“Марказий Осиё давлатларининг умумий позицияси шаклланиши керак” — экспертлар билан суҳбат
Душанбеда ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари қандай мавзуларни қамраб олди? Илҳом Алиевнинг бу учрашувда иштирокига сабаб нима? “Маслаҳатлашув” формати амалда институтлаша оладими? Толиблар қураётган Қўштепа канали МО давлатларига қанақа таъсир қиляпти? “Геосиёсат”нинг ушбу сонида шу каби масалалар муҳокама қилинди.
Ўтган ҳафта охирида Душанбеда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Kun.uz минтақамиз учун муҳим сиёсий анжуман ҳақида сўз юритиш учун “Геосиёсат” дастурига “Билим карвони” маркази сиёсий таҳлилчилари Фарҳод Толипов ва Наргиза Умаровани таклиф этди.
— Марказий Осиё давлатларининг маслаҳатлашув кенгаши бўлиб ўтганидан хабарингиз бор. Эксперт сифатида сизлар кутган ва кутмаган янгиликлар нималар бўлди?
Фарҳод Толипов: Саммит натижасиз бўлгани йўқ, музокаралар бўлди, ҳужжатлар қабул қилинди. Лекин мен кутганчалик натижалар бўлмади. Балки, ҳали янгиликларни эшитармиз. Қўшма баёнот қабул қилинган, аммо ҳали матни эълон қилинганича йўқ. Яхши баёнотлар чиқиб қолар деб умид қиламиз.
Саммит арафасида мақолалар, мурожаатлар орқали ўз фикрларимизни раҳбарларга етказишга ҳаракат қилдик. Айрим таклифларимизга эътибор қаратилди. Бу маслаҳатлашув кенгаши бошқаларидан фарқли равишда бешинчиси, яъни барча 5 та давлатда бир мартадан бўлиб, битта цикл ортда қолди, шунинг учун бир неча ой балки унда оламшумул баёнотлар, келишувлар бўлар, деб муҳокама қилдик. Олдинги маслаҳатлашув учрашувларида бунчалик кутишлар, рамзий маъно беришлар бўлмаганди. Дунёдаги геосиёсий жараёнлар ҳам Марказий Осиё давлатларининг янада жипслашувини талаб қилаётган эди. Лекин бу жараён жуда секин кетяпти. Худди минали майдонда юргандай секин, эҳтиёткорона бўляпти.
Биз кутганимиз: институтлашган органларни яратиш вақти келганди. 90-йиллар бошида бундай амалиёт бўлган, тажрибамиз, синовимиз бор. Умуман, институтлашган органлар бўлмагани учун жараён ҳам секин кетяпти.
Наргиза Умарова: Аксарият экспертлар бу саммит алоҳида аҳамият касб этиши, кейинги институтлашган босқичга ўтиш ҳақида гапирган эди. Кутилганчалик бўлмади, лекин бу нарса ҳақида ўйлангани йўқ деёлмайман. Барча давлат раҳбарлари барибир шу йўлда биргаликда давом этишни билдиришди. Масалан, Қозоғистон президенти кейинги ҳамкорликни институтлашган даражага олиб чиқишимиз керак, деди. Шавкат Мирзиёев ҳам шу позицияни илгари сурди. Қолган президентлар ҳам турли ифодалар орқали буни билдирди.
Мен учун кутилмаган ҳолат Озарбойжон президентининг иштироки бўлди. Чунки барибир экспертлар наздида беш давлат учрашуви эди бу. Озарбойжон билан учрашувлар бошқа форматда бўлгани яхши эди. Чунки бу 5 давлат алоҳида бир оиладек гап. Озарбойжон томони билан асосан транспорт логистика ва савдо-иқтисодий масалалар кўтарилди. Бу жараён шундоқ ҳам кетаётганди. Лекин рамзий маъно касб этгандек бўлди бу саммитга келиб муҳокамаларда қатнашиши.
Умуман, саммитда Марказий Осиёда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш кайфияти кўриниб турди. Шавкат Мирзиёев 5 йиллик келишувларнинг ижросини ҳам назорат қилиш ҳақида гапирди. Чунки баъзи соҳаларда шунчаки келишув, декларация ҳолида қолиб кетяпти, амалда бўлмаяпти.
— 15 сентябрда Оролни қутқариш жамғармаси таъсисчилари учрашув ўтказди. Шавкат Мирзиёев Қўштепа канали ҳақида гапирди. Марказий Осиё давлатлари Қўштепа канали борасида якдил қарорга кела оладими?
Фарҳод Толипов: Шавкат Мирзиёевнинг бу масалани кўтаришини дадил қадам деб қабул қилдим. Чунки шу пайтгача юқори даражада кўтарилмаган эди бу масала. Масалани қай тарзда гапиргани ҳам муҳим. Ўтган ойда Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон президентлари учрашганда Қўштепа канали ҳам муҳокама қилингандир, деб тахмин қилган эдик суҳбатларда. Душанбедаги саммитга ўша учрашув орқали тайёрланиб келгандек кўринди.
Баёнотда минтақада сув масалаларида янги иштирокчи пайдо бўлди, ҳужжатлар орқали мувофиқлаштирмаган эдик, Афғонистон билан мулоқотга киришиш керак, деган фикр айтилди. Шундай юқори даражада айтилган экан, энди кун тартибидан тушмайди бу масала.
Нормуҳаммад Али Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
23:12 / 19.11.2024
Исроилнинг кейинги нишони Туркиями?
17:22 / 19.11.2024
«Марказий Осиё – Хитой» қувури орқали 14 йилда етказилган табиий газ миқдори маълум қилинди
10:05 / 17.11.2024