Жамият | 13:40 / 28.08.2023
57312
12 дақиқада ўқилади

Ўзбек муҳожирининг 12 ёшли ўғли қандай қилиб дунёнинг энг ақлли одамлари рўйхатига кирди? – эксклюзив интервю

12 ёшли Юсуф 2023 йилнинг июн ойида Меnsa тестидан 162 балл олиб, дунёнинг энг ақлли одамлари рўйхатига кирди. Унинг отаси Абдураҳмон Азимов оиласи билан Буюк Британияда яшайди. “Ўғлимиз 1 ёшида тўлиқ гапириб, 3 ёшидан инглизча китобларни мустақил ўқий оларди”, дейди Юсуфнинг отаси.

Юсуфнинг отаси Абдураҳмон Азимов асли тошкентлик бўлиб, 2004 йилда ўқиш учун Буюк Британияга кетган. Ҳозир оиласи билан Лондонда яшайди. У билан Юсуфнинг ноёб қобилияти, ўғлининг қандай қилиб дунёнинг энг ақлли кишилари жамиятидан ўрин олгани ҳақида суҳбатлашдик.

– Абдураҳмон ака, Буюк Британияда 20 йилдан бери яшайсиз. Ўзбекистондан кетишингиз ва Британияда қолишингизга нима сабаб бўлган?

– Ўзим Тошкентда, Кўкчада туғилиб ўсганман. Мактабни битириб, Ислом университетининг Халқаро иқтисодий алоқалар факултетида ўқидим. 2004 йилда ўқишни тугатмай, Англияга кетганман. Англияда инглиз тили ва IT'ни кичикроқ коллежда ўқиб, бакалаврни бизнес бошқаруви йўналишида Вестминстер университетида ўқидим. Шундан сўнг дастурлаш, веб-сайтлар яратишни ўргандим. Кейин эса Кембрижда рақамли бизнес соҳасида ҳам ўқидим. Охирги 3-4 йилда блокчейн технологияси ривожлана бошлади. Ҳозир шу соҳага қизиқиб юрибман. Шу йўналишда Оксфорд университетига ҳужжат топширдим, насиб этса, у ерни ҳам битириб оламан. Оилам билан Лондонда яшаймиз. 3 фарзандим бор. Аёлим полшалик, поляк миллатига мансуб. У билан Англияда бирга ишлаб танишиб қолганмиз. Тўйимиз ҳам ўша ерда бўлган. Катта ўғлим Юсуф 12 ёшда, кейингиси Ёқуб 10 ёшда, кичкина қизим Сара 7 ёшда.

– Ўғлингиз Юсуф Мensa тестларида энг юқори натижа – 162 балл олиб, дунёнинг энг ақлли кишилари рўйхатига кирди. Меnsa жамияти ҳақида маълумот бера оласизми?

– Меnsa интеллектуал кишилар жамияти ҳар доим юқори интеллектга эга бўлганларни аниқлаш учун тестлар ўтказиб боради. Ҳар бир одам бу тестларни 18 ёшгача бўлган даврда бир марта ва 18 ёшдан кейин бир марта топшира олади, холос. Бу тестлар бутун дунёда бир хил бўлади. Саволлар шундай бўладики, берилган вариантларнинг ҳаммаси тўғри бўлиши мумкин, лекин танланган вариантларга қараб интеллектнинг қай даражада эканини аниқлашади. 18 ёшдан катталар учун бериладиган балл 161, 18 ёшдан кичиклар учун эса 162 балл.

Бу жамият ҳақида бир неча йил олдин эшитгандим. Теlegram тармоғи яратилган пайтда Дуров ҳақида ўқиётганимда Меnsa жамияти аъзоси деган жойига эътибор берганман. Шундай кейин ўзим ҳам бир тест топшириб кўришим керак деб ўйлаб юрардим. Фарзандли бўлгач, доим, фарзандим топшириб кўрса, қандай бўларкан, деган қизиқиш бўлган.

2023 йилда ўғлим Юсуф билан бирга тест топширдик, меники ҳали жавоби чиқмади. Лекин ўғлимники 162 балл чиқди.

– Юсуфдаги юқори ақлий қобилиятни қачон ва қандай пайқагансизлар?

– Юсуф бир ёшидан гапириб бошлаган, 3 ёшида инглизча китобларни бемалол ўқирди. Бошқа болаларга ўхшаб шўхлик қилиб, ўйнаб, тўполон қилмасди. Асосан китоб ўқирди, боғча опалари ҳам шундай дерди. Доим саволлар берарди, кўп нарсага қизиқарди. Ўша даврдан потенциал борлигини сезганмиз ва йўл-йўриқ кўрсатиб даражасини кўтаришимиз мумкинлигини билганмиз. Мактабга чиққан пайтида ҳам тенгдошларидан анча илгарилаб кетганди, ўқитувчилари ҳам айтарди. 2-3 ёшлигидаёқ иқтидори борлигини сезганмиз. Шундан сўнг фақат китоблар олиб берганмиз. Онаси ҳам чақалоқ пайтидан бошлаб китоб ўқиб беришни бошлаганди.

Юсуф кичикроқ пайти кунига 100 бетгача китоб ўқирди, ҳозир 500-600 бетгача ҳам ўқийди. Тошкентга келганимизда ҳам бир тун уйқуси қочиб 4 та китобни тугатибди. Англияда китоблар алоҳида ёшларга мўлжалланган бўлади, ўғлим ҳам ўзининг ёшига мос китобларни ўқийди.

Юсуф ёшлигидан айтган нарсамизни бирдан тушуниб олиб, ёдлаб ҳам қоларди. Бир мавзуни қайта гапиришга ҳожат йўқ эди, бир неча йилдан кейин сўрасангиз ҳам, ўша нарсани билади. Ўқиган китобларининг қаҳрамонлари, сюжети, муаллифини эслаб қолади. Ҳозиргача 800 тача китоб ўқиб тугатган. Одамлар ҳаётини сақлаб қолиш, имкон қадар умрини узайтириш кабиларга ҳам қизиқади, шунинг учун тиббиёт соҳасида кетар деб ҳам ўйлаганмиз. Кичкиналигидан ракеталар ясаш, ҳар хил механик қурилмаларга ҳам қизиқади. 3-4 ёшлигида темир-терсаклар уюмидан ракета учун керакли темирларни излаб топиб, шаклларни яхши ажратарди. 3Dʼга ҳам қизиқди, кейин эса сонларга қизиқа бошлади, жуда катта сонларни ҳам ёдлаб ўтирарди. Шулар сабаб аниқ фанларга кўпроқ қизиқади деган фикрга келганмиз.

– Меnsa тестидан неча балл олишини тахмин қилгансизлар?

– Тестдан юқори балл олишини ота-она сифатида кутганмиз, албатта. 132 баллдан юқори олганларга жамият аъзолиги берилади. Шу баллдан юқори олишини кутиб юрганмиз, лекин 162 балл олишини кутмаганмиз, тўғриси. Алберт Эйнштейннинг IQ даражаси 160, Ҳокингники 161 бўлган дейилади. Ўғлимиз ҳам шу даражада бўлади деб ўйламаганмиз.

– Болалар одатда кўп савол беришади. Юсуфнинг кўп нарсага қизиқишини ҳисобга олсак, у оддий болалардан кўра кўпроқ савол берса керак. Болангизнинг кўп савол беришига қанчалик тоқатлисизлар?

– Оиламизда болага кўп савол берма, деган гап йўқ. Доим саволларига жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Ўзимиз ҳам билмаган нарса бўлса, ўқиб-ўрганиб, қизиқарлироқ қилиб айтиб беришга ҳаракат қилардик. Жавобларга қўшимчалар қилишга ҳаракат қилганмиз. Аёлим психолог бўлгани учун ўсмирларнинг психологиясига ҳам жуда қизиқади. Китоблардан ўқиб, ўрганиб, болаларимизга шунга кўра муомала қиламиз. Болаларнинг ўзини тутишига қараб қайси гармони камайиб, кўпайганини назорат қилиб, шунга қараб витаминларини берамиз. Аёлим билан маслаҳатлашиб болаларим ҳолатини тушунишга ҳаракат қиламиз, билмаганларимизни бир-биримизга айтамиз.

– Китоб ўқишни истамайдиган болаларнинг ота-оналарига қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

– Ота-оналар болам ўзи ўқимайди, дейиши нотўғри, менимча. Вақтлироқ қизиқтиришмагандир, балки. Масалан, биз бошланишида ухлашидан олдин 5-10 бет китоб ўқиб берганмиз. Бола қизиқмаётган бўлса, у мавзуга тушунмаётгандир, зерикарли туюлаётгандир. Бола билан китобдаги нарсалар қўшимчалар билан таҳлил қилинса, у қизиқиб қолиши эҳтимоли катта. Бола қизиқадиган йўналишдаги китобларни топиш керак. Ўзбекистонда камроқдир, билмадим, лекин Англияда танлов имкони катта, бемалол топса бўлади. Битта китоб сал зерикарлироқ бўлса, бошқа кичикроқ ва қизиқроғидан олиб берамиз. Ўқиб бўлгач, қанақадир рағбатлантирамиз.

Бола умуман китоб ўқимаётган бўлса, демак, унинг бошқа қизиқиши бор. Барибир энергиясини нимагадир сарфламоқчи бўлади. Биз ҳам Юсуфдан нимага қизиқаётганини сўрасак, билмайди, чунки ҳали ўрганиб кўрмаган соҳалари кўп. Бир неча йиллар олдин вақт машинаси яратаман деб юрарди, чунки яқинларимиз ўлишидан қўрқарди. Ёшлик эликсири топишга қизиқиб кўрди, қора седанани ҳам ўрганиб кўрди. Ёндош оламларни ўргана бошлади, ўша оламлар билан мулоқот қилиш мумкинмикан, деб ўрганиб кўрди. Бундай қизиқишлари кўп бўлган, бу ҳам ўқиётган китоблари билан боғлиқ бўлади.

Одамларимиз болани китоб ўқишга қизиқтириши керак. Ва ўша ўқиган нарсаларидан керакли маълумотларни олишни ўргатиши лозим. Бола ҳаммасига тушунмаслиги мумкин, шунинг учун ўша мавзуни бола билан муҳокама қилиб етказиб бериш, бошқа томонлардан қараб кўриш керак. Шунда болада таҳлил қилиш қобилияти ҳам ривожланади. Ёш бола китоб ўқишни билмайди деб ўтириш керакмас. Бола китобни тушунмаса ҳам, қарамаса ҳам, ўшани олдига қўйиб фойдали нарса эканини сингдириб бориш керак.

– Жуда анъанавий савол бўлса ҳам сўрамоқчиман: гаджетлардан болаларни узиб қўйишни тўғри деб ўйлайсизми?

– Биз ҳам болаларимизга 3-4 ёшидан планшетлар бера бошлаганмиз. Лекин фойдали бўлган, фақат бирор нимани ўрганиш мақсадида берганмиз. Дейлик, YouTubeʼдан видео қўйиб берсак ҳам, болалар учун мўлжалланган алоҳида иловасидан қўйганмиз, ўзимиз ҳам назорат қилиб турганмиз. YouTubeʼдаги каналлар, бошқа платформаларнинг асосий вазифаси — кўпроқ вақтни олиб, реклама бериш. Ота-оналар мана шунга қарши курашиши керак. Болага берилаётган нарсаларни филтрлаш, вақт бўйича чекловлар ўрнатиш лозим. Чунки бола ҳали билмайди, бир нарсага қизиқиб қолса, ўша нарсага берилиб кетади.

Яқинда туғилган кунида Юсуфга телефон олиб бердик. Телефон унга узоқ мактабга қатнаши учун ҳам керак бўлади. Лекин телефонига қарамайди, чўнтагидан чиқармайди ҳам. Телефонининг қувватига ҳам биз қараб турамиз, ўзи аҳамият бермайди. Фақат биз билан гаплашиш учун ишлатади. Баъзида iPadʼида ўйин ўйнаганда ҳам назорат қилиб турамиз. Сал кўпроқ ўйнаб юборса, ўзи ўйин учун кетган вақтига ачинади. Ўзи учун чегара қўя олади, шунинг учун бизга ҳам осон бўлади.

Ота-оналар телефон ўрнига бола нимадир ўрганадиган қизиқарли нарсалар берса ва ўшандан саволлар берса, муҳокама қилса, бола эътибори шунга қаратилади. Биз овқатланиб ўтирганимизда ҳам оилавий интеллектуал ўйинлар ўйнаймиз, дейлик, давлатлар пойтахтини топишни ўйнаймиз, байроқлар ҳақида, қитъалардаги давлатлар ҳақида гаплашамиз, хотирани мустаҳкамловчи ҳар хил сўз ўйинлари ҳам ўйнаймиз. Баъзи пайт чарчаб эсимиздан чиқиб қолса, болаларнинг ўзи ўйнайлик деб сўрайди. Биз ўйиндан чиқсак, ўзлари ўйинни давом эттиришади.

– Болаларингизни қандай жазолайсиз ва рағбатлантирасизлар?

– Бирор бир шўхлик қилиб қўйса, китоб ўқиш вақтини 10-15 дақиқага қисқартирамиз. Оғир жазомиз шу. Лекин шунда ҳам кўпроқ ўқий деб биз билан келишишга ҳаракат қилади.

Рағбатлантиришга келсак, боласи нимадир натижага эришса, ота-она ўша нарсани кўрганини, боласига тан берганини, хурсандлигини билдириши керак. Болаларни жазолаб эмас, рағбатлантириб тарбиялаш анча яхши натижа беради. Лекин пул билан рағбатлантирмаймиз. Дейлик, мактабда қанақадир тестлардан яхши ўтса, уйимизда кинотеатр ташкиллаштириб, кечқурун кино кўрамиз. Рағбатлантириш – оилавий яхши вақт ўтказиш билан ҳам бўлади, болаларимиз ҳам шуни исташади. Таътил пайтларида турли давлатларга бориб, ҳар хил жойларни кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

Бундан ташқари, рағбатлантириш учун чекланган миқдорда учаласига пул берамиз. Дўконга кириб исталган нарсасини олиши мумкинлигини айтамиз. Шунда ўзлари учун нимадир олишади ёки учаласи пулини қўшиб биргаликда ўйнаш учун бирор нима олишади. Бу орқали молиявий маданияти ҳам шаклланади, яқинларини эшитиш, уларнинг манфаатини ўйлаш ҳам пайдо бўлади.

Болалар олдида молиявий масалаларни муҳокама қилмаймиз. Чунки булар ҳали бунақа нарсаларни ўйлаши керакмас. Суҳбатларда катта бўлганингда пул учунмас, ўзинг учун ишла, деб айтиб турамиз. Қайси соҳага қизиқса, шу бўйича етук мутахассис бўлиши кераклигини, пул масалалари кейинчалик бўлишини уқтирамиз. Яхши мутахассис бўлса, пул ҳеч қандай муаммо бўлмаслигини болалар билиши керак. Бошқалар ва ўз манфаатим учун ишлайман деган фикр бўлиши керак деб ўйлаймиз.

– Болани бирор соҳага қизиқтиришни нимадан ва қандай бошлаган маъқул?

– Юсуф ҳам ҳар хил соҳаларга қизиқиб кўради. Ҳар доим бир мавзуни очганда эринмасдан суҳбатлашамиз. Бирор мавзуга қизиқтиришдан олдин, ўзим ҳам баъзи китобларни ўқиб чиқаман, кейин шуларни ўрганиб кўр, деган тавсия бераман. Чунки Юсуфнинг мулоҳаза қилиши, тушуниши бошқача, мен ўйламаган томонларни ўйлаб, нималарнидир кашф қилар, муаммони ечар деб ўйлайман. Умуман, формал тарзда ўргатиб, ҳамма нарсага бир қизиқтириб кўришга ҳаракат қиламиз.

Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж усталари – Абдусалим Абдувоҳидов, Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид