Kun.uz Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳ собиқ раиси, Корея Республикасининг Женева шаҳридаги БМТ бўлими ва бошқа халқаро ташкилотлардаги собиқ элчиси Ли Таеҳо билан интервю ташкил этди. 

Суҳбат давомида жаноб Ли Таеҳо ЖСТга аъзо бўлиш талаблари, Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши бўйича олиб борилаётган музокараларнинг бугунги ҳолати, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги муносабатлар ва бошқа кўплаб масалалар ҳақида тўхталиб ўтди. 

— Жаноб элчи, авваламбор суҳбатга розилик берганингиз учун катта раҳмат. Биламизки, сиз Жаҳон савдо ташкилоти, унинг ишлаш механизмлари борасида катта билим ва тажрибага эгасиз. Сиз мамлакатингизнинг ташкилотдаги дипломатик миссиясини икки йил давомида бошқаргансиз ва ташқи ишлар вазирлиги тизимида юқори лавозимларда ишлагансиз. 

Бундан ташқари, бир муддат олдин Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича тузилган ишчи гуруҳга раҳбарлик қилгансиз ва бу борадаги жараёндан тўла хабардорсиз. 

Шундан келиб чиқиб сўрамоқчи бўлган биринчи саволим ЖСТга аъзоликнинг аҳамияти ҳақида. Ўзбекистон айни дамда олиб бораётган кенг кўламли ўзгаришлар шароитида ташкилотга аъзо бўлиши уни ЖСТ қолипига солиб қўймайдими? 

— Савол учун раҳмат. Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш учун 1994 йилда ариза топширган, яъни ташкилот расман иш бошлашидан бир йил олдин. Бироқ кейин бу борадаги ҳаракатлар сустлашиб кетди ва яқин-яқингача ҳеч қандай фаоллик кузатилмади. Сўнгги йилларда эса ҳукуматингиз бу ишга яна қизғин киришди ва биз буни, албатта, қўллаб-қувватлаймиз. 

Маълумки, бугунги глобал дунёда барча давлатлар бир-бири билан савдо-сотиқ алоқалари сабаб узвий боғлиқ. Ўзбекистон ҳам ушбу занжирнинг бир қисми, гарчи у ЖСТга аъзо бўлмаса ҳам. 

Ли Таеҳо 

ЖСТ ташкил этилганда унга 76 давлат аъзо эди, ҳозирда уларнинг сони 164 тага етган. Аъзо давлатлар сони бундай тез суръатларда ўсиши, ташкилот аҳамияти қай даражада юқори эканини кўрсатади. Ўзбекистон ҳозирча ташкилот таркибида эмас, лекин унга қўшилиш учун фаол ҳаракат қилмоқда. 

Юқорида айтганимдек, барча давлатлар бир-бири билан узвий боғланган бўлиб, савдо муносабатларини тартибга солиш ва бошқариш учун уларга маълум қоидалар тўплами керак бўлади ва бу қоидалар ЖСТ томонидан ишлаб чиқилади ҳамда назорат қилинади. Қоидаларга асосланган халқаро савдо тизими жуда муҳим ва ЖСТ бу тизимнинг марказида. Шунинг учун Ўзбекистон имкон қадар тезроқ ташкилотга аъзо бўлиши керак, деб ўйлайман.