Россия президенти Владимир Путин Россия қуролларни янги жисмоний тамойиллар асосида ишлаб чиқаётганини айтди. «Хавфсизлик соҳасига назар ташласангиз, янги жисмоний тамойилларга асосланган қуроллар яқин тарихий келажакда ҳар қандай мамлакат хавфсизлигини таъминлайди. Биз буни жуда яхши тушунамиз ва бунинг устида ишлаяпмиз», - деди у 12 сентябр, сешанба куни Владивостокда Шарқий иқтисодий форум модераторлари билан учрашувда сўзлаган нутқида. 

Россия президенти гап қандай қурол ҳақида кетаётганига аниқлик киритмади. ТАСС агентлигининг қайд этишича, янги жисмоний тамойилларга асосланган қуроллар сифат жиҳатидан янги ёки илгари фойдаланилмаган технологиялар ва ишлаш тамойилларини назарда тутади. Ушбу турдаги қуролларга одатда лазер, инфратовуш ва радиочастотали воситалар киради.

2018 йил март ойида Путин Федерал мажлисга мурожаатининг муҳим қисмини янги қуроллар тақдимотига бағишлади. Ўшанда у, хусусан, «Сармат» ракетаси ва «Кинжал» гипертовушли мажмуа, қитъалараро масофали сувости аппаратлари ҳамда «чексиз масофага ва олдиндан айтиб бўлмайдиган парвоз йўлига эга бўлган» ядровий қурилмага эга янги қанотли ракета ҳақида гапирди. Ушбу турдаги қуролларнинг баъзилари аллақачон фойдаланишга топширилган, қолганлари, расмий маълумотларга кўра, ҳали ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Украинадаги уруш ва Киев билан музокаралар 

Украинага қарши уруш ва Киев билан эҳтимолий тинчлик музокаралари масаласига тўхталган Путин, агар Қўшма Штатлар Украина музокараларга тайёр деб ҳисобласа, у ҳолда Киевдан Украина президенти Володимир Зеленскийнинг музокараларни тақиқловчи фармонини бекор қилишга эришиши кераклигини айтди. Гап 2022 йилнинг кузида имзоланган Россиянинг Украина ҳудудларини аннексия қилишига жавобан қабул қилинган Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши қарорини амалга ошириш тўғрисидаги фармон ҳақида кетмоқда. Унда Россиянинг амалдаги президенти билан музокаралар олиб бориш мумкин эмаслиги айтилган. 

Путиннинг сўзларига кўра, Украина қарши ҳужумни «амалга оширишга» уринаётган бир пайтда, Россия жангларни тўхтата олмайди. 

Президент ўз нутқида Украинага қарши урушни танқид қилган россиялик релокантларни «ватанпарвар бўлиб қоладими ёки Россия мухолифлари манфаатларини кўзлаб ҳаракат қиладими», шу ҳақда бир қарорга келишга чақирди. «Ушбу чегара бундай баёнотлар билан чиққан одамларнинг виждонига ҳавола. Одатда, бу одамларнинг ўз бизнеси ва мол-мулкини сақлаб қолиш истаги билан боғлиқ, айниқса, бу одамлар кўчиб кетган ва ҳаётларини бошқа мамлакат билан боғлашга қарор қилган бўлса», - деди у.