Ўзбекистон | 11:40 / 14.09.2023
6653
2 дақиқада ўқилади

ДХХ қарийб 15,5 кг гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний айланмасига чек қўйди

Ҳозирда ҳолатлар юзасидан Давлат хавфсизлик хизматининг жойлардаги тергов бўлимлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилган. 

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан қарийб 15,5 кг гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ хабар бермоқда.

Давлат хавфсизлик хизматининг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Тожикистоннинг Сўғд вилояти Панжикент туманида яшовчи Тожикистон фуқароси Жиззах вилоятининг Бахмал туманида яшовчи 2 нафар таниши билан ўзаро тил бириктириб, Тожикистондан контрабанда йўли билан келтирилган 9 кг 530 гр “опий” моддасини 55 минг АҚШ долларига сотган вақтларида ушланди.

ДХХ ходимлари томонидан вилоят ИИБ билан ҳамкорликда Зомин туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса 3 нафар Тожикистон фуқаролари ушланиб, улардан 2 кг 986 гр. «гашиш» моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Тезкор тадбир давом эттирилиб, уларни Даштобод шаҳарчасидаги умумий овқатланиш масканида кутиб турган яна бир Тожикистон фуқароси ушланди. Аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситаси ҳам Тожикистондан олиб келинган.

ДХХ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона ва ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Бухоро-Қашқадарё йўналишида ҳаракатланаётган, Бухоро шаҳрида яшовчи шахс бошқарувидаги «Матиз» русумли автомашина Муборак туманидаги «Ширинбулоқ» ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Автомашинада у билан бирга келаётган ҳамшаҳарининг ёнида 973 гр «героин» моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида, Бухоро вилоятининг Когон туманидаги дала майдонига 1 кг 968 гр «героин» моддаси кўмиб қўйилганлиги аниқланиб, ушбу гиёҳвандлик воситаси ҳам процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан Давлат хавфсизлик хизматининг жойлардаги тергов бўлимлари томонидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246- ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид