15 август куни, суст иқтисодий ўсиш, дефляция ва йил давомидаги экспорт ва импортнинг энг катта пасайишини кўрсатган тушкун июл статистикасидан бир ҳафта ўтгач, Хитойдан саноат, чакана савдо ва инвестициялар ўсиши секинлашиши ҳақидаги ёқимсиз хабарларнинг яна бир тўлқини келди.

Аммо статистик маълумотларнинг янги қисмида энг кутилган рақам йўқ эди. Ёшлар ишсизлиги тўғрисидаги маълумотлар ўрнига расмийлар улар ҳозирча очиқланмаслиги ҳақида баёнот эълон қилди. Дастлаб, уларнинг тўпламини «оптималлаштириш» керак, деган Хитой Давлат статистика қўмитаси.

Ёшлар ишсизлигининг рекорд даражада ўсиши – Хитой иқтисодиёти муаммолари рамзига айлангани учун ҳамма ҳисоботни интиқлик билан кутаётган эди. 2023 йил июн ойида 16 ёшдан 24 ёшгача бўлган ҳар беш хитойликдан бири ўзига иш топа олмаган ва июл ойида вазият янада ёмонлашганига иқтисодчиларнинг ишончи комил.

Барча эътибор дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринда турадиган Хитой иқтисодиётига қаратилган, чунки у 2023 йилда, Хитойдаги ковид чекловлари ва Россиянинг Украинага ҳужуми ҳамда Кремлнинг Европа Иттифоқи билан газ уруши туфайли Европадаги инқироз билан эсда қолган оғир 2022 йилдан кейин, дунёда ишбилармонлик фаоллигини тиклашнинг мотори бўлиши керак эди.

Бироқ, Хитойдаги вазиятни баҳолаш иқтисодчилар учун кундан кунга қийинлашиб бормоқда.

Фақат яхши хабарлар

Хитойда ёшлар орасидаги ишсизлик даражаси 21 фоиздан ошади. Бу 25 фоиз бўлиши ҳам мумкин, аммо буни энди билиб бўлмайди. Суратда Пекин савдо марказида бўш иш ўринлари кўргазмаси. Фото: Reuters

Хитойда аллақачон статистикани яшириш борасида тажриба бор — пандемия пайтида Коммунистик партия ўлим ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишни тўхтатганди. Бироқ, иқтисодий кўрсаткичлар, гарчи уларни талқин қилиш махсус кўникма ва кириш ҳуқуқини талаб қилса ҳам, ҳозиргача мунтазам равишда эълон қилиб келинаётганди.

Энди, иқтисод секинлашаётган, ҳукумат уни қайта жонлантира олмаётган ва фаровонликнинг аввалги ўсиш темпига қайтолмаётган бир вақтда, ҳукумат маълумотларни танлаб нашр этиш ва нарсаларни ўз номи билан аташни тақиқлаш орқали имижни яхшилашни бошлади.

Ғарб билан алоқалар узилгандан кейин келажагини Хитой билан боғлаётган қўшни Россияда ҳам вазият тахминан шундай. Украинага бостириб киргандан сўнг, Кремль ташқи савдо, нефт ва газ қазиб олиш бўйича статистик маълумотларни махфийлаштирди ва қамоқ таҳдиди билан урушни «махсус ҳарбий операция» деб аташга мажбур қилди. Владимир Путин Россия иқтисодиётининг муваффақияти ҳақида ҳисобот беради, иқтисодчилар эса инқироз ҳақида гапиради ва қоронғи келажакни башорат қилади.