Расмий статистикага кўра, 2023 йилнинг дастлабки 7 ойида содир бўлган ЙТҲлар натижасида 1115 киши вафот этган, 4,5 мингдан ортиқ киши жароҳатланган. Афсуски, ҳалок бўлганлар орасида пиёдалар сони ҳам салмоқли – 400 кишидан ортади.
Kun.uz жамиятимиз учун долзарб бўлиб турган ушбу масала юзасидан масъуллар билан суҳбат уюштирди.
Носиржон Зокиров, эксперт:
— Ўзбекистонда пиёдалар учун пиёдалар ўтиш жойларидан ўтиш белгиланмаган жойлардан ўтишга қараганда хавфлироқ. Чунки пиёдалар ўтиш жойлари яхши ташкил қилинмаган.
Яқинда ўзимиз ҳам кўрдик: Тошкентнинг ўзида бир неча ҳолатда пиёдаларни машина уриб кетди ва улар ўлим билан тугади. Масалан, Зулфияхоним кўчасида 2022 йил декабр ойида ЙТҲ содир бўлди. Боласи билан йўлдан ўтаётган аёлни ҳайдовчи машинада уриб кетди. Аёл комага тушди, боласи омон қолди. Шу ЙТҲ бўйича чиқиш қилдим. Кейин Тошкент шаҳар ЙҲХБ менга алоқага чиқиб, менга ўша ердаги пиёдалар ўтиш жойини билдирувчи белгини тўғрилаб қўйилганини кўрсатишди. Белги жуда паст жойлашган эди, ҳайдовчида ўша белгини кўришнинг умуман иложи бўлмаган. Мен уни оқлаётганим йўқ, у ерда бир қанча белгилар уни орасида тўсилиб ҳам қолган. Чап томонда хавфсизлик оролчаси йўқ. Шундай хавфли жойда, албатта йўлни ўртасида хавфсизлик оролчаси қилиш керак, ҳайдовчи ўнгдаги белгини кўрмаса, чапдагисини кўриши керак.

Бу борада бир таклиф бор, масъуллар эшитишади, лекин қилишмайди,. ЙТҲ бўлган вақтда масъуллар белгилар ўрнатилган, деб чиқади. Тўғри, 5.16.1 белгилари ўрнатилган ва улар бевосита пиёдалар ўтиш жойи олдига ўрнатилган. Лекин ҳайдовчилар учун “1.20 – Пиёдалар ўтиш жойи” огоҳлантирувчи белгиси камдан кам ҳолатда қўйилади. У белгини кўрганидан кейин ҳайдовчи тезликни пасайтириб, ҳушёрликни оширади ва яқин орада пиёдалар ўтиш жойи борлигидан огоҳ бўлади.

Бу белги нафақат ўнг томонга, агар ажратувчи бўлак бўлса чап томонга ҳам ўрнатилиши керак бўлган белги. Лекин Тошкентда йўлнинг чап томонига ўрнатилгани 10 та ҳам чиқмайди. Шуни гапирсангиз, [масъуллар]: “Йўқ, давлат стандарти бўйича пиёдалар ўтиш жойига яқинлашув кўриниш 150 метрдан кам бўлса, бу белги ўрнатилмайди” дейди. Аслида, бу белгини ортиқча қўйиб қўйса ёки ноўрин қўйса ҳам ҳеч қандай ҳуқуқий оқибат йўқ. ҳайдовчига олдин икки томонлама белгиларни қўямиз, кўриб тезликни пасайтиради. Шароит яратиш шунақа бўлади. Ҳозир пиёдалар ўтиш жойини бирдан кўриб қолади ёки дарахтни орқасида бўладими у белги…















