Ўзбекистон | 19:44 / 25.09.2023
11080
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон темирйўллари»нинг носоҳавий активларда иштироки қатъий тақиқланади

«Ўзбекистон темирйўллари»ни ҳолдингга айлантириш бўйича таклиф маъқулланди. Унинг носоҳавий активларини сотиш ёки бошқа тармоқларга ўтказиш, сотишдан тушган маблағларни темирйўл инфратузилмасини яхшилашга йўналтириш вазифаси қўйилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев темирйўл соҳасини ислоҳ қилиш бўйича йиғилишда соҳа олдида турган устувор вазифаларни белгилаб берди.

«Ўзбекистон темирйўллари»ни ҳолдингга айлантириб, тизимда замонавий бошқарувни жорий қилиш, жумладан, инфратузилма, юк вагонлари ва логистика, йўловчи ташиш хизматлари ҳамда вокзаллар бошқарувини бир-биридан ажратиб, алоҳида корхоналар ташкил қилиш бўйича билдирилган таклифлар маъқулланди.

Вагонлар паркини янгилашга мўлжалланган кредит ва компенсация ажратиш механизмларини жорий қилиш вазифаси қўйилди.

Мутасаддиларга темирйўл станциялари ва улар атрофидаги бўш майдонлардан унумли фойдаланиб, комплекс логистика хизматлари ҳамда йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларини шакллантириш топширилди.

Соҳада IT аудитини ўтказиб, малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда «Ягона дарча» ахборот тизимини яратиш зарурлиги қайд этилди. Бунда, юк ташиш ҳужжатларини электрон расмийлаштириш, вагонларга GPS ўрнатиш ва онлайн омбор ахборот тизими йўлга қўйилиши лозим.

«Ўзбекистон темирйўллари»нинг носоҳавий активларини сотиш ёки бошқа тармоқларга ўтказиш, сотишдан тушган маблағларни темирйўл инфратузилмасини яхшилашга йўналтириш вазифаси қўйилди. Эндиликда «ЎТЙ»нинг носоҳавий активларда иштироки қатъий тақиқланади. 

Шунингдек, мутасаддиларга барча темирйўл кесишмаларини хатловдан ўтказиш ва тартибга солишга топшириқ берилди.

Белгиланган чора-тадбирлар ижроси бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиб, унинг амалга оширилиши юзасидан Президентга мунтазам ахборот киритиб бориш вазифаси қўйилди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид