Хўш, доллар қанчадан бўляпти ўзи?

Ҳаммаси уни қаерда сотиб олишга боғлиқ. Россияда «нодўст» валюталар билан биржа савдоси йўқлиги сабабли, чоршанба кунги биржа саросимасида ахборот воситалари асосан Forex бозорини кузатди. У ерда котировкалар энг юқори даражага етди. Forex турли савдо майдончалари, асосан Лондон биржаси ICE маълумотларини жамлайди. Россиялик иқтисодчилар бу бозорни ишончсиз, деб баҳолайди. Чунки бу ерда талаб ва таклиф манбалари аниқ эмас.

«Т-Инвестиции» компанияси бош иқтисодчиси Софя Донецнинг фикрича, энг ишончли индикатор — бу Москва биржасида ҳали ҳам савдолашилаётган юан курси. Чоршанба куни юан 15 рублгача қимматлашди, бу 2022 йил март ойидаги даражага тенг, аммо аҳвол кейинроқ «сирли сотувчи»нинг саъй-ҳаракатлари туфайли барқарорлашди. Юанга кўра доллар курси ҳисобланганида у тахминан 108 рублни ташкил этади. Бу эса Россия Марказий банки расмий курсларига мос қиймат.

Россия Марказий банки валюталар курсини бошқачароқ ҳисоблайди. У «биржадан ташқари бозор» маълумотларига таянади, бу ерда Россия банклари, брокерлар ва бошқа молиявий ташкилотлар ўзаро савдо қилади. Чоршанба куни у ердаги динамика ҳам Forex билан ўхшаш бўлган: доллар 114 рублгача, евро эса 120 рублгача қимматлашган. Аммо РМБ савдолар ҳажмини ёздан буён махфийлаштириб келаётгани учун бу маълумотларга ҳам ишониб бўлмайди.

Яна бир индикатор — доллар/рубл жуфтлиги бўйича фючерслар. Унга кўра, чоршанба кунги энг юқори нуқтада доллар 110 рублга чиққан, кейин эса 106 рублгача арзонлашган.

Энг осон, бироқ ишончли бўлмаган индикатор — бу банклардаги айирбошлаш курслари. Москва банклари долларни 108 рублдан 115 рублгача сотиб олишни таклиф қилмоқда.

Доллар 100 рубл эди. Ўзи нима ўзгарди?

Бозор бунақа тез ўзгаришни аномал ҳолат деб баҳоламоқда. Иқтисодчилар ҳаттоки октябр ойида ҳам доллар курси 94,5 рубл бўлишини тахмин қилишган ва бу қадар кескин кўтарилишини кутишмаганди. Аммо шундан буён вазият ўзгарди: хорижий валюта танқислиги ойига 2–4 миллиард доллар деб баҳоланмоқда ва «идеал тўфон» бошланди:

  • Экспортчилар ички бозорда валюта сотишни қисқартиришди. Бу ҳолат кўпинча ҳукуматнинг янги қарори билан боғланмоқда. Қарорга кўра, энди экспортчилар даромадларининг фақат 25 фоизини валютага алмаштиришлари мумкин. Бошқа версияга кўра, санкциялар сабабли экспортчилар кўпроқ валюта сотиш имкониятига эга эмас. Иқтисодчи Дмитрий Полевойнинг фикрича, ушбу қоидаларни ўзгартириш курсга таъсир қилмаслиги ва фақат бизнесга зарар етказиши мумкин.