Рублнинг сакрашлари

Рубл июл ойи бошларидан талвасага туша бошлади. Бевосита сабаб сифатида таҳлилчилар Евгений Пригожиннинг амалга ошмаган исёнини ҳам санашган бўлса-да, фундаментал омиллар анча чуқурроқда. Бутун июл ойи мобайнида ва август ойи бошларида рубл арзонлашди, гарчи Марказий банк 21 июл куни 2022 йил баҳоридан буён асосий ставкани 8,5 фоизгача кўтарган бўлса ҳам. 9 август куни Марказий банк раиси ўринбосари Алексей Заботкин «Известия» нашрига берган интервюсида инфляцион кутилмалар ва корпоратив чакана кредитлаш миқдори ошиб бориши фонида регулятор асосий ставкани оширишини очиқ айтган эди. Бироқ бу гаплар етарли бўлмади — 11 август, жума куни савдолар якунланишига доллар 99,43 рубл қийматида тўхтади ва 100 рубллик довонни забт этишга ҳозирлик кўра бошлади.

Лекин бу воқеа содир бўлгунга қадар, 14 август куни эрталаб президент ёрдамчиси Максим Орешкин ТАССда эълон қилинган мақоласи билан рубл волатиллиги ҳафтасини очиб берди. Кўп йиллар давомида Россия Марказий банкини қатъий сиёсати учун танқид қилиб келган Орешкин ўз мақоласида кутилмаганда қарашларини ўзгартириб, сиёсатни янада қатъийлаштиришга чақирган. Кучсиз рубл Россия учун фойдали эмаслигини тушунтириб, рубл қадрсизланиши ва инфляция тезлашувига юмшоқ пул-кредит сиёсатини асосий манба деб атади ва рубл қулашида МБни айблади. Моҳиятан Орешкин қуйидагиларни таъкидлади: рубл қулашида камайиб бораётган даромадларга қарамасдан бюджет харажатларини оширган ҳукумат ва Кремл эмас, базавий ставкани жуда тез пасайтирган Марказий банк айбдор.