Жаҳон | 09:19 / 28.09.2023
3853
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея конституцияга ядровий кучларни кучайтириш сиёсатини киритди

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин буни тарихий воқеа деб атади ва ядровий қуролни жадал модернизация қилишга чақирди.

Фото: Globallookpress

Шимолий Корея ҳукумати КХДР 14-Олий халқ ассамблеясининг тўққизинчи сессиясида мамлакат конституциясида ядровий кучларни кучайтириш сиёсатини расман мустаҳкамлаб қўйди, деб хабар бермоқда Reuters 28 сентябр, пайшанба куни Шимолий Корея давлат ОАВга таяниб.

Конституциянинг моддаларидан бирига тегишли ўзгартиришлар киритилди. Корея марказий ахборот агентлиги (КМАА) ушбу тузатишни «кун тартибидаги асосий масала» деб атади.

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ушбу тузатишларни «тарихий воқеа» деб атади. «Давлатимиз ядро сиёсатини олий қонун билан таъминлашга қаратилган зарур тарихий-сиёсий вазифа аъло даражада бажарилди», – деди у. 

Ким Чен Ин, шунингдек, «стратегик тийиб туришда маълум устунликни сақлаб қолиш учун ядровий қуролни модернизация қилишни тезлаштириш»га чақирди. Бундан ташқари, Ким Чен Ин ўз нутқида КХДРни «АҚШ ва Ғарб гегемонлиги стратегиясига қарши бўлган давлатлар билан бирдамликни мустаҳкамлашда давом этишга» чақирди ҳамда АҚШ, Жанубий Корея ва Япония ўртасидаги уч томонлама ҳамкорликни қоралаб, уни «НАТОнинг Осиё версияси» деб атади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид