Президент Шавкат Мирзиёев 8 сентябр куни таълим тизимини ислоҳ қилиш масалаларига оид тақдимот билан танишди.

Тақдимотда иқтидорли болаларга ихтисослашган билим бериш, ёшларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш борасидаги режалар ва уларни амалга ошириш чора-тадбирлари баён қилинди.

Қайд қилинишича, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларнинг иқтидори ва интилишини юзага чиқариш бўйича ягона вертикал тизим жорий этилади. Шу мақсадда «Баркамол авлод» болалар мактаби, Республика ўқувчи-ёшлар маркази ҳамда «Ëшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамияти негизида «Келажак» марказлари ташкил этилади. Ўқувчиларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий қилинади.

Боғчалар қамровини ошириш мақсадида ҳар йили 20 минг ўрин очиш режалаштирилган. Бунинг учун янги кўп қаватли уйлар қурилишида улардаги аҳоли сонига мутаносиб мактабгача таълим ташкилоти ҳам бўлиши назарда тутилади. Боғчаларда ишлаётган ўрта махсус маълумотли мутахассислар учун дуал таълим ва малака ошириш тизими жорий этилади.

Мактабгача таълим қамрови 80 фоиздан паст бўлган туман ва шаҳарларда хусусий сектор иштироки қўллаб-қувватланади. Хусусан, боғча ва мактабларнинг бўш майдонларида давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилоти қуришга рухсат этилади. Тадбиркорларга фаолиятни ўзгартирмаслик шарти билан ер участкалари бепул берилади ҳамда 7 йилгача бўлган имтиёзли кредит ажратилади.

2026-2028 йилларда республиканинг 14 та ҳудудида Болаларни ривожлантириш инновацион марказини ўз ичига олган «Янги авлод» мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи ташкил этилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида 14 та ҳудудда муҳандислик мактаблари ташкил этилади. Ушбу мактабларга болалар имтиҳон асосида саралаб олинади ва давлат бюджети ҳисобидан ўқитилади. Уларда «Янги Ўзбекистон» университети ва Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб тажрибаси асосида муҳандислик таълим дастури жорий қилинади. Ўқув жараёни 5 йиллик дастур асосида STEM модели бўйича ташкил этилади.

2026 йилдан бошлаб, ҳар йили умумтаълим мактаблари ўртасида президент соврини учун «Илғор муҳандислик мактаби» миллий танлови ўтказилади.

Шунингдек, табиий фанларни ўқитишни яхшилаш мақсадида барча ҳудудларда ихтисослаштирилган мактаблар ташкил қилинади. Тошкент шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги мактаб бу йўналишда таянч мактаб сифатида хизмат қилади.