитойга келсак, АҚШнинг замонавий стратегик ҳужжатларида Хитой кўпроқ гипотетик хавф сифатида кўрилади, аммо бевосита душман сифатида баҳоланмайди. Евроиттифоқ ҳам Хитойни ҳозирча тўғридан тўғри ҳарбий таҳдид деб қабул қилмайди. Шу билан бирга, Хитойнинг иқтисодий ва ҳарбий қудрати ортиб бораётгани, айниқса ядро дастурининг кенгайиши хавотир уйғотмоқда. Таҳлилларга кўра, 2035 йилга бориб Хитой АҚШ ва Россия билан ядро паритетига яқинлашиши мумкин. НАТОнинг 2022 йилда қабул қилинган стратегик концепциясида ҳам Хитой айнан шундай – потенциал хавф сифатида тилга олинган.

Бу ерда Ғарб ичидаги муайян тафовут кўзга ташланади. Россия–Украина уруши давом этаётган пайтда Доналд Трамп бир неча бор бу уруш АҚШники эмас, балки Европанинг масъулияти эканини таъкидлади. Кейинчалик Яқин Шарқда Эрон билан кескинлик кучайганида эса, аксинча, у Европа давлатларидан ёрдам сўради. Европа етакчилари, жумладан Кир Стармер, Эммануэл Макрон ва бошқалар Яқин Шарқдаги можарони АҚШнинг ташаббуси деб баҳолаб, бевосита ҳарбий аралашувга тайёр эмаслигини билдирди. Бу ҳолат Трампнинг Украина ҳақидаги аввалги баёнотларига маълум маънода жавоб бўлди.

Ҳозир Трамп Украинани қўллаб-қувватлаш тарафдори, аммо ёрдамни тўлиқ бепул эмас, балки Евроиттифоқ молиялаштириши керак деган ёндашувни илгари сурмоқда. Сўнгги воқеалар шуни кўрсатадики, АҚШ ва Евроиттифоқ ўртасида ўзаро ишонч масаласида муайян совуқлик юзага келган.

Агар Хитой Тайванга ҳарбий йўл билан босим ўтказса ва АҚШ бунга аралашса, Европа мураккаб қарор олдида қолади. Чунки Евроиттифоқ “ягона Хитой” принципини тан олган, аммо Тайванга нисбатан куч ишлатилишини қўллаб-қувватламайди. Бундай вазиятда Европа қандай йўл тутиши кўплаб омилларга, жумладан ўша пайтдаги сиёсий етакчиларга ҳам боғлиқ бўлади. Масалан, агар ултра ўнглар ҳокимиятга келса, Европанинг ташқи сиёсий йўналиши сезиларли даражада ўзгариши мумкин.

Умрбек Юсупов: Ҳақиқатан ҳам Европа ва Американинг стратегик ёндашувлари бир-биридан фарқ қилади. АҚШ, хусусан Доналд Трамп даврида қабул қилинган стратегик ҳужжатларда Хитой асосий рақиб сифатида кўрсатилган бўлса, Европада ҳозирги асосий хавф сифатида Россия тилга олинмоқда. Бу позиция турли расмий баёнотлар билан тасдиқланган. Масалан, НАТО доирасида илгари сурилаётган “кучли ва автоном Европа” концепцияси айнан Россияни асосий таҳдид сифатида белгилайди.

Бу фикрни НАТО бош котиби Марк Рютте ёки Финландия президенти Александр Стубб чиқишларида ҳам кўриш мумкин. Уларнинг таъкидлашича, Украинанинг фронтдаги устунлиги ҳозир анча юқори даражага чиққан. Айнан шу омил Трамп риторикасининг ўзгаришига ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, Европа учун Хитой муҳим иқтисодий ҳамкор бўлиб қолмоқда. Европа Иттифоқи Хитойнинг энг йирик савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун бу масалада иқтисодий омил ҳал қилувчи рол ўйнайди ва Европа Хитойга нисбатан эҳтиёткор сиёсат юритади.

Атлантик ҳамкорлик сақланиб қолаётганига қарамай, Европа аста-секин ўзининг мустақил мудофаа салоҳиятини кучайтириш зарурлигини англаб етмоқда. Марк Рюттенинг баёнотларида ҳам бу яққол акс этади: Европада салоҳият бор, аммо уни тез ва керакли миқёсда тиклаш ҳозирча мураккаб вазифа бўлиб қолмоқда. Шу сабабли Европа ҳозирча АҚШга таянишга мажбур.

Трампнинг Европага нисбатан муносабати ҳам совуққон. У НАТО доирасида мажбуриятларни ошириш, хусусан ҳарбий харажатларни ЯИМнинг 5 фоизигача етказишни талаб қилар экан, аслида Европа давлатлари ўз хавфсизлигини ўзи таъминлаши кераклигини таъкидлайди. Бу ёндашув “ўз юкингизни ўзингиз кўтаринг” деган мазмунга эга. Шу фонда айрим Европа етакчилари, жумладан Эммануэл Макрон, Европанинг стратегик мустақиллигини ошириш ва ҳатто “ядро соябони” каби ташаббусларни илгари сурмоқда. Бироқ амалда Европа ҳали АҚШдан тўлиқ мустақил бўла олмайди. Сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан АҚШнинг таъсири ҳануз жуда кучли.

Бундан ташқари, АҚШ билан айрим Европа давлатлари ўртасидаги зиддиятлар ҳам умумий муҳитга таъсир қилмоқда. Масалан, Трампнинг Италия бош вазири Мелони билан муносабатидаги совуқлик ёки бошқа етакчилар билан юзага келаётган келишмовчиликлар Европа сиёсатига эҳтиёткорлик руҳини киритмоқда. Чунки ҳар қандай етакчи Трамп билан қарама-қаршиликка кирса, шунга ўхшаш босимга дуч келиши мумкин.

Умуман олганда, Европа стратегик автономия сари интилаётган бўлса-да, ҳозирча АҚШдан бутунлай юз ўгириши мумкин эмас. НАТО доирасидаги саммитлар ва ҳарбий-саноат форумлари айнан Европанинг реал имкониятлари ва заиф томонларини кўрсатиб бермоқда.

Шу билан бирга, Яқин Шарқ контекстида НАТО учун янги хавф омиллари ҳам пайдо бўлмоқда. Хусусан, айрим таҳлилларга кўра, Туркиянинг кучайиб бораётгани Исроил учун узоқ муддатли стратегик хавф сифатида баҳоланмоқда.

Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид