Жаҳон | 08:59 / 01.09.2023
6688
2 дақиқада ўқилади

АҚШ КХДР туфайли россиялик ва унинг фирмасига қарши санкциялар киритди

АҚШ Молия вазирлиги «Интеллект» компанияси ва унинг бош директори Сергей Козлов ҳамда Шимолий Корея фуқароси Чон Чин Ёнга КХДРга баллистик ракеталар ва оммавий қирғин қуролларини яратишда ёрдам бергани учун санкциялар киритди.

Фото: РИА Новости

АҚШ Молия вазирлиги Москвадаги «Интеллект» компанияси ва унинг бош директори Сергей Козлов ҳамда Шимолий Корея фуқароси Чон Чин Ённи Шимолий Кореяга нисбатан қўлланган санкциялар рўйхатига киритди. Идоранинг 31 август куни эълон қилинган баёнотида айтилишича, бу жисмоний ва юридик шахслар «оммавий қирғин қуроллари ва баллистик ракеталарни ноқонуний ишлаб чиқиш» билан шуғулланувчи «КХДРдаги ташкилотларни бевосита қўллаб-қувватлаган ёки даромад келтиришда ёрдам берган». Қайд этилишича, санкциялар КХДРнинг бир ҳафта олдин айғоқчи сунъий йўлдошни орбитага олиб чиқиш бўйича иккинчи муваффақиятсиз уринишига жавобан киритилган.

АҚШ вазирлиги маълумотларига кўра, Россияда яшовчи Жунг Чон Чин Ён Козлов билан биргаликда Шимолий Кореядан келган қурилиш ишчиларини Россияда иш билан таъминлашни мувофиқлаштирган ва Козлов ёрдамида «кемасозликда кенг қўлланиладиган товарлар» сотиб олган. Бундан ташқари, Чон Чин Ён Россияда ишлайдиган Шимолий Корея IT-мутахассислари гуруҳини бошқарган ҳамда унинг аъзоларига Козлов ходимларининг қариндошлари томонидан тақдим этилган шахсни тасдиқловчи ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда халқаро IT-фрилансер ёллаш платформаларида аккаунтларни тасдиқлашда ёрдам берган. 

АҚШ Молия вазирлиги, шунингдек, Чон Чин Ён Москвада «Интеллект» МЧЖ ва «Вторая академия естественных наук» (Second Academy of Natural Sciences, SANS) сохта компанияси ўртасидаги қўшма қурилиш лойиҳасига масъул эканини билдирди. Ушбу компанияга 2010 йилда АҚШ томонидан «оммавий қирғин қуроллари ёки уларни нишонга етказиш воситаларини тарқатиш билан боғлиқ фаолиятда иштирок этгани» учун санкция қўлланган эди. 

«Интеллект» МЧЖ 2019 йилда Москвада рўйхатдан ўтган. Компаниянинг устав капитали 10 минг рублни ташкил этади, унинг 2022 йилдаги даромади 3 миллион рублдан ошди.

Мавзуга оид