Ўзбекистон | 17:39 / 08.09.2023
10305
3 дақиқада ўқилади

34 та туман ва шаҳарда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан пасайган

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида саноат корхоналари барқарор ишлаши учун тармоқ ва ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент йиғилишда ўтган етти ойда саноат маҳсулотлари ҳажми 5,7 фоизга ўсиб, 345 триллион сўмга етганини таъкидлади. Бу кўрсаткич электротехника саноатида 46 фоизни, енгил автомобиллар ишлаб чиқаришда 16 фоиз, қурилиш материалларида 12 фоиз, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришда 11 фоизни ташкил қилиб, юқори суръатларда ўсди.

Жойларда ишлар тўғри йўлга қўйилгани боис 25 та туман ва шаҳарда саноат ҳажми 10 фоиздан кўпайган. Бўзатов, Кегейли, Қўнғирот, Хўжайли, Андижон, Олот, Шофиркон, Ғаллаорол, Китоб, Нишон, Конимех, Чортоқ, Оқдарё, Булунғур, Иштихон, Пахтачи, Олтинсой, Бандихон, Бойсун, Қизириқ, Паркент, Бувайда, Учкўприк туманлари, Каттақўрғон ва Нурафшон шаҳарларида саноат юқори суръатда ўсган.

Шу билан бирга, 34 та туман ва шаҳарда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан пасайган. Айрим тармоқларда, шу жумладан фармацевтика, чарм-пойабзал, тўқимачилик саноатида ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичларининг ўсиш суръати секинлашган.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича янги имконият ва захираларни аниқлаш учун ҳудудларга ишчи гуруҳлари борди.

Мисол учун, Тошлоқда йил якунигача қўшимча 1 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконияти аниқланган. Ишлаб чиқаришни камайтирган 23 та саноат корхонасида қувватларни тиклаш ҳисобига 900 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича  барча ҳисоб-китоблар бор. Тумандаги 22 та янги лойиҳани ишга туширишни тезлаштириш эвазига қўшимча 50 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкони бор.

Яна бир имконият – туманларда саноат кооперациясини кенгайтириб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш. Масалан, “Олмалиқ” комбинати маҳаллий саноат корхоналари билан кооперацияни йўлга қўйиб, полимер, қуйма эҳтиёт қисмлар, кимёвий реагент каби 1 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.

Худди шундай имкониятлар Андижон, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Хоразмда ҳам мавжуд. “Лекин бу борада вилоят ҳокимларининг маҳаллийлаштириш бўйича ёрдамчилари иши мутлақо сезилмаяпти. Уларда на таклиф, на ташаббус бор”, - деди президент.

Мавзуга оид