Жаҳон | 08:23 / 15.09.2023
7383
2 дақиқада ўқилади

Россия ва Туркия ўртасидаги келишмовчилик газ ҳабини яратишга тўсқинлик қилмоқда

Анқара ва Москва Россия газини Европага етказиб бериш бўйича Туркиядаги марказни ким бошқариши кераклиги борасида баҳслашмоқда, деб хабар берди Reuters.

Фото: РИА Новости

Москва ва Анқара ўртасида қайси томон бошқариши борасидаги келишмовчиликлар туфайли Туркияда газ ҳабини яратиш кечиктирилди. Бу ҳақда 14 сентябр, пайшанба куни Reuters вазиятдан хабардор икки манбага таяниб хабар берди

«Бошқарув билан боғлиқ муаммолар бор, улар марказни ким бошқариши кераклиги устида курашмоқда», деди анонимлик шарти билан агентлик суҳбатдоши. «Газпром»га яқин яна бир манба раҳбарият билан боғлиқ «муаммо» борлигини тан олди. «Газпром» ва Туркия Энергетика вазирлиги вакиллари Reuters агентлигининг изоҳ сўрашига жавоб бермади. 

Туркия ҳудудидаги газ ҳаби лойиҳаси 

Россия президенти Владимир Путин 2022 йил октябр ойида Россия ёнилғисини Европага етказиб бериш учун Туркияда газ марказини яратишни таклиф қилди. Унинг фикрича, бу Болтиқ денгизида портлаган «Шимолий оқим» газ қувурлари орқали йўқолган транзит ҳажмини қоплаш имконини беради. 

4 сентябр куни Сочида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг Путин «Газпром» Туркиянинг Botas компаниясига лойиҳани амалга ошириш бўйича йўл харитаси лойиҳасини топширганини маълум қилди. Бироқ, унинг сўзларига кўра, ҳали ҳам қўшма ишчи гуруҳ тузиш, ҳаб фаолиятининг ҳуқуқий асослари ҳамда «сотиб олинган газни сотиш ва ўтказиш схемаларини» келишиш зарур. 

Европа Иттифоқи Россияга қарши санкциялар бузилишидан хавотирда 

Европа Иттифоқи Россия ва Туркиянинг режаларини танқид қилмоқда. Баъзи Европа давлатлари Туркия ҳаби ёрдамида Россия ўз таъминотини бошқа мамлакатлардан келадиган ёнилғи билан аралаштириб, Украинадаги уруш туфайли жорий этилган ЕИ санкцияларини четлаб ўтишидан хавотирда, деб таъкидлайди Reuters. 

Мавзуга оид