22:16 / 20.09.2023
8921

Италия Қирғизистондан 100 нафар чўпон ёллайди – ОАВ 

Мамлакат қишлоқ хўжалигида ишчи кучининг етишмаслиги кузатилмоқда. 

Фото: Getty Images

Италиялик фермерлар Сардиния оролидаги қишлоқ хўжалиги анъаналарининг йўқолишига қарши курашиш учун Қирғизистондаги ҳамкасбларига мурожаат қилди, деб ёзди Financial Times. 

Италиянинг Coldiretti компанияси қишлоқ хўжалиги ходимлари етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш учун эчки ва қўй сутидан пишлоқ тайёрлаш ва йилқичилик каби мутахассисликка эга малакали чўпонларни ёллаш мақсадида деярли 10 минг км узоқликдаги Қирғизистонга мурожаат қилди. 

Coldiretti 18 сентябр куни Қирғизистон Меҳнат вазирлиги билан маҳаллий чўпонлар ва уларнинг оилаларига Сардиниянинг ташландиқ ҳудудларида махсус меҳнат шартномалари бўйича ишлашга рухсат бериш тўғрисида шартнома имзолаганини эълон қилди. 

Сардиния ороли гўшт ва сут маҳсулотлари етиштириш ва пляж курортлари билан машҳур. Бироқ унинг иқтисодиёти зарар кўрмоқда, чунки одамлар, асосан ёшлар ички ҳудудларни тарк этиб, юқори даромадли иш излаб, материкка кўчиб кетмоқда. 

Қайд қилинишича, шунга ўхшаш лойиҳа аллақачон Италия шимолида амалга ошириляпти. Жумладан, сўнгги 40 йил ичида Ҳиндистоннинг Панжоб вилоятидан келган 10 мингга яқин сикх мигрантлари Италиянинг шимолий ҳудудларига жойлашган ва маҳаллий сут чорвачилигида, жумладан Пармезан пишлоғини ишлаб чиқаришда иштирок этмоқда. 

Янги лойиҳа қишлоқ хўжалигида тажрибага эга 18 ёшдан 45 ёшгача бўлган 100 нафар Қирғизистон фуқаросини Сассари, Барбажи ва Саррабус қишлоқларига кўчиб ўтишга жалб этишни мақсад қилган. Уларнинг визаси дастлаб вақтинчалик бўлади, лекин улар ўқув ва амалиёт дастурларини тугатгандан сўнг, доимийга айланади. 

«Лойиҳа аҳолининг қариши ва туғилиш даражасининг пасайиши, оқибатда қишлоқларнинг ҳувиллаб қолиши билан курашишга қаратилган», деди Coldiretti компанияси раҳбари. Бу ҳудудларга узоқ муддатда «минглаб хорижликлар» кўчиб ўтиши мумкинлиги айтилмоқда. 

Компания маълумотларига кўра, Италия қишлоқ хўжалигида 164 та мамлакатдан келган 360 мингга яқин мигрант қонуний ишламоқда. Шу жумладан мавсумий ишчилар бу секторда ишчи кучининг тўртдан бир қисмини ташкил қилади. 

USAID маълумотларига кўра, Қирғизистонда ишчи кучининг қарийб 40 фоизи қишлоқ хўжалигида меҳнат қилади ва ялпи ички маҳсулотнинг 20 фоизини таъминлайди. Қишлоқ хўжалигидаги аксарият фаолият кичик оилавий фермер хўжаликлари томонидан амалга оширилади.

Top