Жаҳон | 11:42 / 21.08.2023
10881
2 дақиқада ўқилади

Иқлим ўзгариши туфайли дунё океанининг ярми яшил тусга кирди

Океанларнинг бундай яшилланиши иқлим ўзгариши сув ости ҳаётига таъсир этаётганидан далолат беради, дейди тадқиқотчилар.

Фото: Canva / NASA CC0 Images

Сунъий йўлдош маълумотлари шуни кўрсатадики, сўнгги 20 йил ичида дунё океанининг 56 фоизи туси кўкдан яшилга ўзгарган. Бу ўзгаришлар, айниқса, экватор яқинидаги тропик минтақаларда яққол сезилади, деб хабар берди Euronews.

NASA агентлигининг Modis-Aqua сунъий йўлдоши дунё океанининг ярмидан кўпи кўк рангдан асосан яшил рангга босқичма-босқич ўтганинин қайд этган. Рангини ўзгартирган майдон Ердаги барча қуруқлик майдонидан каттароқдир.

Буюк Британиянинг Саутҳэмптон шаҳридаги Миллий океанография маркази таҳлилига кўра, яшил ранг глобал исиш туфайли экотизимларнинг ўзгариши белгиси бўлиши мумкин. Бу ўзгаришлар нима экани ва уларнинг аниқ сабаблари ҳали аниқланмаган. Аммо, улар, эҳтимол, кўпчилик озиқ-овқат занжирлари асосидаги мавжудотлар - фитопланктон билан боғлиқ. Бу организмлар биз нафас олаётган кислороднинг кўп қисмини ишлаб чиқаришда ва атмосферамизни барқарорлаштиришда ҳам муҳим роль ўйнайди.

«Иқлим ўзгаришининг оқибатлари денгиз микроорганизмлари экотизимида аллақачон сезилмоқда», дейилади тадқиқотда.

Тадқиқот муаллифларининг фикрича, океан рангининг ўзгариши экотизимлари ҳолатидаги ўзгаришларни акс эттириши мумкин. Тўқ кўк ранглар ҳаёт даражасининг пасайишини, яшил ранглар эса фитопланктон фаоллигини кўрсатади.

Олимларнинг фикрига кўра, океан рангидаги ўзгаришлар тенденциясини пайқаш учун 40 йилгача вақт керак бўлади.

Океан ранги ўзгаришини чуқурроқ ўрганиш учун 2024 йил январь ойида NASA агентлиги Pace космик аппаратини учиришни режалаштирилган. У планктон, аэрозоллар, булутлар ва океан экотизимини кузатади.

Мавзуга оид