Компания ахборотига кўра, қурилиш ишларига 46 та йўл-қурилиш техникаси ва 70 дан ортиқ ходим жалб этилган.

Лойиҳа доирасида 203 км масофада релс-шпал панжараларини йиғиш кўзда тутилган бўлиб, ҳозир 100 км масофада бу ишлар якунланган. Режадаги 9,5 млн куб тупроқ ишларининг 1,4 млн куби (15 фоиз) бажариб бўлинган.

Дарвоза–Мақтаорол темирйўли Ўзбекистон ва Қозоғистонни яқинлаштиришдан ташқари, Туркистон вилоятининг икки олис тумани – Мақтаорол ва Жетисойни Қозоғистоннинг бошқа қисмлари билан боғлайди.

Фото: Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати

Қиймати 286 млрд тенге (545,8 млн доллар) бўлган лойиҳани “Қозоғистон темир йўллари” (“Самрук-Хазина”нинг портфел компанияси) амалга оширмоқда.

Қурилиши 2023 йилда бошланган лойиҳа доирасида 9 та темирйўл станцияси ҳамда Қозоғистон–Ўзбекистон чегарасида янги ўтказиш пункти очилиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг сўнгги кунларида «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темирйўли қурилишига старт берилганди.