Янги интерактив восита дунёдаги ишлатилган ядро ёнилғиси қаерда жойлашгани, қай тарзда сақланаётгани ва қайта ишланаётгани ҳақидаги энг тўлиқ оммавий маълумотларни бир жойга жамлайди.

Маълумотлар АҚШ эмас, балки АЭХАга аъзо давлатлар томонидан «Ишлатилган ядро ёнилғиси ва радиоактив чиқиндилар билан хавфсиз муомала қилиш бўйича қўшма конвенция» доирасида тақдим этилган ҳисоботлар асосида тайёрланган.
Global Spent Nuclear Fuel Inventory Tool деб номланган платформа орқали фойдаланувчилар мамлакатлар, минтақалар ва сақлаш усуллари кесимида ишлатилган ядро ёқилғиси захираларини ўрганиши мумкин.
448 минг тонна ядро ёнилғиси ишлатилган
АЭХА ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирга қадар жаҳон атом реакторларидан тахминан 448 минг тонна оғир металл (ядро ёнилғисидаги уран ва бошқа оғир элементларни ҳисоблашда қўлланадиган ўлчов бирлиги) чиқариб олинган.
Шундан:
322 минг тоннаси ҳозиргача турли омборларда сақланмоқда;
126 минг тоннаси эса қайта ишланган.
Қайта ишлаш жараёни ишлатилган ёнилғидан яна фойдаланиш мумкин бўлган материалларни ажратиб олиш имконини беради. Бу янги уран қазиб олиш эҳтиёжини камайтиради ҳамда якуний кўмишни талаб қиладиган юқори радиоактив чиқиндилар ҳажмини қисқартиради.
Ядро чиқиндилари қандай сақланмоқда?
АЭХА маълумотига кўра, дунёдаги ишлатилган ядро ёнилғисининг:
41 фоизи сувли (нам) сақлаш тизимларида сақланмоқда. Булар, одатда, АЭС ҳудудидаги сув билан тўлдирилган махсус бассейнлар бўлиб, уларда реактордан чиқарилган ёқилғи совитилади ва радиациядан ҳимоя қилинади.














