Жаҳон | 08:48 / 23.09.2023
4710
3 дақиқада ўқилади

БМТ Беларусда инсон ҳуқуқларининг оммавий равишда бузилиши ҳақида маълум қилди

БМТда Беларусда инсон ҳуқуқлари аҳволи ҳақидаги ҳисобот тингланди. Ҳисобот муаллифлари фуқаролик жамиятига қарши тизимли репрессиялар, минглаб одамларнинг ўзбошимчалик билан қўлга олиниши, Беларус қамоқхоналаридаги қийноқлар ва ўлим ҳолатларини қайд этган.

Фото: Sean Gallup / Getty Images

22 сентябр, жума куни Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 54-сессиясида Беларусдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият бўйича янгиланган ҳисобот тингланди. Ҳисобот муаллифлари фуқаролик жамиятига тизимли босим, минглаб одамларнинг сохта айбловлар билан қўлга олиниши, Беларус қамоқхоналарида қийноқлар ва ўлим ҳолатларини қайд этган.

Ҳужжатни тақдим этган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг ўринбосари Нада Ал-Нашиф Беларус ҳукумати мухолифат фаоллари, журналистлар ва маданият арбобларига қарши бошлаган «зўравонлик ва репрессия кампаниясини» қайд этди. Ал-Нашифнинг сўзларига кўра, 2020 йилдан бери Беларусда «қонуний тартиб-қоидалар ва адолатли судлов ҳуқуқи эътибордан четда қолган» суд жараёнлари натижасида 3750 дан ортиқ киши қамалган.

БМТ Беларус фуқаролиги қонунчилигига киритилган ўзгаришларни танқид қилди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, бундан ташқари, Беларус қонунчилигидаги сўнгги ўзгаришларни танқид қилди, у мамлакат ҳукуматига «экстремизм» учун судланган беларусларни, шунингдек, мамлакат ташқарисида яшовчиларни Беларус фуқаролигидан маҳрум қилишга имкон беради. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таъкидлашича, бундай қонунчилик янгиликлари «фуқаролиги бўлмаган шахслар учун хавф» ва «суиистеъмол қилиш учун катта жой» яратади.

Кенгаш, шунингдек, давлатларни инсон ҳуқуқларини бузганлар учун жавобгарликни таъминлаш учун универсал юрисдикцияга тегишли ишларни текширишга чақирди.

Тихановскаянинг маслаҳатчиси: Беларусда инсон ҳуқуқлари бузилиши - жаҳон ҳамжамияти диққат марказида 

Учрашувда Беларус мухолифати етакчиси Светлана Тихановскаянинг юридик маслаҳатчиси Кристина Рихтер иштирок этди ва шундай деди: «Бундай тингловлар 2020 йилдан бери Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг деярли ҳар бир сессиясида ўтказиб келинмоқда. У беларусликлар учун бу масала долзарб эканлигини англатади. Беларусдаги инсон ҳуқуқлари ва уларнинг режим томонидан бузилиши халқаро ҳамжамият ва БМТнинг диққат марказида бўлиб қолмоқда». 

Шу билан бирга, Беларус ҳукуматининг БМТ Женевадаги ваколатхонаси доимий вакили Лариса Белская ҳисоботни танқид қилиб, БМТ хулосалари «нохолис», «ишончсиз манбалардан олинган маълумотларга асосланган» ҳамда ғарб давлатларининг Беларусга қарши кампанияси бўйича «дезинформация ва туҳмат»нинг бир қисми эканлигини айтди.

Мавзуга оид