Худди кинолардагидек ёхуд 500 минг долларлик фирибгарликнинг драматик якуни
Жиззахда турган “овчи” пойтахтдаги ўлжани бехато урганди гўё. Аммо қинғир ишнинг қийиғи барибир чиқди, жиноят иши ортидан 2 киши қамоққа равона бўлди, улар нишонга олган “ўлжа” – қарийб 25 млрд сўмлик мулк бир йилдан кўпроқ сарсонгарчиликлардан сўнг ўз эгасига қайтди. Халқ банки ходимлари ва нотариуснинг бу фирибгарликдаги алоқаларига ҳозирча ҳуқуқий баҳо берилгани йўқ.
Кутилмаган хабар
Йиллар давомида эгалик қилиб келинган хусусий мулк бирданига бошқа бировга ўтиб қолса... Тошкент шаҳридаги “Denta-Servis” хусусий корхонаси раҳбари Камол Хўжаев билан ҳам шунга ўхшаш воқеа содир бўлди. У қарийб 25 млрд сўмлик мулкидан айрилишига бир бахя қолди. Бу ҳақда Kun.uz олдинроқ мақола эълон қилганди.
Тошкентлик тадбиркор 2022 йилнинг 5 июль куни Халқ банки Жиззах филиалидан талабнома олади. Унда Халқ банкидан қарийб 700 минг доллар кредит олиш учун корхонага тегишли хусусий шифохона биноси гаровга қўйилгани, қарз тўланмаётгани учун ундирув бу мулкка қаратилаётгани назарда тутилганди. Кутилмаган бу хабардан тадбиркор ҳайратга тушади.
Талабномада айтилаётган бино – Чилонзор тумани “Чарх-Камолон” МФЙ, Новза кўчаси 16-уйда жойлашган 2,3 минг кв/м майдонга эга шифохона ҳақиқатан ҳам корхонага тегишли эди.
Тадбиркор аввалига бу ҳолатни кичик бир англашилмовчилик деб ўйлайди,вазият анча жиддий, талабнома ортида кичик англашилмовчилик эмас, катта фирибгарлик бор экани хаёлига ҳам келмаганди.
Суднинг ғирроми
2022 йил 12 август куни Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатиш ҳамда терговга юбориш тўғрисида қарор қабул қилинади. Бу иш доирасида ҳужжатлар, хусусан уларга қўйилган имзо ва муҳр экспертизага юборилади. Жиззах вилояти эксперт криминалистика маркази томонидан уларнинг сохталиги тасдиқланади. Аммо прокуратура терговни давом эттираётган бир вақтда Халқ банки Жиззах туманлараро иқтисодий суди орқали отни қамчилаётган эди.
Аслида судда ҳужжатлар сохталигига, кредит олувчи “Ayzenburg Ekspert” МЧЖ ҳам, унга кафил бўлган “Yagona Sof Kapital” МЧЖ ҳам бунча кредитни олиб ишлатишга лаёқатли бўлмаган, боз устига янги ташкил қилинган ташкилотлар эканига эътибор қаратилиши лозим эди. Вазиятга умуман алоқаси бўлмаган ҳолда энг кўп жабр кўраётган “Denta-Servis” хусусий корхонасининг ишга умуман алоқадор бўлмаганига диққат қилиниши шарт бўлган. Аммо 2022 йил 18 август куни жуда қисқа муддат, нари борса 15-20 дақиқа давом этган суд ўзининг илк мажлисидаёқ “Denta-Servis” хусусий корхонасидан қарзни ундириш ва бунинг учун шифохона биносини банк ҳисобига мусодара қилиш тўғрисида қарор чиқариб юборади.
Жиноий схема қандай ишлаганди?
Аслида ҳаммаси бири 5 марта, бошқаси 6 марта ва яна бири 3 марта судланган уч фирибгарнинг ўзаро келишувидан бошланганди. “Ayzenburg Ekspert” МЧЖнинг норасмий раҳбари Озод Пирназаров 2021 йилнинг март ойида сохта ҳужжатлар тайёрлаш билан шуғулланиб келган, хавфли рецидивист ҳисобланган Маъмур Эркабоевга қўнғироқ қилади. Ўзаро суҳбат жараёнида Озод Пирназаров 700 минг доллар кредит олмоқчи эканини, бунинг учун банкка сохта ҳужжатлар асосида кредит таъминоти сифатида гаров мулкини қўйиш кераклигини айтади. Ўзини бу ишларнинг пири деб биладиган Маъмур Эркабоев ишни шериги Рашид Бакиров билан биргаликда хамирдан қил суғургандек ҳал қилишини билдиради. “Буюртмачи” ва “бажарувчи” 10 минг долларга келишади.
Шундан сўнг икки “ишбилармон” – Маъмур Эркабоев ҳамда Рашид Бакиров сотилиши режалаштирилган “пичоққа илингулик” биноларни излай бошлашади. Уларнинг эътиборини “Denta-Servis” хусусий корхонасининг сотувга қўйилган биноси тортади.
Кейинги қадам ҳужжатларни сохталаштириш эди. Фирибгарлар корхона раҳбари Комил Хўжаев номидан сохта умумий йиғилиш қарори чиқариб, Рашид Бакировни корхонага раҳбар қилиб тайинлашади. Сўнгра таъсисчиларининг кредит олинишига рози экани ҳақида йиғилиш баённомаси, мулкни баҳолаш ҳисоботи, кадастр ҳужжати, “Denta-servis” хусусий корхонаси гувоҳномаси, устави, Кадастр агентлиги, Архитектура ва қурилиш бошқармаси маълумотномаларини қалбакилаштиради. Шунингдек корхона муҳрини ҳам сохталаштириб ясайди. Тайёр бўлган ҳужжатларни Озод Пирназаров банкка тақдим қилади.
Аммо бир муаммо чиқади, банк ходимлари гаров мулкини жойига бориб кўриши керак эди. Фирибгарлар бу муаммони ҳам силлиққина ҳал қилишган: “Denta-Servis” хусусий корхонасининг можарога сабаб бўлаётган биноси сотувга қўйилган эмасми, Маъмур Эркабоев маклер ниқоби остида Комил Хўжаевнинг олдига боради ва харидор олиб келишини айтади. Харидорлар эса гаров мулкини кўришга бораётган банк ходимлари эди. Эркабоев банк ходимларига ўзини “Denta-Servis” хусусий корхонасининг вакили деб таништириб, бинони кўздан кечиришга имкон яратиб беради.
Шу тариқа, нотариусга ҳам сохта ҳужжатлар тақдим қилиниб, кредит шартномаси тузилган ва кредит чиқарилган.
Қилмиш жазосиз қолмади
2023 йил 21 июль куни жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судида мазкур йирик фирибгарлик иши кўриб чиқилди. Суд ҳукми билан Маъмур Эркабоев 6 йил-у 6 ой, Озод Пирназаров 8 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди. Рашид Бакировга эса ойлик иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Банк ходимлари, нотариус ва адолатсиз қарор чиқарган суд масаласи очиқ қоладими?
Жиззах туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 18 августдаги ҳал қилув қарорига апелляция киритилган ҳамда ишни кўриш тергов якунига қадар тўхтатилган эди. Орадан бир йил ўтиб, жиноятчиларга суд ҳукми билан тегишли жазолар тайинланганидан сўнг ишни кўриш тикланди. Суд 21 август куни кредит шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш, мулкни тақиқдан чиқариш ва эгасига қайтариш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарди.
Kun.uz суриштирувидан сўнг Судьялар олий кенгаши апелляция суди натижасидан кейингина судьянинг хатти-ҳаракати бўйича хизмат текшируви ўтказиш масаласи кўриб чиқилишини билдирганди.
Албатта, бу ишда электрон базадан мулкка оид бapчa ҳужжатларни олиб, тақдим этилганлари билан солиштирмаган, мулкдорга оид элементар текширув ҳам ўтказмасдан шартнома расмийлаштирган нотариуснинг, кредит чиқаришда кўплаб хатоларга йўл қўйгани ҳам ҳуқуқий жиҳатдан баҳоланиши лозим. Кun.uzʼга маълум бўлишича, ишнинг нотариус ва банк ходимларига оид қисми жиноят ишидан алоҳида юритувга ажратиб олиниб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Руслан Сабуров
Kun.uz
Мавзуга оид
12:31 / 10.11.2024
2024 йилда Жиззах вилоятида болалар иштирокида 59 та ЙТҲ содир бўлди
07:50 / 24.10.2024
Давлат мулки объектларини “нол” харид қиймати бўйича реализация қилиш тартиби бекор этиляпти
10:20 / 19.10.2024
Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши янада оширилади
09:56 / 24.09.2024