Жаҳон | 19:04 / 26.09.2023
25298
12 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Украина қарши ҳужумдан иштаҳасини тийди, аммо денгизда устунлик қилмоқда

Украина қуролли кучларининг олға силжиши деярли тўхтаб қолди, яқин ойлардаги вазифа Токмак шаҳрини эгаллаш бўлиб турибди. Бахмут остонасида оғир жанглар давом этмоқда. Қримдаги Севастопол шаҳри эса Украина ракеталари олдида ожиз қолмоқда, РФнинг Қора денгиздаги устунлиги йўққа чиқарилмоқда.

Украина қуролли кучларининг гранатомётчики. Фото: Володимир Зеленскийнинг Телеграм канали.

Германиянинг Бремен университети қошидаги Шарқий Европани ўрганиш маркази илмий ходими Николай Митрохин Украина фронтида бўлаётган сўнгги воқеаларни таҳлил қилиб чиқди.

Украина ҚКнинг янги (камтарона) мўлжали — Токмакни эгаллаш

Фронтдаги фаоллик даражаси уруш бошланганидан буён энг пасайган давр. Велика Новосилкадан пастроқда жойлашган ва июн ойидан буён тўхтовсиз жанглар кетаётган Вримйив тепалигида ҳам жимлик ҳукмрон. Бунга сабаб Украина қисмларининг ўрин алмашаётгани бўлиши мумкин.

Халқаро нашрларда «ёриб ўтиш» деб аталаётган ягона ҳаракат — Украина қўшинларининг Орихив шаҳри жанубида бир километр олға силжигани бўлди. Бу ерда Новопрокивка ва Вербове орасида, Токмак шаҳрининг шарқий йўналишида Украина ҚК Россия қўшинлари позициялари ўртасида ўзига чуқурроқ «ин» қазмоқда. Украина ҚКнинг «Таврия» оператив-стратегик тузилмаси қўмондони Олександр Тарнавскийга кўра Токмак УҚКнинг «минимал мақсади» бўлиб турибди. Бу ҳолатда у бу йўналишда «душман томоннинг кичик-кичик ва катта зиён етказувчи гуруҳлари тўплами борлиги ва улар айни пайтда жуда аниқ ва ақл билан жойлаштирилгани»ни тан олган.

Украина ҚК аскари. Фото: Володимир Зеленскийнинг Телеграм канали.

Фронт чизиғидан бор-йўғи 20 км нарида жойлашган Токмак бундай сифатда илк бор тилга олинаётгани сабабли уни кенг кўламли ёзги қарши ҳужумнинг сўнгги мақсади сифатида белгилашгани кўриниб турибди. Йил охиригача қолган уч ой ичида унинг эгалланиши қарши ҳужумни оқлаб бериши мумкин бўлган вазифанинг амалга ошиши бўлади. Токмакнинг ягона қиймати — у орқали Днипро соҳилида жойлашган Василивкага элтувчи йўл ва ишламаётган темирйўл борлиги. У ёндош ҳудудлар учун «асосий транспорт бўғини» бўлса ҳам, озод этилганидан сўнг фронт чизиғида приципиал ўзгаришлар рўй бермайди ва жанубдаги чиндан ҳам йирик шаҳарларга Украина ҚКнинг етиб боришига ҳали бор.

Работине атрофида ишлаш ва Тарнавский томонидан тилга олинган режалар навбатдаги «тутунли тўсиқ» ҳам бўлиши мумкин. Россия манбалари маълумотларига кўра, Украина ҚК Нова Каховка қаршисида десант бўлинмаларини тўплаяпти ва Днипро дарёсини иккига бўлувчи Казачий ороли учун жанг олиб бормоқда.

Россия қўшинларини Қрим мудофааси билан андармон қилиш ҳам умумий режага кириши мумкин — Украина ҚК ўтган ҳафта ичида уч бор Тарханкут яриморолига тушишга ҳаракат қилган.

Россия қўшинининг фронт орти ҳудудлари HIMARS ва бошқа узоқ масофани урувчи қуроллар томонидан мунтазам ўққа тутилиши давом этмоқда. Украина манбаларига кўра, 21 сентябр куни «Мелитополдаги маҳаллий мотор заводида россияликларнинг махфий базаси» йўқ қилинган. УХХ маълумотларига кўра, ракета зарбасидан сўнг Запорижжя йўналишида жангларга раҳбарлик қилаётган РФ 58-армияси қўмондони ва штаб бошлиғи яраланган. Ҳозирча бу ахборот тасдиқланмаган. 24 сентябр куни Токмакка HIMARS’нинг учта пакети, яъни 36 та ракетаси етиб борган. Бу зарбаларнинг натижаси ҳам маълум эмас.

Умумий жимлик фонида Бахмут жанубида оғир жанглар давом этаётгани хабар қилинмоқда (лекин бу украинларга силжиш имконини бермаган).

Севастопол зарба остида, Украина денгизда устунлик қилмоқда

Украина ҚК ҳарбий ҳаракатларнинг Қора денгиз театрида кўпроқ муваффақият қозонмоқда. Бу ерда Россия ҲҲМ/РҲМ тизимларини босқичма-босқич йўқ қилиш ҳамда пайдо бўлган имкониятдан муваффақиятни ривожлантириш режаси кўзга ташланмоқда.

Сўнгги ой ичида Россиянинг Тарханкут бурни ва Евпаторияда жойлаштирилган C-400 мажмуалари, Россиянинг Херсон области осмонини кузатувчи тизимлари, Қора денгиздаги «Бойко миноралари» йўқ қилингач, Украина ҳаво ҳимоясисиз қолган Севастополга ва у ердаги РФ Қора денгиз флоти кемаларига, кўплаб ҳарбий объектлар ва қуруқликдаги аэродромларга бемалол ҳужум уюштиришдек «ширинлик»ка эга бўлиш ва татиб кўриш имкониятини қўлга киритди.

Россия ҳисоботларига қараганда, ҳафта ичида ҳар кунликка айланган Севастополга ҳужумлар битта схема бўйича ўтказилмоқда. Аввалига Украина пилотсиз қурилмалари гуруҳи (21 сентябр куни УҚК бирйўла 75 тасидан фойдаланган) ва алдовчи ракеталари Россия ҲҲМ тизимини зўриқтиради ва С-400 ўрнига жойлаштирилган «Панцир»ларни ўз ракеталарини кам аҳамиятли нишонларга сарфлашга мажбурлайди. Шундан сўнг Украина авиацияси ишга киришади ва Хмелницкий областидаги Староконстантинове аэродроми ёки Украина марказий қисмидаги аэродромлардан кўтарилиб, Севастопол устига ўнлаб Storm Shadow ракеталарини ёғдиради.

Россия ҲҲМ/РҲМ бу кучли ракеталардан бир нечтасини уриб туширишга муваффақ бўлади, лекин қолганлари ўта муҳим нишонларга бориб урилади. Ҳафта ичида бундай нишонлар Севастополнинг Нихимов районидаги РФ Қора денгиз флоти қўмондонлигининг махфий 744-алоқа маркази, бухталарда турган «Голландия» ва «Сухарний» кемалари, Сакидаги аэродром ва учта кетма-кет ракета нишонига айланган Севастополдаги Қора денгиз флоти бош штаби биноси бўлди.

Севастополдаги Қора денгиз флоти штаби биносига етказилган зарар.

Флот штаби — Россиянинг Қора денгизда мавжудлиги рамзидир. Бино вайрон қилинган, Украина томони маълумотларига кўра, бу пайт у ерда флот қўмондонлиги йиғилиши ўтаётган бўлган. Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси раҳбари Кирилл Будановга кўра мажлис қатнашчилари Украина махсус операциялар кучлари томонидан ўтказилган «Қисқичбақа тузоғи» тадбири қурбонларига айланишган: оғир яраланишган, ўлганлар бор. «Яраланганлар орасида Запорижжя йўналишидаги тузилмалар қўмондони генерал-полковник Александр Романчук жуда оғир ҳолатда. Штаб бошлиғи генерал-лейтенант Олег Цеков ҳушсиз ҳолатда», — деган Буданов.

Россиянинг яримрасмий маълумотларига кўра, бўш бинода фақат навбатчилик қисми зарарланган. Бу рост ёки ёлғонлигини бир ойнинг нари берисида Россия провинцияларида олий мартабали денгиз офицерлари дафн маросимларидан келадиган (агар келса) маълумотларга қараб билиб олиш мумкин. Ҳозирча Россия нашрлари бўлиб ўтган ҳодисалар тафсилотларини, жумладан вайрон қилинган бинода ёнғин 5 соат давом этганини ҳам ошкор қилишмаяпти.

Умуман олганда, РФ Қора денгиз флоти йўқ қилиниши ҳарбий масалада Қора денгизда ҳозир ким устунлик қилаётганидан далолат беради. Агар рамзлар эмас, Россия флоти фаоллигига эътибор қаратилса, ёз бошларидаги ҳолатдан ҳам жузъий фарқ кўзга ташланади. Россия кемаларининг гуруҳ бўлиб сувга чиқиши, сувости кемаларидан «Калибр» ракеталари билан Украина ҳудудига зарба бериш ўтмишда қолди. Ёки ишлаб чиқариш ғарбдан келтирилувчи таркибий қисмларга боғлиқ бўлган бу ракеталар тақчил бўлиб қолган, ёки Россия флоти денгиз пилотсиз сузувчи қурилмаларидан чўчимоқда. Бундай дронларнинг айримлари Қрим қирғоқлари яқинида разведка (трансляция) олиб бориш ва зарурият туғилганда зарба бериш учун жанговар навбатчиликка қўйилган.

Бу ёқда ҳали Россия кемаларини Германия ўз ҳарбий денгиз кучлари учун сотиб олган ва кейинги ҳарбий ёрдам пакетида беришни ваъда қилаётган АҚШнинг Remus-100 денгиз дронлари билан учрашув кутиб турибди.

Remus-100 сув остига 100 метргача тушиб тушиб ҳаракат қила олади, демак, уларни кемалар «оддий кўз» билан аниқлай олишмайди. Бундай дронлар кема танасида улкан туйнук пайдо қила олади.

Россия «ҳаво жанги»ни қайта тикламоқда, хатарли «Ланцет»ларни модернизация қилди

Ҳафтанинг яна бир янгилиги Россиянинг фуқаролик нишонлари ва иккиламчи мақсаддаги нишонларга аввалги (қишнинг сўнгидаги каби) кўламларда ҳаводан ҳужум уюштира бошлагани бўлди. Тақрибан икки ҳафтача муқаддам ҳужумлар сони камайганди, ўтган якшанбадан бошлаб яна оша бошлади.

РФ қуролли кучлари ўзи ишлаб чиқарган «Shahed» («Геран») пилотсиз қурилмалардан 20-30 тасини бутун Украина бўйлаб омборлар, саноат объектлари, аввалгидек электр нимстанцияларига зарба беришда ишлатмоқда. Бундан ташқари, айрим тунларда РФ ҚК турли модификациялардаги, самолётдан учирилувчи 20 тагача бўлган Х ракеталаридан фойдаланмоқда. Харкив каби яқинроқдаги мўлжаллар С-300 зенит ракеталаридан нишонга олинмоқда. РФ ҚК юқорида таъкидланганидек, «Калибр»лардан фойдаланишни бас қилган, «Искандер»лардан ҳам жуда кам фойдаланмоқда. Эҳтимол уларнинг захираси тугаган ёки тугашга яқин бўлиши мумкин.

Украина ҲҲМ тизими расмий маълумотларга кўра, «Shahed»ларнинг 3/4 қисмини уриб туширилмоқда. Аслида қанча экани тушунарсиз, чунки фуқаролик объектларига берилган зарба ҳақидаги расмий хабарлар ўрнини «дронларнинг зарбдор қисмлари қулагани» тўғрисидаги янгиликлар эгаллаб олди. Гарчи бу янгиликларда яхшигина зиён кўрган бинолар сурати кўриниб турган эса-да. «Инфратузилма объектларининг талафот кўриши» натижасида 21 сентябр куни Украинанинг 400 дан ортиқ аҳоли пунктида баҳордан бери илк марта электр узатиш узилиб қолган.

Украина учун бошқа бир нохуш ҳол Россиянинг «Ланцет» ўзиучар дронларининг модернизация қилинган партияси фронтга етказилган. Уларнинг учиш масофаси икки баробарга узайган ва энди фронт чизиғидан 70 км наридаги нишонларни ҳам адашмай ура олади. Зарба кучи унчалик юқори бўлмаган, бироқ сони кўп ва ҲҲМ тизими тутиши қийин бўлган «Ланцет»лар ҳарбий техникалар ва транспортларни овлайди. Улар анча вақтдан буён фронтнинг олд чизиғи ва унга яқин ҳудудларда Украина ҚК учун энг нохуш «бошоғриқ» бўлиб келмоқда. Энди улар фронт чизиғидан узоқроқда жойлашган объектларни, масалан аэродромдаги самолётларни ҳам нишонга ололади. Бу ҳолатда Украина пулемётлар билан қуролланган кичик ва мобил ҲҲМ отрядларини тузиши кераклиги тўғрисида масала пайдо бўлган.

«Ланцет» дрони. Фото: Wikipedia / Nickel nitride

Украина учун фронтда яхши янгиликлар ҳам бор. «Коммерсант» нашрига кўра, Хитой 1 сентябрдан бошлаб Россияга йирик дронлар, квадрокоптерлар, тепловизорлар ҳамда улар учун эҳтиёт қисмлар етказиб беришни кескин қисқартирган ва бу билан РФга қарши санкцияларга қўшилган.

Украина ҚК эса, ўз навбатида, «ҳаво уруши»да ўзида мавжуд ресурсларнинг асосий қисмини Россиянинг марказий қисми, айниқса Москвага зарба беришдан олиб, Қримга йўналтирган. Аммо алоҳида ҳужумлар давом эттирилмоқда. Масалан, 20 сентябр куни Сочида ёқилғи резервуари йўқ қилинган. Бу Украина пилотсиз учар қурилмалари учун Россия жанубидаги энг олис нишон бўлди. 24 сентябр куни Украинанинг иккита дрони шаҳар кунини нишонлаётган Курскдаги маъмурий бинога бориб урилган. Бироқ, бу ҳужумларнинг кўлами август ойидагидан анча кам.

Мавзуга оид