Ўзбекистон | 09:50 / 15.09.2023
8055
2 дақиқада ўқилади

9,5 мингга яқин маҳалланинг 1,5 мингдан зиёдида криминоген вазият мураккаблигича қолмоқда - вазир

Таҳлиллар маҳалладаги жиноятчиликнинг илдизи кўпинча ижтимоий муаммоларга бориб тақалишини кўрсатган.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов мамлакат аҳолисига мурожаат билан чиқди. Мурожаат матни “Янги Ўзбекистон” нашрида эълон қилинган.

Мурожаатда маълум қилинишича, тўққиз ярим мингга яқин маҳалланинг 1,5 мингдан зиёдида криминоген вазият мураккаблигича қолмоқда. Таҳлиллар маҳалладаги жиноятчиликнинг илдизи кўпинча ижтимоий муаммоларга бориб тақалишини кўрсатган.

Қайд этилишича, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича “ижтимоий профилактика” тизимини тўғри йўлга қўйиш орқали профилактика инспектори, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаолидан иборат “маҳалла бешлиги” ҳамкорлиги янада кучайтирилади. Маҳалланинг ўзида ўсмирлар, ёшлар ва аёллар ўртасидаги жиноятчиликни кескин камайтириш ҳамда муаммоли фуқаролар билан ишлашни кучайтирган ҳолда криминоген вазиятни барқарорлаштириш чоралари кўрилади.

Бундан буён асосий эътибор содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларни илмий ёндашув асосида ўрганиш, уларнинг асл сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш масаласига қаратилади. 

Эндиликда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини жалб этиб, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда “намунали ҳудуд методикаси” яратилади. Мазкур ёндашув орқали келгусида ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг асл сабаблари аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилади.

Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва уларнинг вилоят бошқармалари раҳбар ходимлари, Бош прокурор ўринбосарлари, бошқарма бошлиқлари ва вилоят прокурорлари энг оғир маҳаллаларга бириктирилган ҳолда уларни “жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш” саъй-ҳаракатлари фаоллик билан амалга оширилади. 

Бунда, ҳар бир раҳбар жойларга чиқиб “маҳалла бешлиги” фаолияти билан шахсан танишади, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳамда криминоген вазиятга таъсир кўрсатувчи омилларни муҳокама қилади, муаммоларни ўрганиб, уларни бартараф этиш бўйича манзилли чора-тадбирларни белгилайди ва назоратини ўрнатади.

Мавзуга оид